[1] Элишай пайғамбарлар гуруҳидан биттасини чақириб, унга деди: — Қани, бўл, қўлингга анави мой солинган идишни ол, Гиладдаги Рамўтга бор.
[2] У ерга борганингдан кейин, Ёҳуни қидириб топ. Нимши деганнинг набираси Ёҳу Яҳошафат деган одамнинг ўғлидир. Уни ўртоқлари орасидан чақириб чиқиб, бошқа хонага олиб кир.
[3] Сўнгра мой солинган идишни ол. Ёҳунинг бошига мойни суртгин–да, шундай дегин: “Эгамиз шундай айтмоқда: сенга мой суртиб, Исроил устидан шоҳ қилиб танладим.” Кейин эшикни очгин–у, кутмасдан қоч.
[4] Ёш пайғамбар Гиладдаги Рамўтга кетди.
[5] Ўша жойга етиб келганда, лашкарбошилар суҳбатлашиб ўтирган эди. — Сенда гапим бор, лашкарбоши, — деди у. — Қайси биримизда гапинг бор? — деб сўради Ёҳу. — Сенда, лашкарбоши, — деди у Ёҳуга.
[6] Ёҳу ўрнидан туриб, бошқа хонага кирди. Ёш пайғамбар унинг бошига мойни суртгач, деди: — Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: “Сенга мой суртиб, Ўзимнинг халқим Исроил устидан шоҳ қилиб тайинладим.
[7] Сен ҳукмдоринг Ахабнинг хонадонини қириб ташлайсан, токи пайғамбар қулларим ва бошқа ҳамма қулларимнинг тўкилган қонлари учун Мен Изабелдан ўч олай.
[8] Ахабнинг бутун хонадони йўқ бўлади. Исроилда Ахабнинг уруғидан ҳар бир эркак зотини, хоҳ қул бўлсин, хоҳ озод бўлсин, қириб ташлайман.
[9] Ахаб хонадонини Набат ўғли Ерибомнинг хонадони ва Охиё ўғли Башонинг хонадони кўйига соламан.
[10] Изабел эса Йизрил ерларида итларга ем бўлади, уни дафн қиладиган ҳеч кимса бўлмайди.” У шундай деб эшикни очди–ю, қочди.
[11] Ёҳу лашкарбоши дўстлари олдига қайтди. — Тинчликми? Анави телба сенинг олдингга нима учун келибди? — деб сўрашди дўстлари ундан. — Э, бунақа одамларни биласизлар–ку, валдирайверадилар–да, улар, — деди Ёҳу дўстларига.
[12] — Эй ёлғончи! Қани, бизга ҳам айт–чи, — дейишди улар. Ёҳу дўстларига: “Эгамиз менга мой суртиб Исроил устидан шоҳ қилиб тайинлабди”, деб пайғамбарнинг гапларини айтиб берди.
[13] Ҳаммалари шошилиб қолишди. Ҳар ким либосларини ечиб, Ёҳу турган зинапояга тўшадилар ва бурғу чалиб: “Ёҳу шоҳ бўлди!” деб жар солдилар.
[14] Ёҳу Ёрамга қарши фитна уюштирди. Бу пайтда бутун Исроил лашкари шоҳ Ёрам бошчилигида Гиладдаги Рамўт шаҳрини Орам шоҳи Хазайилдан ҳимоя қилаётган эди.
[15] Ёрам Хазайил билан жанг қилганда, Орам лашкари уни яралаган, Ёрам эса яраларини даволатиш учун Йизрилга қайтган эди. Ёҳу дўстларига: — Агар сизлар мен томонда бўлсангизлар, шаҳардан бирор кимса чиқиб кетишига ва Йизрилга хабар олиб боришига йўл қўйманглар, — деди.
[16] Ёҳу отига миниб, Йизрил шаҳрига йўл олди, чунки Ёрам касал бўлиб, у ерда ётган эди. Яҳудо шоҳи Охозиё ҳам Ёрамни кўргани келган эди.
[17] Йизрил минораси устида қоровул турарди. Ёҳунинг одамлари яқинлашиб келарди. Қоровул уларни кўриб қолиб: “Бир талай одамни кўряпман”, деди. Ёрам қоровулга айтди: — Бирорта отлиқни юбор, одамларни кутиб олиб: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўрасин.
[18] Сувори Ёҳуга пешвоз чиқиб деди: — Шоҳ: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўраяпти. — Тинчликдан сенга нима?! Орқамдан юр, — деди Ёҳу. Қоровул эса: “Отлиқ уларнинг олдига етиб борди–ю, лекин қайтиб келмаяпти”, деб хабар берди.
