[1] Мен билан гаплашган фаришта қайтиб келиб, худди мени уйқудан уйғотгандай қилиб турғизди.
[2] У мендан: — Нима кўряпсан? — деб сўради. Мен шундай жавоб бердим: — Тилладан ясалган бир чироқпояни кўряпман, унинг устида мой учун бир товоқ турибди. Чироқпояда эса еттита мойчироқ турибди. У мойчироқларнинг ҳар бирида еттитадан жўмраги бор.
[3] Чироқпоянинг олдида иккита зайтун дарахти бор. Бу дарахтларнинг бири чироқпоянинг ўнг томонида, иккинчиси эса чап томонида турибди.
[4] Мен билан гаплашган фариштадан сўрадим: — Булар нима, эй тўрам?
[5] У мендан: — Нималигини билмайсанми? — деб сўради. Мен: — Йўқ, тўрам, — деб жавоб бердим.
[6] У менга шундай деди: — Қуйидагилар Эгамизнинг Зарубабелга берган хабаридир: “Қудрат билан эмас, куч билан эмас, Менинг Руҳим ила муваффақиятга эришасан, — дейди Сарвари Олам.
[7] — Эй баланд тоғ, сен нима бўлибсан?! Зарубабел олдида сен текислик бўласан. Зарубабел Менинг уйимни қайта қуради, унинг энг охирги тошини қўяди. Шундан кейин бутун халқ: «Худо марҳамат қилсин!» деб ҳайқиради.”
[8] Яна Эгамиз менга қуйидаги сўзини аён қилди:
[9] “Зарубабел ўз қўллари билан уйимнинг пойдеворини ётқизди. Қурилишни ҳам ўзи тугатади. Ана шунда Мен, Сарвари Олам, сени юборганимни халқ англаб олади.
[10] Қурилишнинг бошланиши арзимасдай кўринса ҳам, кўнглингиз чўкмасин! Зеро, Менинг кўзларим, яъни Эгангизнинг еттита кўзи Зарубабелнинг қўлидаги ёзув ўйилган тошга хурсандчилик билан қарайди.” Шунда Фаришта менга деди: — Сен кўрган еттита мойчироқ бутун ер юзига қараб турувчи Эгамизнинг еттита кўзидир.
[11] Мен фариштадан сўрадим: — Чироқпоянинг ўнг ва чап томонида турган зайтун дарахтларининг маъноси нима?
[12] Олтин новлари орқали тилласимон мой оқаётган зайтун дарахтларининг икки шохи нимани билдиради?
[13] У мендан: — Билмайсанми? — деб сўради. Мен: — Йўқ, тўрам, — деб жавоб бердим.
[14] У шундай деди: — Булар бошига мой суртиб танланган, бутун оламнинг Раббийси олдида хизмат қиладиган икки зотдир.