[1] Эгамиз Мусо орқали
[2] Ҳорунга, унинг ўғилларига ва жамики Исроил халқига қуйидаги амрларни берди:
[3] агар Исроил халқидан бирортаси қароргоҳда ёки қароргоҳ ташқарисида буқа, қўзи ёки эчкини қурбонлик қилса–ю,
[4] уни Эгамизга тақдим қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, ўша одам қон тўккани учун айбдор ҳисоблансин. Қон тўккан бу одам халқ орасидан йўқ қилинсин.
[5] Бу қоида Исроил халқининг далаларда қурбонликлар қилишларига чек қўяди. Улар қурбонликларини руҳонийга, Учрашув чодири кираверишига олиб келадиган бўлишади ва қурбонликларини тинчлик қурбонлиги қилиб, Эгамизга бағишлашади.
[6] Руҳоний қурбонликнинг қонини Учрашув чодирига кираверишда турган Эгамизнинг қурбонгоҳига сепсин. Сўнг Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун қурбонликнинг ёғини куйдирсин.
[7] Бундан буён Исроил халқи ўз қурбонликларини эчки жинларга келтирмасин, Эгамизга бевафолик қилмасин. Бу қоидага улар доимо, авлодлари оша риоя қилишсин.
[8] Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар қилса–ю,
[9] ўшаларни Эгамизга назр қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, у одам халқ орасидан йўқ қилинсин.
[10] Агар Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси қони чиқарилмаган гўштни еса, Эгамиз қон истеъмол қилган ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юборади.
[11] Зотан, жонзотнинг жони унинг қонидир. Эгамиз қонни сизларга қурбонгоҳ устида гуноҳларингизни ювиш учун берган. Жон ато этадиган қон сизларни гуноҳларингиздан поклайди.
[12] Шунинг учун Эгамиз Исроил халқига: “Қони чиқарилмаган гўштни зинҳор истеъмол қилманг, ораларингизда яшаётган мусофир ҳам қонни истеъмол қилмасин”, — деб айтган.
[13] Овланган ҳалол ҳайвон ёки қушнинг қонини чиқаринглар. Қонни тупроқ билан кўмиб қўйинглар. Бу қоида Исроил халқига ва уларнинг орасида истиқомат қилаётган мусофирларга тааллуқлидир.
[14] Ҳар бир жонзотнинг жони унинг қонидир. Шу боис Эгамиз Исроил халқига айтди: “Қони чиқарилмаган гўштни еманглар. Зотан, ҳар бир жонзотнинг жони қондадир. Қон истеъмол қилган одам халқи орасидан йўқ қилинсин.”
[15] Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиб ташлаган жониворнинг гўштини еган ҳар бир одам, Исроил халқидан ёки бошқа халқдан бўлишидан қатъий назар, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна пок бўлади.
[16] Борди–ю, у кийимларини ювмаса, ўзи ҳам ювинмаса, қилган гуноҳи учун жазоланади.