[1] Бир куни пайғамбарлар гуруҳи Элишайга: — Қаранг, сиз билан биз йиғиладиган мана шу жойимиз тор, — дедилар.
[2] — Ижозат беринг, Иордан дарёси бўйига борайлик, ҳар биримиз у ерда ёғоч кесиб, ўша ерда ўзимизга бошпана қурайлик. — Майли, боринглар, — деди Элишай.
[3] — Улардан биттаси: — Марҳамат қилиб, сиз ҳам биз, қулларингиз билан бирга боринг, — деди. — Хўп, бораман, — деди Элишай.
[4] Элишай улар билан бирга кетди. Ҳаммалари Иордан дарёси бўйига етиб келиб, дарахт кеса бошладилар.
[5] Биттаси дарахт кесаётиб, болтасини сувга тушириб юборди. У: “О, ҳазратим! Болтани омонатга олган эдим!” — деб бақирди.
[6] — Болта қайси жойга тушди? — сўради пайғамбар. Ўша одам Элишайга болта тушган жойни кўрсатди. Элишай дарахтдан битта шох кесиб олиб, сувга ташлаган эди, болта сув юзига чиқди.
[7] — Ол уни, — деди Элишай. Ўша одам қўлини узатиб, болтани олди.
[8] Орам шоҳи Исроилга лашкар тортди ва “Фалон жойга лашкаримни жойлаштираман”, деб лашкарбошилари билан маслаҳатлашиб олди.
[9] Пайғамбар Исроил шоҳига: “Ўша жойдан ўтманг, чунки у ерга Орам лашкари пистирма қўйган” деган хабар юборди.
[10] Исроил шоҳи пайғамбар айтган жойга хабарчи жўнатди. Ўша ерда яшайдиган одамлар бу хавфнинг чорасини кўрдилар. Бундай воқеа бир–икки марта эмас, кўп марта юз берди.
[11] Бу ҳодисадан Орам шоҳи қаттиқ безовталанди. У лашкарбошиларини чақириб: — Менга айтинглар–чи, қайси бирингиз Исроил шоҳи билан алоқадасиз? — деди уларга.
[12] — Ҳеч қайсимиз, шоҳ жаноблари! — деди лашкарбошилардан бири. — Бу Исроилдаги Элишай пайғамбарнинг иши, у ҳатто ётоқхонангизда айтган гапингизни ҳам Исроил шоҳига аён қилиб туради.
[13] — Боринглар, унинг қаердалигини билиб келинглар! — деб буюрди Орам шоҳи. — Мен бирортасини юбораман–да, уни қўлга тушираман. Шундан кейин: “Элишай Дўтанда”, деб шоҳга хабар етказдилар.
[14] Орам шоҳи ўша ерга отлиқлар, жанг аравалари ва катта куч жўнатди. Улар тунда келиб, шаҳарни ўраб олдилар.
[15] Тонгда пайғамбарнинг хизматкори ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Қараса, шаҳар атрофида отлиқ лашкар, жанг аравалари турибди. Шунда хизматкор: — Эвоҳ! Ҳазратим, энди нима қиламиз? — деб сўради.
[16] — Қўрқма, — деди Элишай, — чунки бизнинг ҳимоячиларимиз уларникидан жуда кўп.
[17] Кейин Элишай илтижо қилди: — Эй Эгам! Хизматкоримнинг кўзини оч, у кўрсин! Эгамиз хизматкорнинг кўзини очиб юборди. Элишайнинг атрофидаги қирлар оловли отлар ва жанг араваларига тўлиб кетганини хизматкор кўрди.
[18] Орам лашкари Элишайга ҳужум қилган эди, Элишай Эгамизга: “Уларни кўр қилиб қўй!” деб илтижо қилди. Эгамиз Элишайнинг илтижосини эшитди–да, Орам лашкарини кўр қилиб қўйди.
[19] Кейин, Элишай Орам лашкарига деди: — Сизлар адашиб қолибсизлар, сизлар излаётган шаҳар бу эмас. Ортимдан юринглар, мен сизларни излаётган одамингиз олдига олиб бораман. Шундай қилиб, Элишай Орам лашкарини Самарияга бошлаб келди.
[20] Улар Самарияга етиб келганларидан кейин Элишай: — Эй Эгамиз! Уларнинг кўзларини оч, токи улар кўрсин, — деб илтижо қилган эди, Эгамиз Орам лашкарининг кўзини очди. Улар қарасалар, Самариянинг ўртасида турибдилар.
[21] Исроил шоҳи Орам лашкарини кўргач Элишайдан: — Уларни қириб ташлайми, ота? — деб сўради.
[22] — Йўқ, ўлдирма! — деди Элишай. — Нега ўлдирар экансан?! Сен уларни жанг қилиб асир олганингда ҳам ўлдирмасдинг. Уларга нон, сув бер, еб–ичиб, ўзларининг ҳукмдори ёнига қайтиб кетишсин.
[23] Шоҳ асирларга катта зиёфат тайёрлади. Асирлар еб–ичиб бўлишгач, Исроил шоҳи уларни йўлларига қайтариб юборди. Орам лашкари ўз ҳукмдори ёнига кетди. Бу босқинчилар қайтиб Исроил ерларига қадам босмадилар.
[24] Орадан анча вақт ўтгач, Орам шоҳи Банҳадад бутун лашкарини йиғиб Самарияни қамал қилди.
[25] Орам лашкари Самарияни қамал қилиб турар экан, у ерда оғир қаҳатчилик юз берди. Натижада эшакнинг калласи саксон кумуш тангага, икки коса каптар ахлати беш кумуш тангага сотилди.
[26] Бир куни Исроил шоҳи шаҳар девори устида кетаётган эди, бир аёл: “Шоҳ ҳазратлари! Ёрдам беринг”, деб фарёд қилди.
[27] — Сенга Эгамиз ёрдам бермаса, мен қандай ёрдам бера оламан?! — деди шоҳ. — Мен буғдой ёки шароб бера олармидим?!
[28] Дардинг нима? — Мана бу аёл: “Ўғлингни бер, уни бугун ейлик, менинг ўғлимни эртага еймиз”, деб айтган эди.
[29] Менинг ўғлимни пишириб едик. Эртаси куни мен унга: “Ўғлингни бер, уни ейлик”, деган эдим, у ўғлини яшириб қўйибди, — деди у.
[30] Шоҳ аёлнинг сўзларини эшитгач, қайғудан либосларини йиртди. Халқ девор устида кетаётган шоҳнинг либоси ичидаги қанорни кўриб қолди.
[31] Сўнгра шоҳ деди: — Агар шу бугун Элишайнинг боши олинмаса, Худо мени не кўйга солса солсин, ундан ҳам баттарроғини қилсин.
[32] Шоҳ хабарчи жўнатганда, Элишай ўз уйида оқсоқоллар билан бирга ўтирган эди. Шоҳ юборган хабарчи Элишайникига келмасдан олдин, Элишай оқсоқолларга айтди: — Кўряпсизларми қотилни?! Менинг бошимни олмоқ учун қотил ўз одамини жўнатди! Қараб туринглар, хабарчи келганда, эшикни ёпинглар, уни ичкарига киритманглар. Ҳадемай, хўжайинининг ўзи ҳам унинг орқасидан етиб келади!
[33] Элишай оқсоқоллар билан суҳбатлашиб ўтирганда, хабарчи унинг олдига келиб, шоҳнинг қуйидаги сўзларини етказди: “Шунча кулфат Эгамиздан келди! Нима учун мен энди Унга умид боғлашим керак?!”