[1] Эгамиз Учрашув чодиридан Мусони чақириб, унга
[2] Исроил халқи учун қуйидаги қонунларни берди: биронтангиз Эгамизга қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, подангиздаги ёки сурувингиздаги ҳайвонни олиб келинг.
[3] Борди–ю, қорамол подасидан бирорта ҳайвонни қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз бир буқани танлаб олинг. Эгамиз бу қурбонлигингизни қабул қилиши учун буқани Учрашув чодири кираверишига олиб келинг.
[4] Куйдириладиган ҳайвоннинг бошига қўлингизни қўйинг, шунда Эгамиз сизни гуноҳингиздан поклаш учун бу қурбонлигингизни қабул қилади.
[5] Сўнг буқани Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари буқанинг қонини олиб, Учрашув чодирига кираверишда турган қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.
[6] Сиз эса куйдириладиган қурбонликнинг терисини шилиб, танасини бўлакларга бўлинг.
[7] Руҳоний Ҳоруннинг ўғиллари қурбонгоҳга чўғ солиб, устига ўтин қалашсин.
[8] Сўнг қурбонликнинг бўлакларини, шунингдек, калласини ва ёғларини қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйишсин.
[9] Сиз эса қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Сўнг руҳоний буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
[10] Борди–ю, сиз сурувингиздаги қўй ёки эчкини қурбонлик қилиб куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз қўчқор ёки такани олиб келинг.
[11] Уни қурбонгоҳнинг шимол тарафида, Эгамизнинг ҳузурида сўйинг. Ҳоруннинг руҳоний ўғиллари қурбонликнинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин.
[12] Сиз қурбонликни бўлакларга бўлинг. Руҳоний эса бўлакларни қурбонликнинг калласи ва ёғлари билан бирга қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйсин.
[13] Сиз қурбонликнинг ичак–човоқлари ва оёқларини ювинг. Руҳоний буларнинг ҳаммасини келтириб, қурбонгоҳда куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
[14] Агар бирор қушни Эгамизга қурбонлик қилиб, куйдирмоқчи бўлсангиз, каптар ёки мусичани олиб келинг.
[15] Руҳоний уни қурбонгоҳ олдига олиб келиб, бўйнини узсин, сўнг бошини қурбонгоҳда куйдирсин. Қонини эса қурбонгоҳнинг ёнига оқизсин.
[16] Жиғилдонини, ичидаги нарсалари билан бирга, суғуриб олиб, қурбонгоҳнинг шарқ тарафига, кул турган ерга ташласин.
[17] Кейин қанотларидан тортиб, танасини ярмигача бўлсин, лекин икки қисмга ажратмасин. Сўнг уни қурбонгоҳдаги ёниб турган ўтинлар устига қўйиб куйдирсин. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Эгамизга ёқимли ҳид боради.