[1] Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман. Ўз танангизни тирик, муқаддас ва Худога манзур бўладиган қурбонлик сифатида бағишланг. Худога лойиқ бўлган асл хизмат мана шудир.
[2] Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз.
[3] Менга берилган иноятдан фойдаланиб, сизларга айтяпман: ўзингизга ҳаддан ташқари юқори баҳо берманглар. Аксинча, Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра, фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар.
[4] Ахир, танамиз бир бўлса–да, танамиз аъзолари кўп, танамиз аъзоларининг вазифаси ҳам бир хил эмас.
[5] Шунга ўхшаб, биз — Масиҳга тегишли бўлганлар бир танани ташкил қиламиз. Ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир–биримизга боғлиқмиз.
[6] Бизга берилган иноят бўйича ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор. Агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса, у эътиқодимизга мувофиқ равишда гапирсин.
[7] Агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса, у хизмат қилсин, агар бирортасига муаллимлик инъоми берилган бўлса, у таълим берсин.
[8] Агар инсонга далда бериш инъоми берилган бўлса, у далда берсин, беғараз ёрдам берадиган бўлса, сахийлик билан берсин. Етакчилик қиладиган одам қунт билан етакчилик қилсин, меҳр–шафқат кўрсатадиган одам хурсандчилик билан иш тутсин.
[9] Бир–бирингизга бўлган меҳр–муҳаббатингиз самимий бўлсин. Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни маҳкам тутинг.
[10] Бир–бирингизни биродарларча, чуқур муҳаббат билан яхши кўринг. Бир–бирингизни ҳурмат қилиб, ўзингиздан юқори кўринг.
[11] Ғайратингиз сусаймасин, бутун қалбингиз билан Раббимиз Исога хизмат қилинг.
[12] Умидингиз борлиги учун хурсанд бўлинг. Қийинчиликда сабр–тоқат қилинг. Ибодат қилишдан чарчаманг.
[13] Муҳтожликда бўлган Худонинг азизларига ёрдам беринг, доимо меҳмондўст бўлинг.
[14] Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, уларни қарғаманглар.
[15] Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар.
[16] Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай, бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар.
[17] Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар, одамлар яхшилик деб билганларни қилишга интилинглар.
[18] Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч–тотув ҳаёт кечиринглар.
[19] Азизларим, ўзингиз учун ўзингиз қасос олманг, балки Худонинг ғазабига йўл қўйиб беринг. Ахир, Муқаддас битикларда Эгамиз шундай деб айтган–ку: “Мен Ўзим қасос ва ўч оламан.”
[20] Муқаддас битикларда ёзилганидай қилинг: “Душманинг оч бўлса, овқат бер, Чанқаган бўлса, сув ичир. Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан.”
[21] Ёмонлик сизни мағлуб қилмасин, аксинча, сиз ёмонликни яхшилик билан мағлуб этинг.