[1] Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали
[2] Исроил халқига шундай деди: “Ер юзидаги жамики ҳайвонлардан
[3] айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин.
[4] Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан қуйидагиларни тановул қилманг: туя кавш қайтаради–ю, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.
[5] Суғур кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.
[6] Қуён кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир.
[7] Чўчқа айри туёқ бўлгани билан кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир.
[8] Бу ҳайвонларнинг гўштини еманг, уларнинг мурдасига қўл теккизманг. Улар сизлар учун ҳаромдир.
[9] Денгиз ва дарёларда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади.
[10] Бироқ сувда яшайдиган, сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сузадиган ва бошқа турдаги жониворни еманг. Улардан ҳазар қилинг.
[11] Бундай жониворлар сизлар учун жирканчдир. Уларнинг гўштини оғзингизга олманг, мурдасидан ҳазар қилинг.
[12] Сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сув жонивори сизлар учун жирканчдир.
[13] Паррандалар орасидаги қуйидаги қушларни зинҳор еманг, улардан ҳазар қилинг, улар сизлар учун жирканчдир: қумой, болтаютар, тасқара,
[14] қизил калхат, қирғий ва унинг зоти,
[15] ҳар қандай қарға ва унинг зоти,
[16] туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти,
[17] япалоқ қуш, балиқчи укки, бойўғли,
[18] оқ бойўғли, бирқозон, жўрчи,
[19] лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак.
[20] Тўрт оёғида юрадиган ҳамма қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир.
[21] Лекин қанотли ҳашаротлар орасидаги, тўрт оёқда юрадиган баъзиларини ейишингиз мумкин. Оёқлари сакраш учун бўғинлар билан мосланган
[22] чигиртканинг ҳамма турини ва уларнинг зотини ейишингиз мумкин.
[23] Бошқа ҳамма тўрт оёқли, қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир.
[24] Баъзи ҳайвонлар сизларни булғайди. Уларнинг ўлигига қўл теккизсангиз, кечгача ҳаром бўласиз.
[25] Ҳаром ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади.
[26] Туёқли, лекин туёқлари бутунлай айрилмаган ёки кавш қайтармайдиган ҳар қандай ҳайвон сизлар учун ҳаромдир. Бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам ҳаром бўлади.
[27] Тўрт оёғида юрадиган панжали ҳайвонлар ҳам сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан ҳар бир одам кечгача ҳаром бўлади.
[28] Бундай ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин, у кечгача ҳаром бўлади. Улар сизлар учун ҳаромдир.
[29] Ерда ўрмалаб юрадиган майда жониворлардан сизлар учун қуйидагилар ҳаромдир: каламуш, сичқон, эчкемар ва унинг зоти,
[30] геккон, кулранг эчкемар, оддий калтакесак, чўл калтакесаги ва буқаламун.
[31] Буларнинг ҳаммаси сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади.
[32] Агар бундай жониворнинг мурдаси бирор нарсанинг устига тушса, ўша нарса ҳаром бўлади. Ҳаром бўлган бундай нарса — ёғоч, мато, чарм ёки қанордан бўлишидан ва нимага ишлатилишидан қатъий назар, уни сувга ботириб, чайиб олинг. Бу нарса кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна ҳалол бўлади.
[33] Борди–ю, бундай жонивор ўлиб, сопол идишнинг ичига тушса, идишдаги ҳамма нарса ҳаром бўлади. Шунда идишнинг ўзини ҳам синдиринг.
[34] Бундай идишдаги сув ҳар қандай овқат устига тушса, овқат ҳам ҳаром бўлади. Ҳаром идишдаги ҳар қандай ичимлик ҳаром ҳисобланади.
[35] Жониворнинг мурдаси тушган ҳамма нарса ҳаром бўлади. Мурда тандир ёки ўчоққа тушган бўлса, шу нарсалар ҳаром ҳисобланиб бузиб ташлансин. Уларни ҳаром деб билинг.
[36] Лекин мурда булоқ ёки сув йиғиладиган сардобага тушса, булоқ ва сардоба ҳалоллигича қолади. Аммо ўша жониворнинг мурдасига нимаики тегса, бу нарса ҳаром ҳисобланади.
[37] Борди–ю, мурда экиш учун ажратиб қўйилган уруғ устига тушса, уруғ ҳалол ҳисобланади.
[38] Аммо мурда сувда ивитилган уруғ устига тушса, уруғ ҳаром бўлади.
[39] Борди–ю, еса бўладиган ҳайвон ўлса, бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади.
[40] Унинг гўштидан еган ёки мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. Бундай одам кечгача ҳаром бўлади.
[41] Ерда ўрмалаб юрувчи ҳар қандай жонивор сизлар учун жирканчдир. Уларни тановул қилманг.
[42] Қорни билан судралиб юрувчи, тўрт оёқли ва кўп оёқли жониворларни еманг. Улар сизлар учун жирканчдир.
[43] Бундай жониворларни еб, булғанманг. Улар туфайли ўзингизни ҳаром қилманг.
[44] Зотан, Мен Эгангиз Худоман. Ўзингизни Менга бағишлаб муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман. Ўрмалаб юрадиган жониворлар дастидан ўзингизни булғаманглар.
[45] Мен Эгангизман, Худойингиз бўлишим учун сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Шундай экан, Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман.
[46] Ҳайвонлар, қушлар, сувдаги турли жониворлар ва ерда судралувчи жонзотларга оид қонунлар шудир.
[47] Сизлар ҳалолни ҳаромдан ажрата олинг, ейиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган тирик жониворларнинг фарқига боринг.”