Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 10:34

[1] Илгари пайғамбарлар гуруҳида бир пайғамбар бўлар эди. Ўша пайғамбарнинг беваси Элишайнинг олдига келиб фарёд қилди: — Сизга хизмат қилиб юрган менинг эрим вафот этди. Ўзингиз биласиз, у Эгамиздан қўрқарди. Бир одам олдин қарз берган эди. Энди у иккала ўғлимни ўзига қул қилиб олиб кетгани келди.

[2] Шунда Элишай: — Айт–чи, сен учун мен нима қилай? Уйингда нима бор? — деди. — Бу чўрингизнинг уйида зайтун мойи солинган хумчадан бошқа ҳеч вақо йўқ, — деди аёл.

[3] — Бор, ҳамма қўшниларингдан бўш идишларини сўраб ол, — деди Элишай. — Иложи борича кўпроқ сўраб ол.

[4] Борганингдан кейин ўғилларинг билан бирга уйга кириб, эшикни ёпиб қўй. Сўнг ҳамма идишга зайтун мойи қуй, тўлган идишларни нари суриб қўявер.

[5] Аёл Элишайнинг олдидан кетгач, ўғиллари билан бирга уйга кириб, эшикни беркитди. Ўғиллари идишларни узатиб туришди, аёл эса қуяверди.

[6] Ҳамма идишлар тўлгандан кейин, аёл ўғлига: — Яна идиш узат, — деди. — Бошқа идиш йўқ, — деди ўғли. Шундан сўнг зайтун мой ҳам оқмай қолди.

[7] Аёл пайғамбар ҳузурига келиб, бўлган воқеани айтиб берди. — Бор, мойни сотиб, қарзингни тўла, — деди Элишай. — Ортиб қолган мойни ишлатиб, ўғилларинг билан кун кечир.

[8] Бир куни Элишай Шунамга келди. У ерда бир бой аёл: “Меникига кириб, чой–пой ичиб кетинг”, деб илтимос қилиб, кўндирди. Элишай қачон келмасин, ҳар доим тамадди қилгани ўша аёлникига кирадиган бўлди.

[9] Бир куни аёл эрига: — Шу йўлдан доимо ўтиб юрадиган одам Худонинг муқаддас одами эканини билиб олдим, — деди.

[10] — Келинг, том устига чоғроққина болохона қуриб, у ерга кўрпа–тўшак, хонтахта, курси, мойчироқ қўяйлик. У бизникига келганда, болохонада турсин.

[11] Кунларнинг бирида Элишай Шунамга келганда, болохонага кириб, ёнбошлади.

[12] Кейин хизматкори Гахазига: “Шунамлик аёлни чақир”, деб буюрди. Хизматкор аёлни чақириб келди. Аёл келгач,

[13] Элишай хизматкорига гапирди: — Бу аёлга шундай деб айт: “Сен бизга ғамхўрлик қиляпсан. Бунинг эвазига сен учун нима қилайлик? Сенинг бирор ишинг юзасидан шоҳ билан ёки лашкарбоши билан гаплашиш керак эмасми?” — Йўқ, — деди аёл, — мен халқим орасида яшасам, бас.

[14] Элишай Гахазидан: — Ундай бўлса, бу аёл учун нима қилишим керак? — деб сўради. — Унинг ўғли йўқ экан, эри эса кексайиб қолибди, — деди Гахази.

[15] — Чақир уни! — буюрди Элишай. Хизматкор аёлни чақириб келди, аёл эшик олдида ҳозир бўлди.

[16] — Келгуси йили худди шу пайтда қўлингда ўғлингни кўтариб юрган бўласан, — деб айтди Элишай аёлга. — Йўқ, ҳазратим, эй Худонинг одами, бу чўрингизни беҳудага умидвор қилманг, — деди аёл.

[17] Лекин Элишай айтганидай, аёл ҳомиладор бўлиб, келгуси йил ўша вақтда ўғил туғди.

[18] Бола улғаяверди. Бир куни бола ўроқчилар орасида ишлаётган отаси ёнига бориб:

[19] “Вой бошим! Бошим оғриб кетди!” деди отасига. Отаси эса хизматкорига: “Онасига олиб бор”, деб буюрди.

[20] Хизматкор болани кўтариб, онасига олиб борди. Бола тушгача онасининг тиззасида ўтирди–ю, сўнгра вафот этди.

[21] Она боласини кўтариб бориб, пайғамбар ётадиган тўшакка ётқизди–да, эшикни беркитиб, ташқарига чиқди.

[22] Сўнг эрини чақириб келиб, унга айтди: — Менинг ёнимга хизматкорларингиздан биттасини эшаги билан бирга юборинг. Мен пайғамбар ҳузурига бориб, тезда қайтиб келаман.

[23] — Нимага унинг олдига бугун боришинг керак?! — деди эри. — Бугун янги ой шодиёнаси куни эмас, Шаббат куни ҳам эмас. — Ҳечқиси йўқ, — деди аёл.

