[1] Мен — Исо Масиҳнинг қули бўлган Павлусдан Римдаги биродарларимга салом! Мен ҳаворийликка даъват этилганман, Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман.
[2] Муқаддас битикларда ёзилгандай, Худо бу Хушхабарни бераман деб, Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган эди.
[3] Бу Хушхабар Худонинг Ўғли ҳақидадир. У жисман Довуд зурриётидан келиб чиққан эди.
[4] Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди.
[5] Ана шу Исо Масиҳ орқали Худо менга иноят кўрсатиб, ҳаворий бўлиш вазифасини берди. Токи барча халқлар Худога ишониб, итоат этсинлар, шунда Исо Масиҳнинг номи улуғланади.
[6] Сизлар ҳам, ўша халқлар қатори, Исо Масиҳга тегишли бўлишга даъват этилгансизлар.
[7] Мен ушбу мактубимни сизларга — Римдаги биродарларимга ёзяпман. Худо сизларнинг ҳаммангизни яхши кўриб, Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаган. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
[8] Авваламбор, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукур қиламан, чунки бутун дунё сизларнинг имонингиз ҳақида гапиряпти.
[9] Худонинг Ўғли ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканман, чин қалбимдан Худога хизмат қиламан. Худо шоҳид, мен доим сизлар учун ибодат қиламан.
[10] Ибодатларимда, доим Худодан: “Агар ироданг бўлса, имкон бер, мен бориб, Римдаги биродарларимни кўриб келай”, деб сўрайман.
[11] Сизларни роса кўргим келяпти, чунки сизлар билан руҳий инъомларни баҳам кўрсам, дейман, шунда сизлар имонда янада мустаҳкамроқ бўлардингиз.
[12] Тўғрироғи, кўришганимизда, бир–биримизнинг имонимиздан далда олсак, дейман.
[13] Биродарлар, билиб қўйинглар, мен кўп марта сизларнинг олдингизга боришни режалаштиргандим, аммо ҳеч йўл очилмади. Бошқа халқлар орасида Хушхабарни айтиб, яхши натижаларга эришдим. Римда ҳам шундай натижаларга эришишни истайман.
[14] Менинг бурчим маданиятлию маданиятсизларга, зиёлию саводсизларга Хушхабарни айтишдан иборат.
[15] Шунинг учун мен сизларга, яъни Римдагиларга ҳам Хушхабарни айтишга интизорман.
[16] Мен Хушхабардан ор қилмайман, чунки Худонинг куч–қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонганларнинг ҳаммаси қутқарилади. Ишонадиганлар яҳудийми, ғайрияҳудийми, фарқи йўқ!
[17] Бу Хушхабарда ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди, чунки Муқаддас битикларда: “Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади”, деб ёзилган.
[18] Барча фосиқлигу адолатсизлик устига самодан Худонинг қаҳри ёғилади, чунки инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар.
[19] Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир, Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган.
[20] Борлиқ яратилгандан бери Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди. Худонинг ижодига қараб, Унинг хусусиятларини тушуниб олса бўлади. Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз”, деб баҳона қилолмайдилар.
[21] Улар Худони билсалар–да, Уни улуғламадилар, Унга шукур қилмадилар. Аксинча, бемаъни ўй–хаёлларга берилиб кетдилар, уларнинг нодон онглари зулматга чўкди.
[22] Улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар.
[23] Улар мангу, улуғвор Худога эмас, балки ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи жониворлар суратидаги бутларга сажда қилдилар.
[24] Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Шу сабабдан улар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қиладилар.
[25] Улар Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Яратувчига эмас, балки яратилганга сажда қилиб, хизмат қиладилар. Яратувчи Худогагина то абад ҳамдлар бўлсин! Омин.
[26] Ҳақиқатни рад қилганлари учун Худо уларни ўзларининг беҳаё эҳтиросларига топширди. Ҳатто аёллар ҳам табиий жинсий муносабатни нотабиий муносабатга алмаштириб, бир–бирлари билан жинсий алоқа қилдилар.
[27] Худди шунингдек, эркаклар ҳам аёллар билан бўладиган табиий жинсий муносабатдан воз кечиб, бир–бирларига нисбатан шаҳвоний ҳирс билан ёндилар. Эркаклар бир–бирлари билан беҳаё ишлар қилиб, қилмишларига яраша жазо тортяптилар.
[28] Бу одамлар Худони таниб–билишни рад қилганлари учун, Худо уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди, оқибатда улар қилиш мумкин бўлмаган ишларни қиладилар.
[29] Улар ҳар турли адолатсизлик, ёмонлик, очкўзлик ва ёвузликка тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар.
[30] Улар ғийбатчи бўлиб, одамларнинг орқасидан гапирадилар. Худодан нафратланадилар. Улар сурбет, такаббур, мақтанчоқдирлар. Улар ёвуз ишлар қилишнинг ҳар хил йўлларини топадилар, ота–оналарига итоат қилмайдилар.
[31] Улар нодондирлар, уларга ишониб бўлмайди, уларда меҳр–шафқат йўқ.
[32] Худонинг қонунида, шундай ишларни қиладиган одамлар ўлимга лойиқ, деб айтилганини биладилар. Шундай бўлса–да, улар нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки ўшандай ишларни қилувчиларни қўллаб–қувватлайдилар.