Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:05

[1] Эгамиз Мусо орқали Ҳоруннинг руҳоний ўғилларига шундай деди: “Руҳоний қазо қилган қариндошининг жасадига тегиб ўзини булғамасин.

[2] Борди–ю, марҳум руҳонийнинг энг яқин қариндоши, яъни ота–онаси, ўғил–қизи, ака–укаси,

[3] шунингдек, турмушга чиқмаган опа–синглиси бўлса, улар туфайли булғаниши мумкин.

[4] Лекин хотини томонидан биров қазо қилса, у туфайли ўзини булғаб, мурдор бўлмасин.

[5] Руҳоний аза тутганда сочини қирмасин, соқолининг учини қирқмасин, баданини тилмасин.

[6] У Менинг олдимда муқаддас бўлсин, Мени бадном этмасин. Мен, Эгасига оловда куйдириладиган таом назрларини келтиргани учун у муқаддас бўлсин.

[7] Фоҳишалик қилиб булғанган ёки эридан ажралган аёлга уйланмасин. Зотан, руҳоний Менинг олдимда муқаддасдир.

[8] Халқ ҳам руҳонийни муқаддас деб билсин, чунки Мен, Худойингизга нон келтирадиган ўшадир. У одамлар учун муқаддас бўлсин, зотан, Мен, Эгангиз, муқаддасман. Халқимни муқаддас қиладиган Менман.

[9] Агар руҳонийнинг қизи фоҳишалик қилиб ўзини булғаса, у отасини ҳам булғаган бўлади. Ундай қизни тириклайин куйдириш лозим.

[10] Ака–укалари орасидан бошига мой суртиб танланган олий руҳоний руҳонийлик либосларини кийиш учун бағишлангандир. Шунинг учун у қайғудан сочини тўзитмасин, либосларини ҳам йиртмасин.

[11] Жасаднинг яқинига бормасин, ҳатто вафот этган ота–онаси туфайли ҳам ўзини булғамасин.

[12] У ота–онасини дафн қилиш учун Муқаддас чодирдан чиқмасин, шу туфайли Менинг Чодиримни булғамасин. Зотан, Менинг муқаддас қиладиган мойим унинг устидадир, у Менга бағишлангандир. Мен Эгангизман.

[13] Олий руҳоний фақат бокира қизга уйлансин.

[14] Бева, эридан ажралган ёки фоҳишалик қилиб булғанган аёлни хотинликка олмасин. Ўз қавмидаги бокира қизга уйлансин,

[15] шу тариқа муқаддас наслини ҳаромликдан асрасин. Мен, Эгангиз, уни муқаддас қилганман.”

[16] Эгамиз Мусо орқали

[17] Ҳорунга шундай деди: “Авлодингдан нуқсони бор бирор одам Менга қурбонликларни келтирмасин. Бунга авлодлар оша риоя қилинглар.

[18] Нуқсони бор ҳеч ким яқинимга келмасин: кўр, чўлоқ, юзи шикастланган, майиб,

[19] қўл–оёғи синган,

[20] букур, пакана, кўзида нуқсони бор, йиринглаган яралари ёки қўтири бор, мояги эзилган одам қурбонгоҳнинг яқинига бормасин.

[21] Руҳоний Ҳорун наслидан нуқсони бор биронтаси ҳам оловда куйдириладиган назрларни Мен, Эгангизга келтирмоқчи бўлиб яқинлашмасин. Нуқсони бўлгани учун у Менга таом назрларини келтириш учун яқинлашмасин.

[22] У Менинг қурбонликларимни, энг муқаддас ва муқаддас назрларимни тановул қилиши мумкин.

[23] Лекин нуқсони борлиги учун у Муқаддас хонадаги ички пардага ва қурбонгоҳга асло яқинлашмасин. Акс ҳолда, у муқаддас маконимни булғаган бўлади. Маконимни муқаддас қиладиган Эгангиз Менман.”

[24] Шундай қилиб, Мусо буларнинг ҳаммасини Ҳорун ва унинг ўғилларига ҳамда бутун Исроил халқига айтди.

Левилар (Тавротнинг учинчи китоби) — Chapters