Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 9:03

[1] Сўнгра шундай ҳодиса содир бўлди: Довуднинг Омнўн ва Абсалом деган ўғиллари бор эди. Унинг Тамара деган гўзал бир қизи ҳам бор эди. Тамара Абсаломнинг туғишган синглиси бўлиб, Омнўнга ўгай эди.

[2] Омнўн ўгай синглиси Тамарани деб азоб чекавериб, касал бўлиб қолди. Тамара ҳали бокира бўлгани учун, Омнўн унга бирор нарса қилишга ожиз эди.

[3] Омнўннинг Ёнадав деган дўсти бор эди. Ёнадав Довуднинг акаси Шимонинг ўғли бўлиб, жуда айёр йигит эди.

[4] Бир куни Ёнадав Омнўнга деди: — Эй шаҳзода, нимага кундан–кунга озиб–тўзиб кетяпсан? Менга ҳам сабабини айт–чи. — Ўгай акам Абсаломнинг синглиси Тамарани севиб қолдим, — деди Омнўн.

[5] — Тўшакка михланиб, ўзингни касалга сол, — деди Ёнадав. — Отанг сени кўргани келганда, унга: “Марҳамат қилиб, синглим Тамара келиб менга бирон таом берсин, таомни кўз олдимда тайёрлаганини мен кўрайин ва унинг қўлидан таом еяйин”, деб айтасан.

[6] Хуллас, Омнўн тўшакка михланиб, ўзини касалга солди. Шоҳ уни кўргани келди. — Марҳамат қилиб, синглим Тамара келиб, олдимда икки дона нон ёпсин, мен унинг қўлидан нон еяйин, — деди Омнўн.

[7] Тамара саройда яшарди. Довуд унга: “Аканг Омнўннинг уйига бориб, унга нон ёпиб бер”, деб айттириб юборди.

[8] Тамара ўгай акаси Омнўннинг уйига борди. Омнўн тўшакда ётган экан. Тамара хамир қориб, акасининг кўзи олдида нон ёпди.

[9] Товадаги нонни олиб келиб, Омнўннинг олдига қўйган эди, у емади. Омнўн: — Ҳузуримдан ҳамма чиқиб кетсин! — деб буйруқ берди, уйда ҳеч ким қолмади.

[10] Шундан кейин Омнўн Тамарага: — Таомни ётоқхонамга олиб кир, сенинг қўлингдан еяйин, — деди. Тамара ўзи ёпган нонларни акаси Омнўннинг ётоқхонасига олиб кирди.

[11] Енг, деб нонни акасига яқин олиб борган эди, Омнўн бирдан Тамарага ёпишиб: — Кел, мен билан бирга бўл, синглим! — деди.

[12] — Йўқ, ака, мени зўрламанг! — деди Тамара. — Исроилда бунақа қилишмайди–ку! Бундай қабиҳ ишни қилманг!

[13] Бундай шармандаликдан кейин мен қандай бош кўтариб юраман?! Сиз эса Исроилдаги разил одамлардан биттаси бўлиб қоласиз. Шоҳга айтсангиз, у мени сиздан аямайди–ку!

[14] Лекин Омнўн Тамаранинг гапига қулоқ солмади. Омнўн Тамарадан кучлироқ эди, Тамарани зўрлаб ётқизиб, номусига тегди.

[15] Кейин Омнўн Тамарадан шундай нафратланиб кетдики, унга бўлган нафрати ардоқлаган севгисидан кучли эди. — Тур, жўна! — деди у Тамарага.

[16] — Йўқ! — деди Тамара. — Мени ҳайдаяпсиз, лекин бу ишингиз менга қилган ҳозирги гуноҳингиздан оғирроқдир. Бироқ Омнўн унинг гапига қулоқ солмади.

[17] Хизматкорини чақириб: — Бу хотинни ҳузуримдан ҳайдаб чиқариб, эшикни ёп! — деди.

[18] Хизматкор Тамарани ташқарига ҳайдаб чиқариб, орқасидан эшикни ёпди. Тамара узун, чиройли гулли либос кийган эди. Шоҳнинг турмушга чиқмаган қизлари шундай кийинишарди.

[19] Тамара қайғудан бошига кул сочиб, устидаги узун либосини йиртиб ташлади. Уятдан юзини қўли билан тўсиб, фарёд солганича кетди.

