[1] Худо қадимда ота–боболаримизга кўп марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали гапирган эди.
[2] Бу охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни бутун борлиқнинг вориси қилиб тайин этган.
[3] Ўғил — Худо шуҳратининг порлаши, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асраб турибди. У Ўз жонини фидо қилиб, бизни гуноҳлардан поклади, сўнг самода Улуғвор Худонинг ўнг томонида ўтирди.
[4] Дарҳақиқат, Худо Масиҳга “Ўғил” деб улуғ ном берди. Бу ном Масиҳ фаришталардан ниҳоятда юксак мартабага эга эканлигини кўрсатиб турибди.
[5] Ахир, Худо биронта фариштага: “Сен Менинг Ўғлимсан, Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”, — деб айтмаган! Ёки: “Мен Унга Ота бўламан, У эса Менга Ўғил бўлади”, — демаган!
[6] Тўнғич Ўғлини бу дунёга яна юборишидан олдин эса Худо шундай деб айтади: “Ҳамма фаришталарим Унга сажда қилсинлар.”
[7] Фаришталар ҳақида эса Худо: “Мен Ўз малакларимни шамолларга айлантираман, Хизматкорларимни ловуллаган олов қиламан”, — деганди.
[8] Аммо Ўз Ўғлига У шундай деган: “Сен Худосан, Сенинг тахтинг абадийдир, Адолат ҳассаси шоҳлигинг ҳассасидир.
[9] Сен солиҳликни севасан, қабиҳликдан нафратланасан. Шу боис Мен Сени дўстларингдан устун қилдим, Ҳа, Мен, Худойинг, шодлик мойини Сенга суртдим.”
[10] Ўғлига яна шундай деган: “Сен Раббийсан, Азалда заминнинг пойдеворини Сен қўйгансан, Самоларни Ўз қўлларинг ила яратгансан.
[11] Улар йўқ бўлиб кетар, Сен тураверасан, Еру осмон кийим каби эскириб кетади.
[12] Кераксиз либосдай уларни тахлаб қўясан, Тўзиб кетган кийимдай уларни алмаштирасан. Сен эса ҳеч ўзгармассан, Сен то абад яшайсан.”
[13] Худо биронта фариштага: “Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин”, — деб айтмаган.
[14] Ахир, фаришталар бор–йўғи хизматчи руҳлардир! Худо уларни абадий ҳаётдан баҳраманд бўладиган одамларга хизмат қилиш учун юборган.