Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 7:06

[1] Эгамиз Илёсни қуюн ичида осмонга кўтариб кетадиган вақт келди. Илёс билан Элишай Гилгал шаҳридан чиқиб кетишаётганда,

[2] Илёс Элишайга: — Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Байтил шаҳрига бор, деб амр қилган, — деди. — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай. Сўнгра улар Байтилга жўнадилар.

[3] Байтилда пайғамбарлар гуруҳи Элишайга пешвоз чиқиб: — Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрадилар. — Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.

[4] Кейин Илёс Элишайга: — Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Ерихо шаҳрига бор, деб амр берган, — деди. — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — дея жавоб қайтарди Элишай. Сўнгра улар Ерихога келишди.

[5] Ерихода пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига келиб, ундан: — Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрашди. — Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.

[6] Кейин Илёс Элишайга: — Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Иордан дарёсига бор, деб амр берган, — деди. — Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай. Шундай қилиб, икковлари жўнаб кетишди.

[7] Пайғамбарлардан элликтаси келиб, узоқроқда Илёс билан Элишайнинг рўпарасида тўхтадилар. Иккови эса Иордан дарёси бўйида турардилар.

[8] Бир пайт Илёс чакмонини олди–да, бураб эшиб, сувга урган эди, сув икки томонга сурилиб, йўл очилди. Икковлари қуруқ жойдан ўтдилар.

[9] Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга деди: — Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай? Шунда Элишай: — Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин, токи сизнинг издошингиз бўлай, — деди.

[10] — Қийин нарсани сўраяпсан, — деди Илёс. — Майли, агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди.

[11] Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир–бирларидан айрилдилар.

[12] Элишай буни кўриб Илёсга хитоб қилди: — Отам! Отам! Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячиси эдингиз! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари каби эдингиз–а! Қаёққа кетиб қолдингиз–а! Элишай Илёсни бошқа кўра олмагани учун эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади.

[13] Илёснинг эгнидан чакмони тушиб қолган эди. Элишай ўша чакмонни олиб орқасига қайтиб, Иордан дарёси қирғоғига келди.

[14] Элишай Илёснинг чакмонини сувга уриб: “Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?” — деди. Элишай чакмонини яна сувга урган эди, дарё суви икки томонга сурилиб йўл очилди. Элишай ўша жойдан ўтиб кетди.

[15] Ерихолик пайғамбарлар гуруҳи олисдан Элишайни кўриб: — Элишайда Илёснинг руҳи бор, — деб Элишайга пешвоз чиқдилар. Уни кутиб олдилар, ер ўпиб унга таъзим қилдилар.

[16] Сўнгра пайғамбарлар Элишайга: — Биз, қулларингизда элликта бақувват одам бор, — дедилар. — Ижозат беринг, улар бориб, ҳазратингизни излашсин. Балки Эгамизнинг Руҳи уни бирор тоққа ёки водийга бошлаб кетгандир. — Йўқ, юборманглар, — деди Элишай уларга.

[17] Лекин пайғамбарлар гуруҳи илтимос қилавериб, охири уни кўндирдилар. Элишай: “Майли, юборинглар”, деди. Пайғамбарлар гуруҳи элликта одамни жўнатдилар. Одамлар уч кун қидириб, Илёсни топа олмаганларидан кейин,

[18] Элишайнинг ёнига қайтиб келдилар. Элишай бу пайтда Ерихода эди. Элишай уларга: — Сизларга, борманглар, деб айтмаганмидим?! — деди.

[19] Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишайга мурожаат қилди: — Ҳазратимиз кўриб турганларидай, шаҳар яхши ерга жойлашган, лекин суви яхши эмас, ери ҳам ҳосил бермайди.

[20] Шунда Элишай: — Менга янги косага туз солиб беринглар, — деди. Улар Элишайнинг айтганини бердилар.

[21] Элишай булоқ бошига чиқиб, тузни сувга ташлади–да, шундай деди: — Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим, энди бу сув туфайли ҳечам ўлим бўлмайди, бундан буён ерингиз ҳам ҳосил беради.”

[22] Элишай айтганидек, сув тоза бўлди ва ҳозиргача тозадир.

[23] Шундан кейин Элишай у ердан Байтил шаҳрига йўл олди. У йўлда кетаётган эди, Байтилдан чиққан ёш болалар унга эргашиб: — Жўнаб қол, йўқол, кал! Жўнаб қол, кал! — деб уни масхара қилишди.

[24] Элишай орқасига қайрилиб, болаларга қаради ва уларни Эгамизнинг номи билан қарғади. Шу пайт ўрмондан иккита урғочи айиқ чиқиб, болалардан қирқ иккитасини бурда–бурда қилиб ташлади.

[25] Элишай бу ердан Кармил тоғига кетди, у ердан эса Самарияга қайтди.

Шоҳлар (тўртинчи китоб) — Chapters