[1] Сарвари Олам менга Ўз сўзини аён қилди.
[2] Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Мен Қуддусга қаттиқ ачиниб кетдим. Унинг душманларига бўлган ғазабим алангадай ёнмоқда.”
[3] Эгамизнинг каломи шудир: “Мен Қуддусга қайтаман, Сион Менинг масканим бўлади. Шунда Қуддус садоқатли шаҳар деб аталади. Менинг тоғим — Сарвари Оламнинг тоғи муқаддас тоғ деб аталади.”
[4] Сарвари Олам шундай демоқда: “Чолу кампирлар яна Қуддус кўчаларида ўтирадилар. Ёши улуғ бўлгани учун уларнинг қўлларида ҳассалари бўлади.
[5] Шаҳарнинг кўчалари ўйнаётган болалар билан тўлади.”
[6] Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Балки буларнинг ҳаммаси халқимдан қолганларига имконсиздай туюлар. Аммо бу ишлар Мен учун имконсиз эмас”, — демоқда Сарвари Олам.
[7] Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Мен шарқ ва ғарбда сарсон бўлган Ўз халқимни қутқараман.
[8] Уларни яна Қуддусда яшашлари учун олиб келаман. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан. Уларни садоқат ва одиллик билан бошқараман.”
[9] Сарвари Олам шундай демоқда: “Довюрак бўлинглар, энди сизлар пайғамбарларнинг сўзларини эшитяпсизлар. Маъбадим, яъни Уйимнинг қайта қурилиши учун пойдевор қўйилаётганда, ўша пайғамбарлар шу ерда эдилар.
[10] Ҳа, ўша кунлардан олдин одам ва ҳайвонларнинг тер тўкиб қилган меҳнатлари зое кетарди, улар яхши ҳосил ололмас эдилар. Душманлар халққа тинчлик бермасди. Мен ҳаммани бир–бирига қарши қилиб қўйган эдим.
[11] Аммо энди, эй халқимнинг қолганлари, Мен сизлар билан олдингидай муносабатда бўлмайман, — демоқда Сарвари Олам.
[12] — Сизлар тинчликда уруғларингизни экасизлар. Токларингиз серҳосил бўлади. Ер ҳосил беради, осмондан шудринг тушади. Сизларни Мен мана шулар билан баракалайман.
[13] Эй Яҳудо ва Исроил халқи, сизлар бошқа халқлар орасида лаънатланган халқнинг рамзи эдингизлар. Энди бундай бўлмайди! Мен сизларни қутқараман. Сизлар барака рамзи ва манбаи бўласизлар. Қўрқманглар! Дадил бўлинглар!”
[14] Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Ота–боболарингиз Менинг жаҳлимни чиқарганда бошларига офат келтираман, дегандим. Ўз фикримдан қайтмадим, — демоқда Сарвари Олам.
[15] — Қўрқманглар, эй Қуддус ва Яҳудо халқи! Энди Мен сизларга яхшилик келтираман, деб қарор қилдим.
[16] Қуйидаги айтганларимни қилишингиз керак: бир–бирингизга ҳақиқатни айтинг. Ҳукм қилганингизда одил қарор чиқариб, тинчлик ўрнатинг.
[17] Бир–бирингизга қарши ёвуз режалар тузманг, ёлғон қасам ичманг. Мен булардан нафратланаман.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
[18] Сарвари Олам менга Ўз сўзини аён қилди.
[19] Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Эй Яҳудо халқи, тўртинчи, бешинчи, еттинчи ва ўнинчи ойлар энди азаю рўза вақти эмас, балки сизлар учун шоду хуррамлик ва қувноқ байрамлар даври бўлади. Сизлар ҳақиқат ва тинчликни севинглар.”
[20] Сарвари Олам шундай демоқда: “Ҳали бошқа шаҳарларда яшайдиган одамлар ҳам Қуддусга келади.
[21] Бир шаҳарнинг аҳолиси иккинчи шаҳарда яшовчиларнинг олдига бориб: «Биз кетяпмиз, юринглар, Эгамиздан илтифот сўрайлик, Сарвари Оламга сажда қилайлик», деб айтади.”
[22] Кўп эллар ва кучли халқлар Сарвари Оламдан илтифот сўрагани ва Унга сажда қилгани Қуддусга келадилар.
[23] Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Ўша кунларда турли тилларда гапирувчи, ҳар хил элларга мансуб бўлган ўн киши бир яҳудийни ушлаб олади. Унинг кийимидан маҳкам тутадилар–да, унга: «Биз сен билан борайлик. Ахир, Худо сизлар билан эканини эшитдик», деб айтадилар.”