[1] Эй бошқаларни ҳукм қилаётган инсон! Сен ким бўлишингдан қатъий назар, бошқаларни ҳукм қилишга ҳеч ҳақинг йўқ. Сен бошқа одамни ҳукм қилиб, ўзингни ҳам маҳкум этасан. Ахир, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан–ку!
[2] Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишга ҳақли эканини биламиз.
[3] Айни шу ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?!
[4] Худонинг чексиз меҳрибонлиги ва сабр–тоқатини писанд қилмаётганингни қара. Ахир, Унинг муруввати сени тавбага етаклашини билмайсанми?!
[5] Аммо сен ўжарлик қилиб, гуноҳларингдан тавба қилмаяпсан. Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр–ғазаб кунида бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан.
[6] Худо ҳар кимни қилган ишига яраша тақдирлайди.
[7] Яхши ишда қунт қилиб, шараф, ҳурмат–эҳтиром ва мангуликка интилганларга Худо абадий ҳаёт ато қилади.
[8] Аммо худбинлик қиладиган, ҳақиқатни рад этиб, адолатсизликка эргашадиганлар қаҳр–ғазабга дучор бўлади.
[9] Ёвузлик қиладиган ҳар бир инсон изтиробда қолади, унинг бошига фалокат тушади, бу инсон яҳудийми, ғайрияҳудийми — фарқи йўқ.
[10] Яхшилик қиладиганларга эса — яҳудийларга ҳам, ғайрияҳудийларга ҳам, шараф, ҳурмат–эҳтиром ва тинчлик насиб этади.
[11] Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди.
[12] Худонинг қонунини билмасдан туриб гуноҳ қилганлар, қонунга алоқасиз равишда ҳукм қилинадилар. Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонун бўйича ҳукм қилинадилар.
[13] Ахир, қонунни эшитганлар эмас, балки қонунга риоя қиладиганлар Худонинг олдида оқланадилар.
[14] Ғайрияҳудийларда Худонинг қонуни йўқ. Аммо қонунни билмай туриб, улар табиий равишда қонуннинг буюрганларини бажарсалар, ўзларига ўзлари қонундирлар.
[15] Бу билан улар қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳам бунга шаҳодат беради, чунки уларнинг хаёллари уларни гоҳ қоралайди, гоҳ оқлайди.
[16] Худо инсонларнинг яширин ўй–хаёлларини Исо Масиҳ орқали ҳукм қиладиган кунда буларнинг ҳаммаси аён бўлади. Мен келтирган Хушхабарда ана шулар баён этилган.
[17] Мана, орангиздагиларнинг баъзилари: “Мен яҳудийман”, дейдилар, қонунга суянган ҳолда, “Худога яқинман”, деб мақтанадилар.
[18] Эй яҳудий! Сен Худонинг хоҳиш–иродасини билиш ва яхшини ёмондан фарқ қилишни қонундан ўрганиб олибсан.
[19] Худонинг қонунида барча илм–маърифат ва ҳақиқат мужассам. Сенда мана шу қонун борлиги учун сен кўрларга йўл кўрсатувчи, зулматда қолганларга нур, ғофилларга мураббий, ғўр болаларга эса муаллим эканлигингга ишончинг комил.
[21] Шундай экан, сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?!
[22] “Ўғрилик қилма”, деб насиҳат қилиб туриб, ўғрилик қиласанми?! “Зино қилма”, деб туриб, ўзинг зино қиласанми?! “Бутлардан жирканаман”, деб туриб, куфрлик қиласанми?!
[23] Қонунни биламан, деб мақтанасан–у, лекин қонунни бузиб, Худонинг номига доғ туширасанми?!
[24] Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган–ку: “Сизларни деб, халқлар орасида Худонинг номи ҳақорат қилинмоқда.”
[25] Суннат масаласига келайлик. Агар сен қонунга риоя қиладиган бўлсанг, суннатнинг фойдаси бор. Аммо қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизликдан ҳеч фарқ қилмайди.
[26] Худди шунингдек, агар суннат қилинмаганлар қонунга амал қилсалар, уларнинг суннатсизлиги суннатдай қабул қилинмайдими?!
[27] Шундай экан, суннатсиз бўла туриб, қонунга амал қиладиган одам сени маҳкум қилмайдими?! Ахир, сенда Муқаддас битиклар бор, сен суннат қилингансан–у, лекин барибир Худонинг қонунини бузасан.
[28] Яҳудий урф–одатлари билан яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳам асл яҳудий эмас. Жисмоний суннатнинг ўзи ҳам суннатнинг асл мақсадини бажармайди.
[29] Асл яҳудийлик юракдан келиб чиқади. Асл суннат, яъни юракнинг суннати қонунга амал қилишдан келиб чиқмайди, балки Руҳ томонидан қилинади. Асл яҳудий инсонларнинг эмас, балки Худонинг мақтовига сазовор бўлади.