[1] Яхши ном қимматбаҳо хушбўй мойдан, ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир.
[2] Тўй бўлаётган уйга боришдан кўра, азадор хонадонга бориш яхшироқ, чунки ҳамманинг тақдири бир, ҳаёт бўлганлар буни унутмасинлар.
[3] Қайғу кулгидан яхшироқдир, қайғули юз юракка яхши.
[4] Дононинг қалби азадор уйдагилар биландир, нодон эса доимо хурсандчилик ҳақида ўйлайди.
[5] Доно одамнинг танбеҳини эшитиш нодоннинг мақтовларидан яхшироқ,
[6] чунки нодоннинг мақтов куйи қозоннинг остида ёниб турган янтоқнинг чирсиллашига ўхшайди. Аммо бу ҳам беҳуда, чунки
[7] дўқ–пўписа донони ҳам телба қилади, пора эса юракни эгри қилади.
[8] Ҳамма нарсанинг охири — бошидан, сабр–тоқат — мағрурликдан яхшироқдир.
[9] Жаҳлдор бўлмагин, чунки жаҳл нодонларнинг юрагида уй қуради.
[10] “Нима учун ўтмиш кунлар ҳозиргилардан яхшироқ эди?” деб сўрамагин, бу саволни сўраш доноликдан эмас.
[11] Донолик худди мерос каби яхшидир, бу дунёда ҳаёт бўлганларга фойдалидир.
[12] Донолик ҳам, пул каби, вақтинчалик ором беради, донолик ҳаётга чидашга ёрдам беради, илм–маърифат фойда келтиради.
[13] Худо қилган ишларга қарагин, У эгри қилган нарсаларни ким ҳам тўғрилай оларди?!
[14] Бахтли кунларингда қувонгин, қайғули кунларингда эса шуни эсингда тут, қувончни ҳам, қайғуни ҳам Худо яратган. Ҳеч ким келажакда нима бўлишини айтиб бера олмайди.
[15] Мана шу беҳуда ҳаётим давомида ҳамма нарсани кўрдим. Солиҳ инсонлар солиҳ бўлсалар ҳам ҳалок бўладилар, фосиқлар эса ўз фосиқликлари билан узоқ умр кўрадилар.
[16] Қонунпараст бўлма, донолигингга жуда ҳам ишонаверма, нима учун ўзингни ўзинг ҳалок қилишинг керак?!
[17] Аммо шаккок ёки аҳмоқ ҳам бўлмагин, нима учун ажалинг етмай туриб вафот этишинг керак?!
[18] Бу насиҳатларнинг бирини тутиб, иккинчисини унутма. Худодан қўрққан иккисини ҳам эсда тутади.
[19] Донолик инсонни шаҳардаги ўнта ҳукмдордан қудратлироқ қилади.
[20] Лекин бу дунёда ҳар доим солиҳлик қилиб, умуман гуноҳ қилмайдиган инсон йўқдир.
[21] Хизматкоринг сени ёмонлаётганини эшитиб қолмаслигинг учун одамлар гапираётган ҳамма нарсага ҳам эътибор беравермагин.
[22] Ўзинг биласан, сен ўзинг ҳам бошқаларни жуда кўп ёмонлагансан–ку!
[23] Буларнинг ҳаммасини донолигим билан синаб кўрдим, ўзимга: “Доноликка эришаман”, дедим, лекин унга ета олмадим.
[24] Ҳамма содир бўладиган нарсаларнинг маъноси жуда чуқур, етиб бўлмасдир. Ким ҳам уни топа оларди?!
[25] Шунда мен доноликни қидириб топишга, ҳар бир содир бўлган нарсани тушунишга ўзимни бағишладим. Фосиқлик нодонлик эканлигини, аҳмоқлик телбалик эканлигини ўз ҳаётимда исботламоқчи бўлдим.
[26] Мен мана бу нарсани билдим. Аҳмоқлик бир аёлга ўхшайди. У ўзи тузоқ, юраги тўр, қўллари эса занжирдайдир. У ўлимдан ҳам аччиқроқ экан. Худога маъқул келадиган ишларни қиладиганлар ундан қоча оладилар, лекин гуноҳкор унинг қўлларига тушади.
[27] Воиз шундай деди: “Бекорга ҳар бир содир бўлган нарсанинг маъносини қидириб (бу маънони жуда синчковлик билан излаган бўлсам ҳам), мана шу нарсани тушуниб етдим: минглар орасида битта солиҳ кишини топдим, шуларнинг орасидан битта ҳам солиҳ аёл топа олмадим.
[29] Аммо бир нарсани англадим, қаранг, Худо инсонларни тўғри қилиб яратган, лекин улар ҳар хил қабиҳ режалар тузади.”