Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:47

[1] Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилган куни Довуд Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди:

[2] “Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир.

[3] Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман. Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим, Қўрғониму бошпанам. Халоскорим, зулмдан мени Сен қутқарасан!

[4] Эгамга илтижо қиламан, Ғанимларимдан У мени халос қилади. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

[5] Ўлим тўлқинлари мени қуршаб олганди, Бало–қазо селлари даҳшат ила босганди,

[6] Ҳа, ўликлар диёрининг тўрлари мени ўраб олганди, Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди.

[7] Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Ҳа, Худойимга илтижо қилдим. Маъбадидан туриб У овозимни эшитди, Оҳу нолам қулоғига етиб борди.

[8] Ўша замон ер юзи титраб, тебранди, Осмон пойдевори ларзага келди, Эгам ғоят ғазабга минган эди.

[9] Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди, Оғзидан оташ пишқирарди, Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди.

[10] У кўкларни ёриб, пастга тушди, Оёқлари остида — қора булут.

[11] Эгам бир карубга миниб учиб келди, Ел қанотлари узра кўринган эди.

[12] Атрофини зулмат билан ўради, Атрофидаги қора булутларни Ўзига чайла қилди.

[13] Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди, Қип–қизил чўғ ёғилиб турди.

[14] Эгамнинг овози кўклардан гулдиради, Худойи Таолонинг садоси эшитилди.

[15] Ўқлар отди, чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди, Уларни саросимага солди.

[16] Эгамнинг таҳдидларидан, Унинг қаҳрли нафасидан Денгизнинг туби кўриниб қолди, Замин пойдевори яланғоч бўлиб қолди.

[17] Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди, Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди.

[18] Мени кучли ғанимларим қўлидан, Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди, Улар мендан кучли эдилар.

[19] Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар, Аммо Эгам менга таянч бўлди.

[20] Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди, Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.

[21] Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди, Айбсизлигим учун мени тақдирлайди.

[22] Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим, Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим.

[23] Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим, Фармонларидан бўйин товламадим.

[24] Унинг олдида бенуқсон бўлдим, Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.

[25] Шу сабабли Эгам мени пок деб билди, Солиҳлигимга яраша мукофот берди.

[26] Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан, Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан.

[27] Пок кишига поклигингни кўрсатасан, Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан.

[28] Аҳли камтарга эса нажот берасан, Димоғдорни кузатиб, ерга урасан.

[29] Эй Эгам! Сен Ўзинг чироғимсан, Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан.

[30] Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан, Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.

[31] Худонинг йўли комилдир, Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир, Паноҳ излаб борганга У қалқондир.

[32] Эгамиздан бошқа Худо ким экан?! Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?!

[33] Менинг мустаҳкам қалъам Худодир, Йўлимни Ўзи бехатар қилади.

[34] У оёқларимни кийик оёғидай қилади, Чўққилар узра мени бехатар юргизади.

[35] Қўлларимни жанг қилишга ўргатади, Бармоқларим бронза ёйни бука олади.

[36] Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан, Мададинг эса мени юксалтиради.

[37] Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан, Оёқларим сира оғиб кетмайди.

[38] Ғанимларимни қувлаб, ҳалок қилдим, Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.

[39] Уларни шундай эздимки, ҳеч ҳам тура олмадилар. Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.

[40] Сен менга қувват бериб, жангга юбординг, Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.

[41] Ғанимларимни мендан қочирдинг, Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим.

[42] Улар мадад сўраб фарёд қилдилар, Нажоткорни эса тополмадилар, Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар, Аммо Сен жавоб бермадинг.

[43] Ердаги тупроқ сингари уларни эздим, Йўлдаги лойдек тепкилаб босдим.

[44] Сен мени халқим ғийбатидан халос қилдинг, Мени элларга йўлбошчи қилиш учун сақладинг. Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.

[45] Ёт эллар менга бўйин эгдилар, Овозимни эшитибоқ қулоқ тутдилар.

[46] Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилдилар, Қалтираб манзилидан чиқиб қочдилар.

[47] Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин! Нажотим қояси — Худойим юксалсин!

[48] Қасдимни олган Худодир, Халқларни менга У тобе қилган.

[49] Мени ғанимларимдан У қутқарган, Босқинчилардан мени устун қилган, Мени зўравонлар қўлидан халос этган.

[50] Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб сано айтаман!

[51] Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради, Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига То абад содиқ севгисини кўрсатади.”

Шоҳлар (иккинчи китоб) — Chapters