Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:18

[1] Мен Кенхрея шаҳридаги жамоатда хизмат қилаётган опамиз Фивани сизларга таништирай.

[2] Сизлар Худонинг азизларисиз, шунинг учун Раббимиз Исо ҳақи Фивани меҳмондўстлик билан қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро, у кўпларга, айниқса, менга кўп ёрдам кўрсатган.

[3] Прискилла ва Акилга салом айтинглар, улар мен қатори Исо Масиҳга хизмат қиляптилар.

[4] Улар менинг жонимни асраб қолиш учун ўзларини ўлим хавфи остига қўйдилар. Нафақат мен, балки ғайрияҳудийлардан иборат бўлган жамоатлар ҳам улардан миннатдорлар. Уларнинг уйида йиғиладиган жамоатга ҳам салом айтиб қўйинглар.

[5] Асия вилоятидагилар орасида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирган азиз дўстим Эпанетусга салом айтинг.

[6] Сизлар учун кўп меҳнат қилган Марямга салом айтинглар.

[7] Биродаримиз Андроникус ва опамиз Юнияга салом айтинглар. Улар мен билан бирга ҳибсда бўлган қондошларимдир. Бу обрўли ҳаворийлар мендан олдин Масиҳга имон келтирган эдилар.

[8] Раббимиз Исо туфайли менинг азиз дўстим бўлиб қолган Амплиатусга салом айтинг.

[9] Масиҳ хизматида ҳамкоримиз бўлган Урбанус ва азиз дўстим Стахисга салом айтинг.

[10] Масиҳга содиқлигини исботлаган Апеллисга салом айтинг. Аристовулус хонадонига ҳам салом айтиб қўйинг.

[11] Қондошим Ҳиродионга салом айтинг. Наркис хонадонидаги Раббимиз Исога тегишли бўлганларга ҳам салом айтиб қўйинг.

[12] Раббимизга жону дили билан хизмат қилаётган опаларимиз Трифена билан Трифосага салом айтинглар. Раббимизга астойдил хизмат қилаётган азиз опамиз Персисага ҳам салом айтинг.

[13] Раббимизнинг танланган хизматкори Руфусга ва менга онадай бўлиб қолган унинг онасига ҳам салом айтинг.

[14] Асинкритус, Флегон, Хермес, Патровас, Хармас ва улар билан бирга бўлган биродарларга салом айтинглар.

[15] Филологус билан Юлияга, Нерус ва унинг синглисига, Олимпас ҳамда улар билан бирга бўлган барча азиз биродарларга салом айтинглар.

[16] Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. Барча Масиҳ жамоатлари сизларга салом йўллаяптилар.

[17] Сизларга ёлвораман, олган таълимотингиздан айнитиб, орангизга низо ва ғулғула соладиган одамлардан эҳтиёт бўлинглар. Улардан ўзингизни олиб қочинглар.

[18] Ахир, бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳнинг эмас, балки ўз нафсининг қулидирлар. Улар ширин сўзлару хушомадгўйлик билан софдил инсонларни йўлдан оздирадилар.

[19] Сизларнинг Худога бўлган итоаткорлигингиз ҳаммага маълум. Мен сизлардан жуда хурсандман, аммо яхшиликка келганда доно, ёмонликка келганда эса норасида бўлишингизни истайман.

[20] Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқларингиз остида эзиб ташлайди. Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

[21] Менинг ҳамкорим Тимўтий ҳамда қондошларим Лукиёс, Ясон ва Сосипатрус сизларга салом йўллаяптилар.

[22] Бу мактубни қоғозга тушираётган, Раббимизнинг қули мен — Тертиюсдан ҳам сизларга салом.

[23] Бутун жамоатга меҳмондўстлик кўрсатадиган ва ҳозирда менинг мезбоним бўлган Гаюс сизларга салом айтяпти. Шаҳар хазинабони Эрастус ва биродаримиз Квартус ҳам салом йўллаяптилар.

[25] Мен баён қилаётган Хушхабарга, яъни Исо Масиҳнинг Хушхабарига биноан сизларни имонда собит қадам қилишга қодир бўлган Худога ҳамду санолар бўлсин! Бу Хушхабар қадимдан сир тутилган эди, энди эса у очилди.

[26] Ҳа, бу сир ошкор қилинди ва пайғамбарларнинг битиклари орқали, Худонинг амри бўйича барча халқларга аён бўлди, токи улар ҳам имон орқали Худога итоаткор бўлсинлар.

[27] Донолик соҳиби бўлган ягона Худога Исо Масиҳ орқали то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин!

Павлуснинг Римликларга мактуби — Chapters