[20] Акаси Абсалом ундан: — Аканг Омнўн сен билан бўлдими? — деб сўради. — Майли, синглим, бу ҳақда бирортасига оғиз оча кўрма! Ахир, у аканг–ку! Бу воқеани кўнглингга олма. Шундан сўнг Тамара акаси Абсаломнинг уйида яшаб юраверди. У доимо ёлғиз, ғамгин эди.

[21] Шоҳ Довуд бўлиб ўтган воқеани эшитиб, қаттиқ ғазабланди.

[22] Абсалом эса синглиси Тамаранинг номусини булғагани учун Омнўндан қанчалик нафратланса ҳам, унга бирор марта на яхши, на ёмон гап қилди.

[23] Икки йилдан кейин Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини Баал–Хазорга зиёфатга таклиф қилди. Баал–Хазор Эфрайим шаҳри яқинида бўлиб, бу ерда Абсалом қўйларининг жунини қирқтираётган эди.

[24] Абсалом шоҳнинг ҳузурига келиб: — Қўйларимнинг жунини қирқтиряпман, марҳамат қилиб, шоҳ аъёнлари билан бирга мен, қулингизга ҳамроҳ бўлсинлар, — деди.

[25] — Биз ҳаммамиз борсак, сенга юк бўламиз, ўғлим, — деди шоҳ Довуд. Абсалом қанча илтимос қилмасин, шоҳ, бора олмайман, деб унамади, бормаса ҳам, ўғлини дуо қилди.

[26] — Бўлмаса, ижозат берсангиз, акам Омнўн биз билан борсин, — деди Абсалом. — Омнўн нимага сен билан бориши керак? — деб сўради шоҳ.

[27] Абсалом илтимос қилавергандан кейин, шоҳ Омнўнни ва бошқа ўғилларини у билан бирга жўнатди.

[28] Абсалом хизматкорларига шундай буйруқ берган эди: — Қараб туринглар, Омнўн шароб ичиб, сархуш бўлишини кутинглар. Сизларга “Омнўнни уринг”, деб айтишим биланоқ, уни ўлдирасизлар. Қўрқманглар, сизларга мен буйруқ беряпман. Дадил, мард бўлинглар!

[29] Хизматкорлар Абсаломнинг буйруғини ижро этиб, Омнўнни ўлдирдилар. Шоҳнинг қолган ўғиллари эса хачирларига миниб қочиб қолишди.

[30] Улар йўлда кетаётганларида, “Абсалом шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдирибди, бирортаси ҳам тирик қолмабди” деган хабар Довуднинг қулоғига етди.

[31] Шоҳ ўрнидан турди–да, қайғудан кийимларини йиртиб, ўзини ерга отди. Унинг ёнидаги барча аъёнлари ҳам кийимларини йиртишди.

[32] Довуднинг Шимо деган акасининг ўғли Ёнадав шундай деди: — Шоҳ ҳазратлари, ҳамма ўғилларимдан айрилибман, деб ўйламасинлар, фақат Омнўн ўлди, холос. У ўгай синглиси Тамаранинг номусига теккандан буён Абсалом Омнўнни ўлдиришга қасд қилиб юрарди.

[33] Шоҳ жаноби олийлари, ҳамма ўғилларингиз ўлдирилибди деган хабардан хавотирга тушмасинлар. Фақат Омнўн ўлган, холос.

[34] Абсалом ўша заҳоти қочиб кетди. Қуддус девори устидаги соқчи ғарб томондан шаҳарга қараб келаётган бир тўп оломонни кўрди.

[35] Ёнадав шоҳга: — Ана, ўғилларингиз келишяпти, мен, қулингиз, айтгандай бўлди, — деди.

[36] У гапини тугатар–тугатмас, шоҳнинг ўғиллари етиб келиб, фарёд кўтаришди. Шоҳ ҳам, аъёнлар ҳам ҳўнг–ҳўнг йиғлаб кўз ёш тўкишди.

[37] Абсалом қочиб кетиб, Гашур шоҳи Талмайнинг ёнига борди ва у ерда уч йил қолиб кетди. Талмай Омиҳуд деганнинг ўғли эди. Шоҳ Довуд эса ўғли Омнўн учун узоқ вақт мотам тутди.

[39] Довуд Омнўннинг ўлимидан тасалли топгандан кейин, Абсаломни соғина бошлади.

Шоҳлар (иккинчи китоб) — Chapters