Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:48

[1] Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали

[2] Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: касаллик туфайли бирор эркакнинг жинсий аъзосидан ажралмалар оқса, у одам ҳаром бўлади.

[3] Ажралма оқиши давом этса ҳам, йўли ёпилгандан тана ичида қолса ҳам, одам ҳаром ҳисобланади.

[4] Бундай одам тўшакка ётса, тўшак ҳаром бўлади, у ўтирган ҳар қандай жой ҳам ҳаром ҳисобланади.

[5] Унинг тўшагига теккан ҳар қандай одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[6] Ажралмаси оққан одам ўтирган жойга ким ўтирса, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[7] Ажралмаси оққан одамга теккан ҳар ким кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[8] Ажралмаси оққан одам пок одамга тупурса, пок одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[9] Ажралмаси оққан одам эгарда ўтирган бўлса, эгар ҳаром ҳисобланади.

[10] Бундай одамнинг ўтирган нарсасига теккан ҳар ким кечгача ҳаром бўлади. Ким ўша нарсани кўтариб борса, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[11] Ажралмаси оққан одам қўлини ювмасдан кимга тегса, ўша одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[12] Ажралмаси оққан одам теккан ҳар қандай сопол идиш синдириб ташлансин, ёғоч идиш эса ювилсин.

[13] Ажралмаси оққан одам касаллигидан халос бўлгач, етти кун кутсин. Сўнг кийимларини ювиб, булоқ сувида ювинсин ва у пок бўлади.

[14] Саккизинчи куни у иккита каптар ёки иккита мусичани Эгамизнинг ҳузурига, Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.

[15] Руҳоний қушларнинг биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини эса куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу тариқа руҳоний ажралмаси оққан одамни Эгамизнинг ҳузурида ҳаромлигидан покласин.

[16] Агар бирор эркакдан маний оқса, у бутун баданини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади.

[17] Маний теккан ҳар қандай кийим ва чарм ювилсин, ўша нарсалар кечгача ҳаром бўлади.

[18] Эркак аёл билан ётгандан кейин, эркакдан маний оқса, иккови ҳам ювинишсин. Улар кечгача ҳаром бўладилар.

[19] Аёл киши ҳайз кўриб, баданидан қон оққанда, у етти кун давомида ҳаром ҳисобланади. Унга теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.

[20] Аёл ҳаромлигида ётган ва ўтирган ҳамма нарса ҳаромдир.

[21] Унинг тўшагига теккан одам кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлади.

[22] Аёл ўтирган буюмга теккан одам ҳам кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлади.

[23] Борди–ю, аёлнинг тўшаги ёки ўтирган буюми устида бирон нарса бўлса, ўша нарсага теккан одам ҳам кечгача ҳаром бўлади.

[24] Агар эркак ҳайз кўрган аёл билан ётса, аёлнинг ҳаромлиги эркакка ўтган бўлади. Эркак ҳам етти кун давомида ҳаром бўлиб, у ётган ҳар бир тўшак ҳаром ҳисобланади.

[25] Агар аёлнинг ҳайз кўрган пайтдан ташқари қони келса ва бу аҳвол узоқ вақт давом этса ёки ҳайз кўрган даври чўзилиб кетса, қон тўхтагунча аёл ҳаром ҳисобланади. У ҳайз кўрган кунларидай ҳаром бўлади.

[26] Ўша вақт давомида аёл ётган ҳар қандай тўшак ва ўтирган ҳар қандай буюм, ҳайз кўрган кунларидай, ҳаром бўлади.

[27] Ўша нарсаларга теккан одам ҳаром ҳисобланади. У кийимларини ювиб, ўзи ҳам ювинсин, у кечгача ҳаром бўлади.

[28] Аёлнинг қони тўхтаса, орадан етти кун ўтсин. Шундан кейин у пок бўлади.

[29] Саккизинчи куни у иккита каптар ёки иккита мусичани Учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин.

[30] Руҳоний қушлардан биттасини гуноҳ қурбонлиги, иккинчисини куйдириладиган қурбонлик қилсин. Шу йўсин руҳоний ҳайз кўрган аёлни Эгамизнинг ҳузурида ҳаромлигидан покласин.

[31] Хуллас, Исроил халқини ҳаромликдан сақланглар. Тағин улар ҳаромлиги билан ораларидаги Муқаддас чодиримни булғаб қўйиб, нобуд бўлмасинлар.

[32] Бу қоидалар жинсий аъзосидан маний оққан эркакларга,

[33] ҳайз кўрган аёлларга, ҳар қандай ажралмаси оққан эркагу аёлларга ва аёлнинг ҳаромлиги даврида у билан ётган эркакларга тааллуқлидир.

Левилар (Тавротнинг учинчи китоби) — Chapters