[1] Ҳеч қачон гапиришга шошилма, қалбингда Худога ваъда беришга ховлиқма. Худо самода, сен эса ердасан, шунинг учун камгап бўлгин.
[2] Ташвиш кўп бўлганда, пуч ниятлар ҳам кўпаяди, Кўп гапирганда, оғиздан аҳмоқона сўзлар чиқади.
[3] Худога назр атаганингдан кейин уни бажаришни орқага сурмагин. У нодонларни ёқтирмайди. Албатта ваъдангда тургин.
[4] Ваъда бериб, уни бажармасликдан кўра, умуман ваъда бермаслик яхшироқдир.
[5] Шундай пайтда тилинг сени гуноҳга етакламасин. Руҳонийга: “Назр атаб, хато қилдим”, деб айтмагин. Шундай деб Худонинг қаҳрини келтирсанг, ўз қўлларинг билан қилган ишларингни Худо бузиб ташлаши мумкин.
[6] Пуч ниятлару кўп гапириш беҳуда оқибатларга олиб боради. Шундай қилиш ўрнига Худодан қўрққин.
[7] Агар камбағалларга зулм қилинаётганини, адолат ва ҳақиқат йўқлигини кўрсанг, ҳайрон бўлмагин, ҳар бир амалдорнинг устидан ундан ҳам каттароғи бор, уларнинг устидан яна ҳам каттароғи бордир.
[8] Ҳаммаси, ҳатто шоҳ ҳам, даланинг ҳосилига кўз тикиб, улуш талаб қилиб олади.
[9] Пулга ружу қўйган ҳеч қачон пулга, бойликни яхши кўрган эса бойликка тўймайди. Бу ҳам беҳудадир.
[10] Буюм, нарсалар кўпайганда, уларни ишлатиб юборадиганлар ҳам кўпаяди. Бойликнинг эгаси фақат ўз бойлигига термулиб қарашдан бошқа яна қандай фойда топади?!
[11] Меҳнаткашлар кам еса ҳам, кўп еса ҳам тинч ухлайди, бойлар эса бойлиги кўплигидан хавотирланиб ухлай олмайди.
[12] Бу дунёда шундай бир қайғули фожиа кўрдим: йиғилган бойлик эгасига зарар келтиради,
[13] яъни ўша бойлик қандайдир омадсизлик туфайли йўқолади. Ўз болаларига қолдириш учун эса бой одамнинг ҳеч нарсаси бўлмайди.
[14] Онадан қандай туғилган бўлса, шундайлигича бу дунёдан кетади, қилган меҳнатларининг меваларидан бирортасини қўлларида олиб кета олмайди.
[15] Бу ҳам қайғули фожиадир: инсон қандай келган бўлса, шундайлигича кетади, шамол учун меҳнат қилиб қандай фойда топади?
[16] Бутун умрини қоронғиликда ўтказади, қайғу–алам, ғазаб ва хасталиклар билан яшайди.
[17] Мана, мен бир нарсани тушундим: инсон учун Худо берган қисқа умри давомида ейиш, ичиш ва бу дунёда қилган ўз меҳнатидан завқланиш яхши экан, чунки бу инсоннинг тақдиридир.
[18] Худо кимга бойлик ва мулк бериб, унга мана шу нарсалардан роҳатланишга имконият ҳам берса, инсонга ўз қилган меҳнатидан мамнун бўлиб, ундан завқланишига йўл берса, мана шу Худонинг инъомидир.
[19] Бундай инсон ҳаёти ҳақида қайғурмайди ҳам, чунки Худо унинг қалбини завқланиш билан банд қилади.