[24] Шундан кейин аёл эшакни эгарлаб, хизматкорга: — Эшакни ҳайда, — деди, — мен сенга гапирмагунимча секинлама.

[25] Аёл жўнаб кетди. У пайғамбар ёнига — Кармил тоғига етиб борди. Пайғамбар уни узоқдан кўриб, хизматкори Гахазига: — Бу ўша Шунамлик аёл–ку! — деди.

[26] — Югур, уни кутиб ол, “Ўзинг яхшимисан? Эринг соғ–саломатми? Боланг яхшими?” деб ундан сўра. — Ҳаммаси яхши, — деди аёл.

[27] Аёл тоққа, пайғамбар ёнига етиб келгач, унинг оёқларига ёпишиб олди. Гахази, аёлни четроққа олиб қўяй, деб яқин келган эди, Элишай Гахазига айтди: — Уни тинч қўй, унинг дили озор чеккан. Эгамиз эса буни мендан яширди, менга маълум қилмади.

[28] — Мен ҳазратимдан ўғил сўраганмидим?! — деди аёл. — “Мени беҳудага умидвор қилманг”, деб айтмаганмидим?!

[29] Элишай Гахазига айтди: — Қани бўл, менинг таёғимни қўлингга олиб югур. Бирортасини учратиб қолсанг, у билан саломлашма, ким сенга салом берса, саломига алик олма. Борганингдан кейин таёғимни боланинг юзига қўй.

[30] — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сизсиз кетмайман, — деди боланинг онаси Элишайга. Элишай ўрнидан туриб, аёлни эргаштириб кетди.

[31] Гахази олдин етиб бориб, таёқни боланинг юзига қўйди. На бир садо, на бир жавоб бўлмагандан кейин Элишайга пешвоз чиқиб: “Бола уйғонмаяпти”, деди.

[32] Элишай ичкарига кирди. Қараса, ўлган бола Элишайнинг тўшагида ётган экан.

[33] Элишай хонага киргач, эшикни беркитди–да, Эгамизга ёлвориб ибодат қилди.

[34] Сўнг боланинг устига чўзилиб ётди. У оғзини боланинг оғзига, кўзларини кўзларига, кафтини кафтига қўйди, боланинг устида чўзилиб ётганда, боланинг танаси исиди.

[35] Сўнгра у ўрнидан туриб болохонанинг у ёғидан бу ёғига юрди. Кейин яна қайтиб келиб, боланинг устига чўзилди. Бола етти марта аксириб, кўзларини очди.

[36] Элишай Гахазига: “Аёлни чақир!” — деди. Гахази аёлни чақириб келди. Аёл Элишайнинг олдига яқинлашди. Элишай унга: “Ол ўғлингни!” — деди.

[37] Аёл ичкари кириб, Элишайнинг оёқларига йиқилди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди. Ўғлини олиб, чиқиб кетди.

[38] Элишай Гилгалга қайтиб келди. Бу ерда очарчилик ҳукм сураётган эди. Пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига йиғилишган эди. Шунда Элишай хизматкорига: — Катта қозон ўрнатиб, пайғамбарлар гуруҳи учун бирор таом пишир! — деди.

[39] Пайғамбарлардан биттаси далага кўкат тергани чиқди. У ерда чирмашиб ўсадиган ёввойи қовоқларни топиб, этагини тўлдириб қовоқлардан терди. У қовоқларни олиб келиб тўғради ва таом қайнаётган қозонга ташлади. Ўша одам қовоқнинг қанақалигини билмас эди.

[40] Ҳаммаларига таомдан қуйиб берилди. Улар таомни татиб кўришлари биланоқ: “Эй пайғамбар ҳазратлари! Қозондаги таом заҳар бўлиб кетибди–ку!” деб шовқин кўтардилар. Таомдан ҳеч ким тановул қила олмади.

[41] Шунда Элишай: — Менга ун беринглар! — деди. Унни қозонга солгач, хизматкорга: — Энди одамларга қуйиб беравер, еяверишсин, — деди. Қозондаги таом безарар бўлиб қолган эди.

[42] Баал–Шолишо шаҳридан бир киши арпасининг биринчи ҳосилидан қилинган йигирмата кулча ва бир қоп янги узилган бошоқни пайғамбарга олиб келди. Элишай хизматкорига: — Одамларга бер, тановул қилишсин, — деб буюрди.

[43] Қандай қилиб шугинани юзта одамга бераман?! — деди хизматкор. — Одамларга бўлиб бер, тановул қилишсин, — деди Элишай, — чунки Эгамиз шундай демоқда: “Ҳамма тўяди, ҳатто ортиб ҳам қолади.”

[44] Хизматкор одамларга кулчаларни ва бошоқни бўлиб берди. Эгамиз айтганидай, одамлар еб тўйди, яна ортиб ҳам қолди.

Шоҳлар (тўртинчи китоб) — Chapters