Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:21

[1] Имони суст бўлганларни имонлилар қаторига қабул қилинг, уларнинг фикрлари юзасидан баҳслашманг.

[2] Зеро, баъзилар, ҳамма нарсани тановул қилиб бўлади, деб ишонади, баъзи имони сустлар эса фақат сабзавот ейди.

[3] Ҳамма нарсани ейдиган одам, ҳар қандай нарсани емайдиган одамдан нафратланмасин. Шунингдек, ҳар нарсани ҳам еявермайдиган одам, ҳамма нарсани ейдиган одамни ҳукм қилмасин, чунки Худо уни имонлилар қаторига қабул қилган.

[4] Сен ким бўлибсанки, бировнинг хизматкорини тергайсан? Хизматкорнинг тўғри ёки нотўғри иш қилганини унинг хўжайини тасдиқлайди–ку! Хўжайин хизматкорни бошқаргани учун хизматкор тўғри иш қилади, бу хўжайин Раббимиз Исодир.

[5] Айрим одамлар бир кунни бошқа кундан устунроқ ҳисоблайдилар, яна бошқа бир одамлар эса кунларнинг ҳаммасини баравар деб ҳисоблайдилар. Ҳар бир киши ўз фикрида маҳкам турсин.

[6] Бирор кунни бошқасидан устун деб билган одам Раббимиз Исони улуғлаш учун шундай қилади. Ҳамма нарсани ейиш мумкин деб билган одам ҳам Раббимизни улуғлаш учун шундай фикрлайди, чунки у овқати учун Худога шукур айтади. Ҳар нарсани емайдиган одам ҳам Раббимизни улуғлаш учун шундай қилади, у ҳам овқати учун Худога шукур айтади!

[7] Зеро, ҳеч биримиз фақат ўзимиз учун яшамаймиз, фақатгина ўзимиз учун ўлмаймиз.

[8] Ахир, яшасак, ҳаётимиз билан Раббимиз Исога шуҳрат келтирамиз, ўлсак ҳам, ўз ўлимимиз билан Раббимизга шуҳрат келтирамиз. Демак, яшасак ҳам, ўлсак ҳам, Раббимизга тегишлимиз.

[9] Масиҳ ўликларнинг ҳамда тирикларнинг Раббийси бўлиш учун ўлди ва ўликдан тирилди.

[10] Шундай экан, нима учун биродарингизни ҳукм қиляпсиз? Нима учун биродарингиздан нафратланяпсиз? Ахир, ҳаммамиз Худонинг ҳукм курсиси олдида туриб, жавоб берамиз–ку!

[11] Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Эгамиз шундай демоқда: «Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки, Менинг олдимда ҳар бир одам тиз чўкади, Ҳар бир тил Менга ҳамду сано айтади.»”

[12] Демак, ҳар биримиз Худонинг олдида ўзимиз учун жавобгармиз.

[13] Шунинг учун энди бир–биримизни ҳукм қилмайлик. Аксинча, биродарларингизнинг йўлига ғов қўймасликка, уни васвасага солмасликка қарор қилинглар.

[14] Мен Раббим Исога тегишли бўлганим учун қатъий аминманки, ҳеч бир нарса ўзидан–ўзи ҳаром эмас. Аммо кимдир бирор нарсани ҳаром ҳисобласа, ўша нарса у учун ҳаромдир.

[15] Агар сизлар бирор нарса еб, биродарингизни хафа қилаётган бўлсангиз, меҳр–муҳаббат билан иш тутмаётган бўласиз. Масиҳ бу одам учун ўлган, еган овқатингиз билан ўша одамни ҳалокатга йўлиқтирманг.

[16] Сиз яхши деб билган нарса ҳақида бошқалар ёмон гап гапирмасин.

[17] Худонинг Шоҳлиги овқат ва ичимликдан эмас, балки Муқаддас Руҳ ато қиладиган солиҳлик, тинчлик ва қувончдан иборат.

[18] Масиҳга шу тарзда хизмат қилган одам Худони ҳам мамнун қилади, инсонларнинг ҳам мақтовига сазовор бўлади.

[19] Шунинг учун ўзаро тинч–тотув яшаш ва бир–биримизнинг имонимизни мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлайлик.

[20] Егуликни деб, Худонинг ишига путур етказманглар! Тўғри, ҳамма нарса ҳалол, аммо бирор нарсани еб, биродарини васвасага солган одам нотўғри иш қилган бўлади.

[21] Гўшт ейиш, шароб ичиш ёки шунга ўхшаш ишлар бирорта биродарни васвасага солаётган бўлса, буларни қилмаслик яхшидир.

[22] Бу масаладаги фикрингизни Худонинг Ўзи ҳукм қилсин. Тутган йўлини ҳукм қилмаган одам бахтиёрдир.

[23] Бирор нарсани ейиш ҳақида иккиланиб туриб, барибир ейишга қарор қилган одам ҳукмга дучор бўлиши муқаррар, чунки у ўз ишончига кўра, иш тутмаган бўлади. Ишончга асосланмасдан қилинган ҳар бир иш эса гуноҳдир.

Павлуснинг Римликларга мактуби — Chapters