Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:13

[1] Кейин фаришта менга Эгамизнинг фариштаси олдида олий руҳоний Ёшуа турганини кўрсатди. Ёшуанинг ўнг томонида эса шайтон уни айблаб турган эди.

[2] Эгамиз шайтонга шундай деди: — Эй шайтон! Гапларингнинг ҳаммаси ёлғон! Мен Қуддусни танлаган Эгангман. Мен сенга айтаман, гапларинг ёлғон! Ахир, бу киши алангадан қутқарилган бир ўтин парчасидай эмасми?!

[3] Ёшуа фариштанинг олдида кир кийимларда турар эди.

[4] Фаришта атрофида турганларга: — Унинг кир кийимларини ечинглар, — деди. Ёшуага эса: — Мана, қара, Мен сенинг гуноҳларингни олиб ташладим, — деди. — Энди сенга тоза, байрамларда киядиган янги кийимларни кийдираман.

[5] Кейин мен: — Унинг бошига тоза салла кийдиринглар, — дедим. Унинг бошига тоза салла, устига эса янги кийим кийдиришди. Эгамизнинг фариштаси унинг ёнида турар эди.

[6] Кейин Эгамизнинг фариштаси Ёшуани огоҳлантириб, шундай деди:

[7] — Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Агар сен Менинг йўлимдан юриб, талабларимни бажарсанг, Менинг уйимда, Маъбадим ҳовлиларида бош бўласан. Сенга шу ерда турганлар орасидан жой бераман.

[8] Эй олий руҳоний Ёшуа, қулоқ сол! Олдингда турган руҳонийлар ҳам қулоқ солишсин. Сизлар келажакда содир бўладиган воқеаларнинг рамзисизлар. Мен исми «Новда» бўлган хизматкоримни зоҳир қиламан.

[9] Мен Ёшуанинг олдига бир тош қўйдим. Менинг етти кўзим ўша тошга қадалган. Бу тошнинг устига Мен ёзув ёзаман, — демоқда Сарвари Олам. — Мана шу юртнинг гуноҳини бир кунда олиб ташлайман.

[10] Ўша куни сизлар қўни–қўшниларингизни чақириб, ўз узумзорларингизда ва анжир дарахтларингиз тагида ўтирасизлар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.

Закариё пайғамбарнинг китоби — Chapters