Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:24

[1] Исо Масиҳга тегишли бўлганлар энди ҳукм қилинмайдилар.

[2] Ҳаёт ато этувчи Руҳнинг қонун–қоидаси Исо Масиҳ орқали бизни гуноҳдан ва ўлимга етаклайдиган қонундан озод қилди.

[3] Инсон Худонинг қонунини бажара олмагани учун қонун таъсирсиз бўлиб қолди. Қонун инсонни гуноҳдан қутқара олмагани учун Худонинг Ўзи одамларни қутқарди. У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб, бу дунёга юборди ва гуноҳнинг қудратини йўқ қилди. Шу йўсин Худо инсон орқали гуноҳни маҳкум қилди.

[4] Биз — башарий табиатнинг эмас, балки Руҳнинг етакчилигида яшаётганлар — қонун талаб қилган солиҳликка эришишимиз учун Худо шундай қилди.

[5] Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Руҳнинг етакчилигида яшайдиганлар эса Руҳни мамнун қиладиган нарсалар ҳақида фикр қиладилар.

[6] Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш ўлимга етаклайди, Руҳ етакчилигида фикр қиладиганлар эса ҳаёт ва тинчликка эга бўладилар.

[7] Башарий табиат етакчилигида фикр қилиш Худога душманликдир, чунки бундай табиат Худонинг қонунига итоат қилмайди, дарҳақиқат, итоат қила олмайди ҳам.

[8] Башарий табиат етакчилигида яшайдиганлар Худони мамнун қила олмайди.

[9] Агар Худонинг Руҳи ҳақиқатан ҳам сизларнинг қалбингизда макон қилган бўлса, сизлар энди башарий табиат амри билан эмас, балки Руҳ амри билан яшаяпсизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳга тегишли эмас.

[10] Аммо Масиҳ сизнинг қалбингизда макон қилган. Тўғри, гуноҳ туфайли танангиз ўлимга маҳкум қилинган, лекин энди Худонинг Руҳи сизлар учун ҳаёт манбаидир, чунки сизлар оқлангансиз.

[11] Исони ўликдан тирилтирган Худонинг Руҳи қалбингизда яшаяпти. Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган Худо юрагингизда яшаётган Ўз Руҳи орқали сизларнинг фоний танангизни ҳам ўликдан тирилтиради.

[12] Шундай қилиб, эй биродарлар, энди биз башарий табиатимизнинг амри билан яшашга мажбур эмасмиз.

[13] Ахир, башарий табиат етакчилигида яшасангиз, ўласизлар, аммо Руҳ орқали ўша табиатнинг қилмишларига чек қўйсангиз, яшайсизлар.

[14] Худо Руҳининг етакчилигида яшайдиганларнинг ҳаммаси Худонинг фарзандларидир.

[15] Худо бизга Ўз Руҳини берди. Буни яна қул бўлиб, қўрқувда яшашимиз учун эмас, балки Унинг фарзанди бўлиб, Руҳ орқали Худони “Отажон” деб чақиришимиз учун қилди.

[16] Худонинг Руҳи бизнинг руҳимизга қўшилиб, биз Худо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бериб туради.

[17] Биз Худонинг фарзандлари эканмиз, демак, фарзандлардай Унинг ваъда қилган баракаларига эга бўламиз, Масиҳ билан бирга бу баракаларни баҳам кўрамиз. Биз Масиҳнинг азоб–уқубатларига шерик эканмиз, албатта, Унинг улуғворлигига ҳам шерик бўламиз.

[18] Ишончим комилки, ҳозирги азоб–уқубатларимиз бизга зоҳир қилинадиган улуғворлик олдида ҳеч нарса эмас.

[19] Ахир, Худонинг фарзандлари ким эканлигининг аён қилинишини бутун мавжудот интизорлик билан кутяпти.

[20] Чунки мавжудот беҳудаликка мубтало бўлган. Бу — мавжудотнинг ихтиёри билан эмас, балки Худонинг ихтиёри билан бўлди. Шундай бўлса–да, мавжудот чириб–битиш қуллигидан озод этилиб, Худонинг фарзандлари билан бирга улуғвор эркинликдан баҳраманд бўлишига умид бор.

[22] Ахир, бутун мавжудот гўё тўлғоқ азобида, ҳозирга қадар оҳ–нола қилаётганини биламиз.

[23] Нафақат мавжудот, балки биз ўзимиз — Худонинг Руҳи билан яшаш қандай эканлигини татиб кўрганлар ҳам — ич–ичимиздан оҳ–нола қиляпмиз. Худонинг фарзандлари қилиб асраб олинганимизнинг тўлиқ рўёбга чиқишини ҳамда ўладиган баданимизнинг чириб–битишдан озод бўлишини интизорлик билан кутяпмиз.

[24] Умидимизнинг рўёбга чиқишини кутиб, нажот топганмиз. Кўзга кўриниб турган нарса умид эмас. Ахир, ким кўриб турган нарсани умид қилади?!

[25] Агарда биз кўрмаганимизни умид қилаётган бўлсак, буни сабр билан кутсак бўлади.

[26] Бунинг устига, ожизлигимизда Руҳ бизга мадад беради. Чунки биз қандай ибодат қилишни билмаймиз, аммо Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ–нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади.

[27] Инсонларнинг юрагини синовчи Худо Руҳнинг фикри нимада эканлигини билади, чунки Руҳ Худонинг иродасига кўра, Унинг азизлари учун шафоат қилади.

[28] Биз биламизки, Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади, чунки Худо уларни Ўзининг мақсадига кўра, даъват этган.

[29] Худо уларни азалдан танлаб олган эди ва “Менинг Ўғлимга ўхшаган бўлсинлар”, деб олдиндан белгилаб қўйган эди, токи Ўғил кўп биродарлар орасида тўнғич бўлсин.

[30] Худо олдиндан белгилаб қўйганларни даъват этди, даъват этганларни оқлади, оқлаганларни Ўзининг улуғворлигидан баҳраманд қилди.

[31] Энди бунга нима деймиз? Худо биз томонда экан, ҳеч ким бизга қарши тура олмайди!

[32] Худо Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, Унга қўшиб, қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?!

[33] Худонинг танлаганларини ким айблай оларди?! Худонинг Ўзи уларни оқлайди–ку!

[34] Бизни ким маҳкум қилар экан?! Ахир, ўлиб, тирилган, Худонинг ўнг томонида ўтирган Исо Масиҳнинг Ўзи биз учун шафоат қилмоқда–ку!

[35] Ким бизни Масиҳнинг меҳр–муҳаббатидан ажрата олади? Азоб–уқубатми, изтиробми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф–хатарми ёки қиличми?

[36] Муқаддас битикларда ёзилган–ку: “Сен туфайли ҳар куни ўлимга дуч келамиз, Бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз.”

[37] Ахир, бизни яхши кўрадиган Масиҳ орқали ҳамма қийинчиликлар устидан бутунлай ғалаба қозонамиз.

[38] Мен аминманки, ўлим ҳам, ҳаёт ҳам, фаришталару жинлар ҳам, ҳеч қандай ғайритабиий кучлар ҳам, ҳозиргию келгуси ҳодисалар ҳам,

[39] баландликлару чуқурликлар ҳам, яратилган биронта мавжудот ҳам бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр–муҳаббатидан жудо қилишга қодир эмас.

Павлуснинг Римликларга мактуби — Chapters