Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:21

[1] Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор.

[2] Туғилишнинг ҳам, ўлишнинг ҳам ўз вақти бор. Экишнинг ҳам, экилганни ўришнинг ҳам ўз вақти бор.

[3] Ўлдиришнинг ҳам, шифо беришнинг ҳам ўз вақти бор. Бузишнинг ҳам, қуришнинг ҳам ўз вақти бор.

[4] Йиғлашнинг ҳам, кулишнинг ҳам ўз вақти бор. Азанинг ҳам, рақснинг ҳам ўз вақти бор.

[5] Тош отишнинг ҳам, тош йиғишнинг ҳам ўз вақти бор. Бағрига босишнинг ҳам, ундан ўзини тийишнинг ҳам ўз вақти бор.

[6] Қидиришнинг ҳам, йўқотишнинг ҳам ўз вақти бор. Сақлаб қўйишнинг ҳам, ташлаб юборишнинг ҳам ўз вақти бор.

[7] Йиртишнинг ҳам, тикишнинг ҳам ўз вақти бор. Сукут сақлашнинг ҳам, сўзлашнинг ҳам ўз вақти бор.

[8] Яхши кўришнинг ҳам, нафратнинг ҳам ўз вақти бор. Урушнинг ҳам, тинчликнинг ҳам ўз вақти бор.

[9] Шунча меҳнат қилиб инсон қандай фойда топади?

[10] Инсонлар қилиши учун Худо берган мушкул ишни кўрдим.

[11] Худо айтгани бўйича ҳамма нарса ўз вақтида содир бўлади. Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади, лекин Худо бошидан охиригача қилган ишларни инсон тушуна олмайди.

[12] Инсон учун бахтли ҳаёт кечириш, ўз ҳаётидан роҳатланишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ эканлигини тушуниб етдим.

[13] Ҳамма еб, ичиб, ўз қилган меҳнатининг роҳатини кўрсин. Бу Худонинг инъомидир.

[14] Худо қилган ҳар бир иш то абад ўзгармас, бу ишга ҳеч нарса қўшиб бўлмайди, ундан ҳеч нарсани айириб бўлмайди. Худо бу ишларни, ҳамма Мендан қўрқсин, деб қилди.

[15] Ҳозир нима бўлса, олдин ҳам бўлган, келажакда бўладигани ҳозир ҳам бордир. Ўз вақтида Худо ўтмишни яна қайтарар.

[16] Мен яна бу дунёда адолат ҳукм суриши керак бўлган жойда — қозихонада ҳам, тўғрилик ўрнида ҳам эгрилик кўрдим.

[17] Ўзимга: “Яхшини ҳам, ёмонни ҳам Худо ҳукм қилади, чунки Худонинг Ўзи ҳар бир нарсанинг, ҳар бир ишнинг вақтини белгилаган”, дедим.

[18] Мен яна одамзод ҳақида шуни тушундим: “Инсонлар ҳам худди ҳайвонлардай экан. Шуни кўрсатиш учун Худо инсонларни синар экан.”

[19] Ахир, одамлар билан ҳайвонларнинг тақдири бир хил, униси ҳам буниси ҳам ўлади. Инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам Худо жон берган, одамлар ҳайвонлардан устун эмас. Ҳаммаси беҳуда экан.

[20] Ҳамма битта жойга боради, тупроқдан яралганлар тупроққа қайтади.

[21] Инсоннинг руҳи тепага чиқадими, ҳайвонларнинг руҳи пастга — ернинг остига тушадими, ким билади?!

[22] Шунда мен тушундим: инсон учун ўз меҳнатидан роҳат олишдан бошқа яхшироқ нарса йўқ экан, чунки бу унинг тақдири. Инсон ўтиб кетгандан кейин нима бўлишини ким унга кўрсата олади?!

Воиз китоби — Chapters