[1] Ўша кунлари Ҳизқиё тузалмас хасталикка йўлиқиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Омиз ўғли Ишаё пайғамбар унинг ҳузурига келиб, шундай деди: “Эгамиз шундай айтмоқда: тайёргарлигингни кўриб қўявер, энди тузалмайсан, ўласан.”
[2] Ҳизқиё юзини деворга буриб, Эгамизга ёлворди:
[3] “Эй Эгам! Чин қалбимдан Сенга содиқ бўлиб, йўлларингдан юрганимни ва олдингда тўғри ишлар қилганимни эсла.” Шундай деб аччиқ–аччиқ йиғлади.
[4] Ишаё саройнинг ичкари ҳовлисидан чиқиб улгурмаган ҳам эдики, Эгамиз унга қуйидаги сўзларини аён қилди:
[5] “Орқангга қайтиб бориб, халқимнинг ҳукмдори Ҳизқиёга шу хабарни етказ: «Бобонг Довуднинг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: илтижоларингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Сенга соғлигингни қайтараман. Учинчи куни Менинг уйимга чиқасан.
[6] Умрингни яна ўн беш йилга узайтираман. Сени ва бу шаҳарни Оссурия шоҳининг қўлидан халос қиламан. Ўзим учун ва қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу шаҳарни муҳофаза қиламан.»”
[7] Шундан кейин Ишаё: — Анжир ширасини келтиринглар, ширани олиб, яранинг устига қўйинглар, шунда Ҳизқиё соғаяди, — деди.
[8] Ҳизқиё Ишаёдан: — Эгамиз мени соғайтиришини ва учинчи куни Эгамизнинг уйига боришимни қандай биламан? Буни нима исботлайди? — деб сўради.
[9] Ишаё шундай жавоб берди: — Эгамиз берган ваъдасини бажаришини исботлаб, сенга аломат кўрсатади. Соя Охознинг зинапоясидан ўн қадам олдинга кетсинми ёки ўн қадам орқага сурилсинми?
[10] — Соя зинапоядан ўн қадам илгари кетмоғи одатдаги ҳолдир, шунинг учун ўн қадам орқага сурилсин, — деди Ҳизқиё.
[11] Ишаё пайғамбар Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз сояни Охознинг зинапоясидан ўн қадам орқага сурди.
[12] Ўша пайтларда Бобил шоҳи Баладон ўғли Мардухбаладон шоҳ Ҳизқиёга мактублару ҳадялар жўнатди. У Ҳизқиёнинг хасталанганини эшитганди.
[13] Ҳизқиё элчиларни кўриб хурсанд бўлди. Хазинасидаги бор нарса — омборлардаги ҳамма қимматбаҳо ашёларини, олтинни, кумушни, хушбўй ҳидли зираворларни ва мойларни, қурол–яроғ омборини уларга кўрсатди. Ҳизқиёнинг саройидаю ўз шоҳлигида уларга кўрсатмаган ҳеч нарсаси қолмади.
[14] Ишаё пайғамбар шоҳ Ҳизқиёнинг ҳузурига келиб: — Бу одамлар қаердан келибдилар? Сенга нима дедилар? — деб сўради. — Узоқ бир юртдан, Бобилдан келибдилар, — деб жавоб берди Ҳизқиё.
[15] Улар саройингда нималарни кўрдилар? — деб сўради Ишаё. — Саройимдаги ҳамма нарсани кўрдилар, — дея жавоб берди Ҳизқиё. — Хазиналаримда мен уларга кўрсатмаган ҳеч нарса қолмади.
[16] Шунда Ишаё айтди: — Энди Эгамизнинг сўзига қулоқ сол.
[17] Эгамиз айтмоқдаки: “Бир кун келиб, саройингдаги ҳамма нарса, ота–боболарингнинг бугунгача тўплаб қолдирганлари Бобилга ташиб кетилади. Ҳеч нарса қолмайди.
[18] Сенинг пушти камарингдан бино бўлган ўғилларингдан баъзилари ҳам олиб кетилади, улар Бобил шоҳининг саройида бичилган қуллар бўлиб хизмат қилади.”
[19] Ҳизқиё Ишаёга: — Эгамиз сен орқали айтган сўзлар хосиятлидир, — деди–да, ичида: “Нима бўлгандаям, умрим охиригача тинч, хотиржам яшар эканман–ку”, деб ўйлади.
[20] Ҳизқиёнинг бошқа ишлари, қаҳрамонликлари, ҳовуз ва қувур қазиб, қандай қилиб шаҳарга сув келтиргани тўғрисида “Яҳудо шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.
[21] Ҳизқиё оламдан ўтгач, ўрнига ўғли Манаше шоҳ бўлди.