[19] Энди бошқа бир отлиқни юборишди, буниси ҳам уларнинг олдига келиб: — Шоҳимиз: “Тинчлик билан келяпсизларми?” деб сўраяпти, — деди. — Тинчликдан сенга нима?! Орқамдан юр, — деди Ёҳу.
[20] Қоровул: “Отлиқ уларнинг олдига етиб борди–ю, қайтиб келмади, ўпкаси оғзига тиқилгандай ҳовлиқиб от чоптириб келишидан Ёҳуга ўхшайди”, деб хабар етказди.
[21] — Аравани қўш! — деб буюрди Ёрам. Шоҳнинг жанг аравасини қўшдилар. Исроил шоҳи Ёрам ва Яҳудо шоҳи Охозиё ўз араваларига миниб, Ёҳуни кутиб олгани чиқдилар. Улар Ёҳуни Йизриллик Навўтнинг даласида кутиб олдилар.
[22] Ёрам Ёҳуни кўргач, унга: — Тинчлик билан келдингми, Ёҳу? — деб сўради. — Онанг Изабел бошлаган зиною сеҳр–жоду бизда ҳанузгача давом этиб келар экан, қанақасига тинчлик бўлсин?! — деди Ёҳу.
[23] Ёрам Охозиёга: “Қочдик, Охозиё! Хоинлик бу!” деди–ю, от тизгинини буриб, қочиб қолди.
[24] Ёҳу камонни кучи борича тортиб, Ёрамнинг иккала кураги ўртасини мўлжаллаб отди. Ўқ Ёрамнинг қоқ юрагини тешиб ўтди. Ёрам араваси ичига йиқилди.
[25] Ёҳу хизматкори Бидкарга деди: — Унинг жасадини Йизриллик Навўтнинг даласига олиб бориб ташла, шуни ёдингдан чиқармагинки, биз, икковимиз, Ёрамнинг отаси Ахабнинг ортидан жанг аравасида борганимизда, Ахабга қарши Эгамиз шуни аён қилган эди:
[26] “Кеча Навўт билан унинг ўғиллари қонини кўрдим. Сендан ўша далада қасос оламан.” Энди Эгамизнинг айтганига кўра, Ёрамнинг жасадини олиб, Навўтнинг даласига олиб бориб ташла.
[27] Яҳудо шоҳи Охозиё бу ҳодисани кўриб, Байт–Хагон шаҳрига қараб қочди. Ёҳу унинг ортидан қувиб кетаётганда: — Уни ҳам ўлдиринглар! — деб бақирди. Йиблаём шаҳри ёнидаги Гур тепалигида аравасида турган Охозиёни отдилар. Охозиё Магидў шаҳрига қочиб бориб, ўша ерда жон берди.
[28] Аъёнлари унинг жасадини аравада Қуддусга олиб келдилар ва Довуд қалъасида, ота–боболари хилхонасига дафн қилдилар.
[29] Ахаб ўғли Ёрам ҳукмронлигининг ўн биринчи йилида Охозиё Яҳудо шоҳи бўлган эди.
[30] Ёҳу Йизрилга борди. Изабел эса бу хабарни эшитиб кўзларига сурма суртиб, сочларини тараб, деразадан қараб турган эди.
[31] Ёҳу шаҳар дарвозасидан киргач, Изабел: — Ҳа, сенмисан, ҳукмдорини ўлдирган Зимридан қолишадиган жойинг йўқ! Тинчлик билан келдингми? — деди.
[32] Ёҳу кўзларини деразага қадаб: — Ким мен томонда? Ким? — деб бақирди. Тепада ҳарам оғаларидан икки–учтаси пайдо бўлди.
[33] — Уни пастга улоқтиринглар! — деб буюрди Ёҳу. Улар Изабелни ушлаб пастга улоқтирдилар. Унинг қони деворга, отларга сачради, Ёҳунинг оти жасадни эзғилаб ташлади.
[34] Шундан кейин Ёҳу келиб, еб–ичди. Сўнгра: — Анави лаънатини топиб, кўминглар, — деди, — нима бўлганда ҳам, шоҳ қизи–да.
[35] Лекин Изабелнинг жасадини дафн қилишга борган одамлар, унинг бош суяги, оёғи ва қўл панжасидан бошқа бирор аъзосини топа олмадилар.
[36] Ҳаммалари қайтиб келиб, Ёҳуни аҳволдан хабардор қилдилар. Ёҳу уларга шундай деди: — Эгамизнинг Ўз қули Илёс орқали айтган бу сўзлари бажо бўлди: “Изабелнинг жасади Йизрил ерларида кўппакларга ем бўлар,
[37] Унинг жасади Йизрил далаларидаги гўнгга ўхшаб қолар, Шунинг учун ҳеч ким, бу Изабелдир, деб айтмас.”