[1] Абсалом ўзи учун битта жанг араваси, отлар ва элликта қўриқчини тайёрлаб қўйди.
[2] У эрталаб туриб, шаҳар дарвозасига борадиган йўл бўйида турадиган бўлди. Жанжалли иш билан шоҳ ҳузурига арз қилиб келаётган ҳар бир одамни Абсалом тўхтатиб: — Қаерликсан? — деб сўрарди. Ўша одам: “Исроилнинг фалон қабиласиданман”, деб жавоб берарди.
[3] Абсалом эса унга: — Қара, даъволаринг тўғри, сен ҳақсан. Лекин сенинг гапингга қулоқ соладиган, шоҳ тайинлаган бирор вакил йўқ, — дерди.
[4] Кейин: — Агар юртга мен ҳакам бўлганимда эди, — деб қўшиб қўярди, — шикоят ёки бирор масала билан менинг олдимга келган одамга адолат қилардим.
[5] Бирортаси унинг олдига мук тушиб, таъзим қилиб келиши биланоқ, Абсалом ўша одамни турғизиб, ўпиб қўярди.
[6] Шоҳ ҳузурига шикоят қилиб келган Исроил халқининг ҳаммасига Абсалом шундай муомала қиларди. Хуллас, Абсалом шу йўсинда Исроил халқини ўзига оғдириб олди.
[7] Орадан тўрт йил ўтгач, Абсалом шоҳга деди: — Ижозат берсангиз, мен Хевронга бориб, Эгамга атаган назримни адо этайин.
[8] Чунки мен, қулингиз, Орамда — Гашур юртида яшаётганимда, Эгам мени Қуддусга қайтарса, албатта Хевронга бориб Унга сажда қиламан, деб назр атаган эдим.
[9] — Эсон–омон бор! — деди шоҳ Абсаломга. Абсалом Хевронга борган заҳоти
[10] ҳамма Исроил қабилаларига махфий хабарчилар жўнатиб, уларга шундай деди: “Бурғу овозини эшитишингиз биланоқ, Абсалом Хевронда шоҳ бўлди, деб овоза қиласизлар.”
[11] Абсалом Қуддусдан таклиф қилган икки юз киши у билан бирга Хевронга борганди. Таклиф қилинган одамлар, бўлиб ўтган воқеалардан бехабар, яхши ният билан Абсаломга эргашишганди.
[12] Абсалом Хевронда қурбонлик қилаётиб, Довуднинг маслаҳатчиси Охитофелни ҳам чақиртириб келди. Охитофел Гилохда яшарди. Шу тариқа фитна кучайиб, Абсаломни қўллаётганлар тобора кўпайиб борарди.
[13] Бир хабарчи Довуднинг олдига келиб: — Абсалом Исроил халқининг ишончини қозонди, — деди.
[14] Шундан сўнг Довуд Қуддусда ўзига хизмат қилиб юрган ҳамма одамларига шундай буйруқ берди: — Қани, қочиб қолайлик! Бўлмаса, Абсалом бизни соғ қўймайди. Ҳозироқ кетайлик, акс ҳолда, Абсалом орқамиздан бирпасда етиб олиб бизни бир балога гирифтор қилади, шаҳар аҳолисини бирма–бир қиличдан ўтказади!
[15] — Шоҳ ҳазратлари нима қарорга келган бўлсалар, биз, қулларингиз, бажаришга тайёрмиз, — дейишди шоҳнинг аъёнлари.
[16] Шундай қилиб, шоҳ бутун сарой аҳлини эргаштириб, йўлга тушди. Саройга қараб турсин деб, фақат ўнта канизагини у ерда қолдирди.
[17] Шоҳ ва унинг ҳамроҳлари шаҳарнинг энг четидаги уйга етиб боришгач, ўша ерда тўхташди.
[18] Шоҳнинг жамики лашкари, Харетлик ва Палатлик ҳамма қўриқчилар, Гат шаҳридан унга эргашиб келган олти юзта одам шоҳнинг олдидан ўтди.
[19] Шоҳ Гатлик лашкарбоши Этхайга: — Нимага сен биз билан келяпсан? — деди. — Орқангга қайт, ким шоҳ бўлса, ўша шоҳ билан қол, чунки сен ватанидан қувилган бир бегонасан.
[20] Сен кечагина келдинг. Мен эса бугун қаерга боришимни ўзим билмайман–у, сени бирга олиб кетиб сарсон қилайми? Қани, биродарларинг билан орқага қайт. Эгам марҳаматини ва садоқатини сендан дариғ тутмасин!
