Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:19

[1] Манаше ўн икки ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда эллик беш йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Хафзибо эди.

[2] У Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамиз Ўз халқи Исроилнинг олдидан қувиб юборган халқларнинг жирканч одатларига эргашди.

[3] Отаси Ҳизқиё йўқ қилган саждагоҳларни қайтадан барпо этди. У Исроил шоҳи Ахаб каби Баалга атаб қурбонгоҳлар қурди, Ашеранинг устунини ўрнатди. Барча самовий жисмларга сажда этиб хизмат қилди.

[4] Манаше Эгамизнинг улуғланиши керак бўлган уйида бегона худоларга атаб қурбонгоҳлар қурди.

[5] Эгамиз уйининг иккала ҳовлисида ҳам жамики самовий жисмларга сажда қилиш учун қурбонгоҳлар барпо қилдирди.

[6] Ўғлини қурбонлик қилиб, оловда куйдирди, фоллар очтирди, таъбирчиларга эътиқод қилди, арвоҳ чақирувчиларга маслаҳат солди. Эгамиз олдида кўп қабиҳ ишлар қилиб, Уни ғазаблантирди.

[7] Манаше Ашерага атаб ўйиб ишланган устунни Эгамизнинг уйига қўйди. Эгамиз бу уй тўғрисида Довуд билан унинг ўғли Сулаймонга шундай деган эди: “Мен бу уйни ва Қуддусни Исроил қавмлари яшайдиган масканлар орасидан танлаб олганман. Мен то абад ўша ерда улуғланаман.

[8] Улар амрларимни битта қолдирмай бажарсалар, қулим Мусо амр этган ҳамма қонунларга риоя қилсалар, Исроил халқининг ота–боболарига Мен берган ердан ҳайдалишларига йўл қўймайман.”

[9] Аммо халқ қулоқ солмади. Манаше халқни шу қадар йўлдан оздирдики, Канъон юртидан Эгамиз йўқотиб юборган халқлардан ҳам кўра, кўпроқ қабиҳ ишлар қилдилар.

[10] Эгамиз Ўз қуллари — пайғамбарлар орқали шундай деди:

[11] — Яҳудо шоҳи Манаше жирканч ишлар қилгани, ўзидан олдинги Амор халқларидан ҳам баттар қабиҳликлар қилгани, бутлар ясаб, Яҳудо халқини гуноҳга ботиргани учун

[12] Мен, Исроил халқининг Худоси — Эгангиз, айтмоқдаман: “Қуддуснинг ва Яҳудо халқининг бошига шундай фалокат келтираманки, бу фалокатни эшитганларнинг бошидан ҳуши учади.

[13] Самарияга қарши ишлатган ўлчов ипини ва Ахабнинг хонадонига қарши ишлатган шоқулни Қуддусга қарши ишлатаман. Қуддусни бу қабиҳ халқдан тозалаб ташлайман, уни тоза косадай тўнтариб қўяман.

[14] Ўз халқимнинг омон қолганларидан юз ўгираман ва ғанимларининг қўлига таслим эттираман. Ғанимлар Қуддус аҳолисини талон–тарож қилади, ўлжа қилиб олиб кетади.

[15] Чунки улар олдимда қабиҳ ишлар қилдилар. Ота–боболари Мисрдан чиққан кундан бугунгача бу халқ Мени ғазаблантириб келади.”

[16] Манаше шунчалик кўп айбсиз қон тўкдики, Қуддусни бу бошидан нариги бошигача қонга ботирди. Қон тўкишдан ташқари, Яҳудо халқини гуноҳга ботирди, улар Эгамиз олдида қабиҳликлар қилдилар.

[17] Манашенинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, қилган гуноҳлари ҳақида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

[18] Манаше оламдан ўтди ва саройидаги Уззо деган боққа дафн этилди. Ўрнига ўғли Омон шоҳ бўлди.

[19] Омон шоҳ бўлганда йигирма икки ёшда эди. У Қуддусда икки йил ҳукмронлик қилди. Онасининг исми Машулламот бўлиб, Ётбахлик Хорузнинг қизи эди.

[20] Омон ҳам, отаси Манаше каби, Эгамиз олдида қабиҳ ишлар қилди.

[21] Худди отаси юрган йўллардан юриб, ўша бутларга хизмат этиб, сажда қилди.

[22] Ота–боболарининг Худоси — Эгамиздан юз ўгириб, Унинг йўлидан юрмади.

[23] Шоҳ Омоннинг аъёнлари фитна уюштириб уни ўз саройида ўлдирдилар.

[24] Яҳудо халқи ўз шоҳи Омонга фитна уюштирганларнинг ҳаммасини ўлдириб, ўрнига ўғли Йўшиёни шоҳ қилиб кўтарди.

[25] Омоннинг бошқа ишлари “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.

[26] Омон Уззо боғида, ота–боболари хилхонасига дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Йўшиё шоҳ бўлди.

Шоҳлар (тўртинчи китоб) — Chapters