[1] Жамики Исроил қабилалари Хевронга — Довуднинг ҳузурига келиб шундай дейишди: — Биз ҳам сизнинг жигарингизмиз.
[2] Илгари Шоул шоҳимиз бўлганда ҳам, урушларда Исроил лашкарига ўзингиз бош бўлар эдингиз. Эгамиз сизга: “Сен халқим Исроилнинг чўпони бўлиб, уларни боқасан, Исроилга сен раҳнамолик қиласан”, деб айтган эди.
[3] Шундай қилиб, Довуд Хевронда Исроил оқсоқоллари билан Эгамиз олдида аҳд қилди. Исроил оқсоқоллари Довуднинг бошига мой суртиб, уни Исроил устидан шоҳ қилиб кўтаришди.
[4] Довуд ўттиз ёшида шоҳ бўлиб, қирқ йил шоҳлик қилди:
[5] Хевронда етти йилу олти ой Яҳудо устидан, Қуддусда эса ўттиз уч йил бутун Исроил ва Яҳудо устидан шоҳ бўлди.
[6] Шоҳ Довуд одамлари билан Қуддусда яшаётган Ёбус халқига қарши отланганда, улар Довудга: “Сен бу ерга кира олмайсан, ҳатто орамиздаги кўрлар билан чўлоқлар ҳам сени орқангга улоқтириб юборади”, дейишди. Ёбус халқи: “Довуд шаҳримизни босиб ололмайди”, деб ўйлаган эди.
[7] Аммо Довуд Сион қалъасига бостириб кириб, қалъани эгаллади. Кейинчалик бу қалъага “Довуд қалъаси” деб ном берилди.
[8] Ўша куни Довуд одамларига шундай деди: — Кимки Ёбус халқини енгмоқчи бўлса, шаҳарга қувур орқали кириб, “чўлоқ” ва “кўр” Ёбусларга ҳужум қилсин. Уларни кўргани кўзим йўқ. Шу сабабдан: “Кўрлар билан чўлоқлар Худо уйига кирмайди” деган гап пайдо бўлган.
[9] Шундай қилиб, Довуд қалъани эгаллаб, бу ерни “Довуд қалъаси” деб атади. У Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллодан бошлаб, бутун шаҳар атрофини девор билан ўраб мустаҳкамлади.
[10] Довуд тобора кучайиб борарди, чунки Парвардигори Олам — Эгамиз унга ёр эди.
[11] Тир шоҳи Хирам Довудга элчилар жўнатиб, садр ёғочларини, дурадгорлар ва тош терувчиларни ҳам йўллади. Улар Довудга бир сарой қуриб беришди.
[12] Довуд энди билдики, Эгамиз уни Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлаган экан, Эгамиз Ўз халқининг ҳақи–ҳурмати учун унинг шоҳлигини юксалтирган экан.
[13] Довуд Хеврондан Қуддусга келгандан кейин, бу ерда яна канизаклар, хотинлар олди, улар Довудга янада кўп ўғил–қизлар туғиб беришди.
[14] Довуднинг Қуддусда туғилган фарзандлари қуйидагилар эди: Шаммува, Шўвав, Натан, Сулаймон,
[15] Йибхар, Элишува, Нафах, Ёфия,
[16] Элишама, Элёдах ва Элифалет.
[17] Филистлар: “Исроил халқи Довудга мой суртиб шоҳ қилишибди” деган хабарни эшитишди. Шундан кейин барча Филист лашкари Довудни қидириб жангга отландилар. Довуд бу хабарни эшитиб, муҳофаза қўрғонига чиқди.
[18] Филистлар келиб, Рафа водийсида ёйилдилар.
[19] Довуд Эгамиздан: — Филистларга ҳужум қилайми? Уларни қўлимга берасанми? — деб сўради. — Ҳужум қил! — деб жавоб берди Эгамиз Довудга, — уларни албатта қўлингга бераман.
[20] Шундай қилиб, Довуд Баал–Перазимга кетди ва у ерда Филистларни тор–мор қилди. Кейин шундай деди: — Сув тўғондан тошиб, далани босгани сингари, Эгам ғанимларимни босиб, олдимдан улоқтириб юборди. Шу сабабдан бу ерга “Баал–Перазим” деган ном берилди.
[21] Филистлар ўша ерда бутларини ташлаб қочган эдилар, Довуд одамлари билан ўша бутларни олиб кетди.
[22] Кўп ўтмай Филистлар яна Рафа водийсига келиб, жангга шай бўлиб туришди.
[23] Довуд тағин Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради. Эгамиз эса шундай жавоб берди: “Олд томонидан ҳужум қилма. Уларнинг орқасига айланиб ўтгин–да, мумиё дарахтлари томондан яқинлашиб бор.
[24] Мумиё дарахтлари тепасида Менинг қадамим товушларини эшитганинг заҳоти уларга ҳужум қил. Ўшанда Мен Филист лашкарини йўқ қилиш учун сенинг қаршингдан чиққан бўламан.”
[25] Довуд, Эгамиз амр берганидай қилиб, Гебодан Гезер шаҳригача бўлган жойларда Филистларни тор–мор қилди.