Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:42

[1] Эгамиз Мусо орқали

[2] Исроил халқига шундай деди: “Мен Эгангиз Худоман.

[3] Сизлар яшаб юрган Миср халқининг одатларига ва Мен сизларни олиб бораётган Канъон юртидаги халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг удумларига эргашманглар.

[4] Фақат Менинг қонунларимга итоат этинглар, қоидаларимни битта қолдирмай бажаринглар. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.

[5] Қонун–қоидаларимга амал қилинглар. Уларга риоя қилган одам ҳаётдан баҳраманд бўлади. Мен Эгангизман.

[6] Туғишган яқин қариндошингиз билан ётманг. Мен Эгангизман.

[7] Онангиз билан ётиб, отангизнинг шаънига доғ туширманг. Онангиз бўлгани учун у билан ётманг.

[8] Отангизнинг хотини билан ётманг, бундай қилиб отангизнинг шаънига доғ туширманг.

[9] Туғишган ёки ўгай опа–синглингиз билан ётманг. У отангизнинг қизи ёки онангизнинг қизи бўлишидан қатъий назар, сиз билан бир уйда катта бўлган ёки бошқа жойда ўсганидан қатъий назар, у билан ётманг.

[10] Ўз неварангиз — ўғлингизнинг қизи ёки қизингизнинг қизи билан ётманг. Бундай қилиб ўз шаънингизга доғ туширманг.

[11] Отангиздан туғилган, ўгай онангизнинг қизи билан ётманг, чунки у сизнинг ўгай синглингиздир.

[12] Аммангиз билан ётманг, чунки у отангизнинг жигаридир.

[13] Холангиз билан ётманг, чунки у онангизнинг жигаридир.

[14] Амакингизнинг шаънига доғ тушириб, унинг хотини билан ётманг. Ахир, у сизнинг келин ойингиздир.

[15] Келинингиз билан ётманг. У ўғлингизнинг хотинидир.

[16] Ака–укангизнинг хотини билан ётманг. Бундай қилиб акангизнинг шаънига доғ туширманг.

[17] Сиз бирор аёл билан ётган бўлсангиз, ўша аёлнинг қизи ёки қиз невараси билан ётманг. У ўғлининг қизи бўлса ҳам ёки қизининг қизи бўлса ҳам у билан ётманг, улар қондошдир. Бундай қилиш бузуқликдир.

[18] Хотинингизнинг синглисини хотинингизга кундош қилманг. Хотинингиз тирик экан, унинг синглиси билан ётманг.

[19] Ҳайз кўриб ҳаром бўлган аёл билан ётманг.

[20] Қўшнингизнинг хотини билан жинсий алоқа қилиб, ўзингизни булғаманг.

[21] Болаларингизнинг бирортасини Мўлахга қурбонлик қилманг, ахир, Мен Эгангизман. Бундай қилмиш билан Мен, Худойингизни бадном қилманг.

[22] Аёл билан ётгандай, эркак киши билан ётманг. Бу жирканчдир.

[23] Ҳайвон билан жинсий алоқа қилиб, ўзингизни булғаманг. Аёл киши ҳам ўзини ҳайвонга қўйиб бериб, у билан жинсий алоқа қилмасин. Бу ўтакетган разилликдир.

[24] Бундай ишлар қилиб ўзингизни булғаманг. Мен олдингиздан ҳайдаётган халқлар мана шундай ишлари туфайли булғанган эдилар.

[25] Натижада бутун юрт ҳаром бўлиб кетди. Мен юртни жазоладим, юрт эса у ернинг халқларини қусиб юборди.

[26] Сизлар Менинг қонун–қоидаларимга риоя қилинглар. Исроил халқидан бўлганлар ва орангизда яшаётган мусофирлар бундай жирканч ишларни қилмасин.

[27] Зотан, сизлардан олдин мана шу юртда яшаган халқлар бу жирканч ишларнинг ҳаммасини қилиб, юртни булғаган эдилар.

[28] Агар сизлар ҳам юртни булғасангиз, бу юрт олдинги халқларни қусиб юборгандай сизларни ҳам қусиб юборади.

[29] Бундай жирканч ишни қилган ҳар қандай одам халқ орасидан йўқ қилинсин.

[30] Хуллас, талабларимни бажаринглар. Сизлардан олдин бу юртда қилинган жирканч ишларни қилиб, ўзингизни булғаманглар. Зотан, Мен Эгангиз Худоман.”

Левилар (Тавротнинг учинчи китоби) — Chapters