[1] Мен яна тепага қараб, қўлида таноби бор бир кишини кўрдим.
[2] Ундан: — Қаерга кетяпсиз? — деб сўрадим. У менга: — Қуддусни ўлчашга, эни ва узунлиги қанча чиқаркан, шуни билиб келишга кетяпман, — деб жавоб берди.
[3] Шундан кейин мен билан гаплашган фаришта кетаётган эди, яна бошқа фаришта унга пешвоз чиқиб,
[4] шундай деди: — Югур, бориб ўша йигитга айт: “Эгамиз айтмоқда: — Одамлар ва мол–қўйлар кўплигидан Қуддус шаҳрига сиғмай қолади. Уларнинг кўплари шаҳар ташқарисида яшайди, аммо Мен Ўзим уларнинг атрофида олов девордай бўламан. Ўзим шаҳар ичидаги улуғворлик бўламан.”
[6] “Қани, туринглар! Шимолдаги юртдан қочинглар, — демоқда Эгамиз. — Мен сизларни ернинг тўрт тарафига сочиб ташлаган бўлсам ҳам туринглар, — айтмоқда Эгамиз.
[7] — Эй Бобилда яшайдиганлар, Қуддусга қочинглар.”
[8] Эй Қуддус! Сизларни талон–тарож қилган халқлар олдига Сарвари Олам мени юборди. Шу орқали У Ўз шуҳратини намоён қилмоқчи. У шундай айтмоқда: “Сизларга текканлар худди Менинг кўз қорачиғимга теккандай бўлади.
[9] Қараб туринглар, Мен Ўзим уларга қарши чиқаман. Ўз қуллари уларни талон–тарож қиладилар.” Ҳа, ана ўшанда Сарвари Олам мени юборганлигини англаб етасиз.
[10] Эгамиз шундай демоқда: “Қўшиқ куйлаб, хурсанд бўлгин, эй Қуддус халқи! Мен келиб сизларнинг орангизда яшайман.
[11] Ўша куни кўп халқлар Менга юз буриб, Менинг халқим қаторига қўшиладилар. Мен сизларнинг орангизда яшайман.” Ҳа, ана ўшанда Сарвари Олам мени юборганини англаб етасиз.
[12] Яҳудо муқаддас юртдаги Эгамизнинг мулки бўлади, Эгамиз Қуддусни “Ўз шаҳрим” деб айтади.
[13] Эй одамзод, Эгамиз олдида сукут сақла. Ана, У муқаддас масканидан чиқиб келмоқда.