[1] Шоҳ Доро ҳукмронлигининг тўртинчи йили тўққизинчи ойи — Хислав ойининг тўртинчи кунида Эгамиз Ўз сўзини Закариёга аён қилди.
[2] Бундан олдин Байтил аҳолиси Эгамиздан илтифот сўраш учун Саризар, Рахеммалек ва уларнинг одамларини Маъбадга юбориб, шундай деган эди:
[3] — Бориб, Сарвари Оламнинг уйида бўлган руҳоний ва пайғамбарлардан сўранглар: “Биз анча йиллардан бери Эгамизнинг уйи вайрон қилинган ойда қайғуриб, рўза тутиб келамиз. Шундай қилишда давом этаверайликми?”
[4] Сарвари Олам Закариёга аён қилган сўзида шундай деди:
[5] — Бу юртдаги барча одамларга ва руҳонийларга айт: “Ҳа, сизлар мана шу ўтган етмиш йил давомида бешинчи ва еттинчи ойларда рўза тутиб, қайғурдингизлар. Аммо буни Мен учун эмас, ўзингиз учун қилган эдингизлар!
[6] Қорнингизни тўйдириш учун еб–ичганингиздай, ўз манфаатингиз учун рўза тутиб қайғургансизлар.
[7] Мен, Эгангиз, ўтган пайғамбарлар орқали айнан шу ҳақда сизларни огоҳлантирганман–ку! Ўша пайтларда Қуддус ва унинг атрофидаги қишлоқлар одамга тўла эди. У ерда фаровонлик ҳукм сурар эди. Нагав чўли ва Яҳудо қир этакларида ҳам одамлар яшардилар.”
[8] Эгамиз Закариёга қуйидаги сўзларни аён қилди:
[9] — Мен, Сарвари Олам, шундай деган эдим: “Адолатли ҳукм қилинглар. Бир–бирингизга меҳрибон бўлинглар, раҳм–шафқат қилинглар.
[10] Беваларга, етимларга, мусофирларга, камбағалларга зулм қилманглар. Бир–бирингизга қарши ёвуз режалар тузманглар.”
[11] Аммо халқим қулоқ солишдан бош тортди. Ўжарлик қилиб, эшитмаслик учун қулоқларини беркитди.
[12] Мен, Сарвари Олам, Ўз Руҳим билан пайғамбарлар орқали сўзларимни аён қилганман. Аммо халқим юрагини тош қилиб, қонун ва ўгитларга қулоқ солмади. Шунинг учун Мен жуда қаттиқ ғазабландим.
[13] “Мен чақирганимда улар эшитмагандилар, улар чақирганда Мен ҳам эшитмадим, — дейди Сарвари Олам.
[14] — Мен уларни ўзлари танимаган, билмаган халқлар орасига сочиб ташладим. Шундай қилиб, уларнинг юрти вайрон бўлди. На у ерга биров боради, на у ердан биров келади. Ўша ажойиб юрт вайрон бўлди.”