[1] Башорат. Эгамизнинг Исроил ҳақида айтган гаплари. Замин пойдеворини қўйган, фалакларни ёйган, инсонга жон ато қилган Эгамиз шундай демоқда:
[2] “Қараб туринглар, Мен Қуддусни шароб қадаҳидай қилиб қўяман. У ўзининг атрофидаги халқларни гандираклатадиган бўлади. Қуддусни қамалга олишганда, Яҳудо юртининг қолган бошқа жойларига ҳам ҳужум қилишади.
[3] Ўша куни Мен Қуддусни бошқа халқлар учун оғир тошдай қилиб қўяман. Уни кўтарганларнинг ҳаммаси ўзларига зарар келтирадилар. Бутун ер юзидаги халқлар унга қарши чиқиш учун бирлашадилар.
[4] Ўша куни, Мен ҳар бир отни даҳшатга соламан, уларнинг чавандозларини эса ақлдан оздираман, — демоқда Эгамиз. — Яҳудо халқига эса Ўзим ғамхўрлик қиламан. Душманларининг отларини кўр қилиб қўяман.
[5] Шунда Яҳудо уруғлари ўзларига: — Қуддус аҳолисининг қудрат манбаи бизнинг Худойимиз, Сарвари Оламдир, — дейдилар.
[6] Ўша куни Мен Яҳудо уруғларини ўтин орасидаги қизиб турган чўғдай, буғдой боғламлари орасидаги ёниб турган машъаладай қиламан. Улар ўнгу сўлдаги, атрофидаги халқларни ямлаб ютадилар. Қуддусдаги одамлар эса осойишта ҳаёт кечирадилар.
[7] Мен, Эгангиз, аввал Яҳудо халқига ғалаба бераман. Довуд авлодининг ва Қуддус аҳолисининг шуҳрати Яҳудонинг шуҳратидан ошиб кетмаслиги учун шундай қиламан.
[8] Ўша куни Мен Қуддус аҳолисини ҳимоя қиламан. Уларнинг орасидаги энг ожизи ҳам Довуддай кучли бўлади. Довуд авлоди эса Менинг фариштамдай, худди Ўзимдай Қуддус аҳлини бошлаб боради.
[9] Менинг режам ўша куни Қуддусга қарши чиққан барча халқларни ҳалок қилишдир.
[10] Мен Довуд авлодига, Қуддус аҳолисига меҳр–шафқат ва ибодат руҳини ёғдираман. Улар Менга — ўзлари найза санчганга қарашади. Ёлғиз фарзандга аза тутгандай, аза тутишади. Тўнғич фарзанд учун мотам тутгандай, мотам тутишади.
[11] Ўша куни Қуддусдаги дод–фарёд, Магидў водийсидаги Ҳадад–Риммонда тутилган азадай, кучли бўлади.
[12] Бутун юрт аза тутади. Ҳар бир оила алоҳида аза тутади: Довуд авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, Натан авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида,
[13] Леви авлодининг оилалари алоҳида, уларнинг хотинлари алоҳида, Шимах авлодининг оиласи ва уларнинг хотинлари алоҳида аза тутадилар.
[14] Қолган оилалар ҳам ўзлари алоҳида аза тутадилар. Уларнинг хотинлари ҳам алоҳида аза тутадилар.”