Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:10

[1] Эй Лубнон, оч дарвозаларингни! Садр дарахтларингни олов ёндириб ташласин.

[2] Эй сарв дарахти, дод солиб йиғлагин, Ахир, садр дарахтлари қулади. Ўша улуғвор дарахтлар вайрон бўлди. Эй Башандаги эманлар, дод солиб йиғланг, Қалин–қалин ўрмонларнинг дарахтлари Кесиб ташланди, ахир.

[3] Ана, эшитинг! Чўпонларнинг йиғисин, Кўм–кўк яйловлар нобуд бўлди, ахир. Қулоқ солинг шерларнинг ўкиришига, Иордан бутазорлари нобуд бўлди, ахир.

[4] Эгам Худо менга шундай деди: — Бўғизланишга олиб кетилаётган қўй сурувига чўпонлик қилгин.

[5] Қўйларни сотиб олганлар уларни ўлдириб, жазосиз юрибдилар. Қўйларни сотганлар эса: “Худога шукур! Биз боймиз”, дейдилар. Қўйларга ҳатто ўз чўпонларининг ҳам раҳми келмайди.

[6] Мен, Эгангиз, шундай айтмоқдаман: “Энди бу юртдаги одамларга раҳм қилмайман. Мен уларни бир–бирининг қўлига ва ҳукмдорларининг қўлига топшираман. Ҳукмдорлари юртни вайрон қилади. Мен эса ҳеч кимни бу ҳукмдорларнинг қўлидан қутқармайман.”

[7] Шундай қилиб, қўй савдогарлари мени бўғизланадиган қўй сурувига чўпон қилиб ёлладилар. Мен иккита таёқ олдим. Улардан бирини “Илтифот”, иккинчисини эса “Аҳиллик” деб атаб, қўйларни боқдим.

[8] Бир ой ичида уларнинг учта чўпонини ҳайдаб юбордим. Қўй савдогарларига бўлган сабр–тоқатим ҳам тугади, улар ҳам мени ёмон кўриб қолдилар.

[9] Шундан кейин мен қўй савдогарларига: — Энди сизларнинг қўйларингизни боқмайман, — дедим. — Ўладигани ўлсин, ҳалок бўладигани ҳалок бўлсин, қолганлари эса бир–бирининг гўштини есин.

[10] Мен “Илтифот” номли таёғимни олдим–да, уни синдириб ташладим. Шу орқали Эгамизнинг Ўз халқи билан қилган аҳдини бекор қилдим.

[11] Шундай қилиб, ўша куни бу аҳд бекор бўлди. Мени кузатиб турган қўй савдогарлари бу иш Эгамизнинг сўзи эканлигини тушундилар.

[12] Кейин мен уларга шундай дедим: — Агар сизлар иш ҳақимни беришни лозим кўрсангиз, беринглар, бўлмаса, бермай қўяверинглар. Шунда улар менга бор–йўғи ўттиз кумуш танга бердилар.

[13] Шундан кейин Эгамиз менга: — Бу кумушни кулолга бергин, — деди. Мени баҳолаб берилган бу арзимас кумуш тангаларни олиб, Эгамиз уйидаги кулолга бердим.

[14] Кейин “Аҳиллик” деб аталган иккинчи таёғимни синдирдим. Шундай қилиб, Яҳудо ва Исроил орасидаги биродарликни бекор қилдим.

[15] Шундан кейин Эгамиз менга айтди: “Бор, яна бир марта чўпонлик қилгин. Аммо бу сафар фойдасиз чўпондай бўлгин.

[16] Ҳа, Мен бу юртга шундай бир чўпон бераманки, у ҳалок бўлаётганларга қарамайди. Йўқолганларни изламайди, ярадорларга шифо бермайди, соғ бўлганларни озиқлантирмайди. Аксинча, семиз қўйларни сўйиб ейди, туёқларини ҳам кесиб ташлайди.

[17] Эй сурувни тарк этадиган қадрсиз чўпоним, Ҳолингга вой! Қилич сенинг қўлингни чопиб, Ўнг кўзингни ўйиб ташласин! Сенинг қўлинг бутунлай қуриб қолсин, Ўнг кўзинг кўр бўлсин!”

Закариё пайғамбарнинг китоби — Chapters