[1] Хўш, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки суннатнинг нима фойдаси бор?
[2] Яҳудийлар ҳар жиҳатдан катта устунликка эгадирлар. Бу устунлик, энг аввало, шундан иборатки, Худонинг каломи уларга ишониб топширилган.
[3] Уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти? Уларнинг ишонмаганлиги Худонинг садоқатини бекор қиладими?
[4] Йўқ, асло! Ахир, ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир. Муқаддас битикларда Худо ҳақида шундай ёзилган–ку: “Шу боис ҳукм қилганингда Сен барҳақсан, Айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан.”
[5] Инсоний фикр юритиб айтайин: агар бизнинг қабиҳлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик? Бошимизга қаҳр–ғазаб ёғдиргани учун Худо адолатсизми?
[6] Йўқ, асло! Худо одилдир. Худо адолатсиз бўлганда эди, қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?!
[7] Менинг ёлғончилигим Худонинг ҳақлигига урғу бериб, Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келтирар экан, нима учун мен гуноҳкор сифатида маҳкум қилинишим керак?
[8] Шундай экан, “Яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми?” дейишимиз керакми?! Баъзилар бизга туҳмат қилиб, Павлус ўшандай таълим беряпти, деб айтмоқдалар. Бундай туҳмат қилганлар жазога лойиқдир.
[9] Хўш, биз, яҳудийлар, бошқалардан устунмизми? Йўқ, асло! Юқорида исботлаб ўтганимдай, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ ғайрияҳудий бўлсин, ҳар бир инсон гуноҳнинг ҳокимияти остидадир.
[10] Ахир, Муқаддас битикларда қуйидагидай ёзилган–ку: “Ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир, Ҳатто биронта ҳам йўқ!
[11] Биронта ҳам идрокли зот йўқ, Ҳеч ким Худога юз бурмайди.
[12] Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган, Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир, Ҳатто биронта ҳам йўқ!
[13] Очиқ қабр кабидир оғизлари, Улар ёлғон гапиради. Тилларидан илон заҳри томади.
[14] Уларнинг оғзидан аччиқ сўзлар, лаънат чиқади.
[15] Уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади,
[16] Қадамидан ҳалокату вайрона келади.
[17] Улар тинчлик йўлларини билмайди,
[18] Улар Худодан қўрқмайди.”
[19] Биз биламизки, қонун неки буюрган бўлса, қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида жавобгар бўлсин.
[20] Зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди, чунки қонун инсонга гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади.
[21] Мана энди қонунга алоқасиз равишда оқланиш йўлини Худонинг Ўзи аниқ кўрсатди. Буни Таврот ва Пайғамбарлар битиклари тасдиқлайди.
[22] Биз Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали Худонинг олдида оқланамиз. Одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ.
[23] Ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир.
[24] Лекин гуноҳкорлар Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар. Улар оқланишга лойиқ бўлмасалар–да, Худонинг инояти билан оқланадилар.
[25] Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашди. Шундай қилиб, Худо Ўзининг адолатини намоён қилди. У ўтмишда сабр–тоқат қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган эди, энди эса Исо Масиҳга ишонганларни оқлаб, Ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда.
[27] Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими? Йўқ, мақтовга ўрин йўқ. Нима сабабга кўра? Амрларни бажо келтиришни талаб қилувчи қонунга кўрами? Йўқ, инсонлар имон орқали оқланганда мақтанишга ҳеч ўрин қолмайди.
[28] Ахир, инсон қонун талабларини бажо қилиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади, биз бунга қаноат ҳосил қилдик.
[29] Наҳотки Худо фақат яҳудийларнинг Худоси бўлса?! У бошқа халқларнинг ҳам Худоси эмасми? Албатта, У бошқа халқларнинг ҳам Худосидир.
[30] Ахир, Худо ягона–ку! Суннатлиларни ҳам, суннатсизларни ҳам Худо имон орқали оқлайди.
[31] Демак, биз бу имон билан қонунни бекор қиляпмизми? Йўқ, асло! Аксинча, қонунни тасдиқлаяпмиз.