[21] Этхай шоҳга шундай жавоб берди: — Шоҳ ҳазратлари! Худо шоҳид, онт ичиб айтаманки, сизни ташлаб кетмайман. Хоҳ ҳаёт учун бўлсин, хоҳ ўлим учун бўлсин, сиз қаерда бўлсангиз, мен — қулингиз ҳам ўша ерда бўламан.
[22] — Бўпти, мен билан юравер, — деди Довуд Этхайга. Шундан кейин Гатлик Этхай, унинг ёнидаги ҳамма одамлари, бола–чақалари билан, Довуднинг ёнидан ўтиб йўлда давом этдилар.
[23] Халқ йўлда давом этаркан, атрофда эл–юрт зор–зор йиғлаб фарёд чекарди. Шоҳ Қидрон сойлигини босиб ўтди. Халқ саҳрога борадиган йўл бўйлаб кетарди.
[24] Руҳоний Зодўх билан Худонинг Аҳд сандиғини кўтариб бораётган левилар, руҳоний Абуатар ҳам шу ерда жам бўлган эдилар. Улар Худонинг Сандиғини ерга қўйиб, халқ шаҳардан чиқиб бўлгунча кутиб туришди.
[25] Бир пайт Зодўхга шоҳ деди: — Худонинг Сандиғини шаҳарга қайтариб олиб бор. Агар Эгам мендан рози бўлса, мени қайтарсин, Сандиқ турадиган жойни ва Сандиқни менга яна кўрсатсин.
[26] Аммо Эгам: “Сендан рози эмасман”, деса, майли, Унга нима маъқул бўлса, шуни қилсин.
[27] Шоҳ руҳоний Зодўх билан гапини давом эттирди: — Ахир, сен валийсан–ку! Ўғлинг Охимасни ва Абуатарнинг ўғли Йўнатанни ёнингга ол. Абуатар билан бирга шаҳарга эсон–омон қайтиб боринглар.
[28] Сизлардан аниқ хабар келмагунча, мен Иордан дарёсининг кечувида яшириниб ўтираман. Мен саҳрога кетишдан олдин Қуддусда нима бўлаётганини билайин.
[29] Хуллас, Зодўх билан Абуатар Худонинг Сандиғини Қуддусга қайтариб олиб кетишди ва ўзлари ҳам ўша ерда қолишди.
[30] Довуд эса йиғлай–йиғлай Зайтун тоғига кўтарила бошлади. У қайғу–аламлардан бошини ўраб олган, ялангоёқ, ёнидаги ҳамма одамлар ҳам бошларини ўраган, йиғлаганларича тоққа чиқишарди.
[31] Шу пайт кимдир Довудга: — Маслаҳатчи Охитофел ҳам Абсалом билан бирга фитна уюштирганларнинг орасида экан, — деб қолди. — Эй Эгам! Илтижо қиламан: Охитофел Абсаломга аҳмоқона маслаҳат берсин! — деди Довуд.
[32] Довуд Зайтун тоғининг тепасига, Худога сажда қилинадиган жойга чиқиб борганда, у ерда Довудни Орух уруғидан бўлган Хушай кутиб олди. Хушай аянчли аҳволда бўлиб, қайғудан кийимларини йиртган, бошига тупроқ сочган эди.
[33] Довуд унга: — Агар мен билан борсанг, менга юк бўласан, — деди.
[34] — Сен шаҳарга қайтиб бор, Абсаломга: “Эй шоҳим, мен сизнинг қулингизман, отангизга олдин қандай итоат этган бўлсам, сизга ҳам шундай итоат этаман”, дейсан. Мен учун Охитофелнинг маслаҳатини йўққа чиқарасан.
[35] Руҳонийлар Зодўх билан Абуатар ўша ерда сенинг ёнингда бўлишади. Шоҳ саройида нима эшитсанг, уларни хабардор қилиб тур.
[36] Зодўхнинг ўғли Охимас билан Абуатарнинг ўғли Йўнатан ҳам ўша ерда. Нимаики эшитсангизлар, руҳонийларнинг ўғиллари орқали мени хабардор қилиб турасизлар.
[37] Шундай қилиб, Довуднинг дўсти Хушай Қуддусга келди. Худди шу пайтда Абсалом ҳам Қуддусга кираётган эди.