Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:09

[1] Шундай экан, Масиҳнинг бошланғич таълимотида тўхтаб қолмайлик. Аксинча, имонда етук бўлишга интилайлик. Ҳадеб таълимотнинг илк асосларини ўрганавермайлик. Ўлимга етакловчи ишлардан тавба қилиш ва Худога ишониш ҳақида,

[2] покланиш маросимлари ва қўл қўйиб дуо қилиш ҳақида, ўликларнинг тирилиши ва абадий ҳукм ҳақида қайта–қайта таълим олишимиз шарт эмас.

[3] Энди Худонинг мадади билан етуклик сари қадам ташлайлик.

[4] Наҳотки Худодан юз ўгирган одамни яна тавбага олиб келиб бўлса?! Бундай одам Худонинг нурини кўриб, самовий инъомдан лаззат олган, Муқаддас Руҳдан баҳраманд бўлиб,

[5] Худо каломининг эзгулигини тотиб кўрган ва келажак дунёнинг қудратини ўз тажрибасида кўрган.

[6] Агар шуларга қарамай, у Худодан қайтса, икки дунёда ҳам тавба қилмайди! Чунки бу қилмиши билан Худонинг Ўғлини гўё бошқатдан хочга михлаб, ҳамманинг олдида Уни шарманда қилаётгандай бўлади.

[7] Худонинг йўлидан юрган одамни мўл–кўл ёмғирга тўйган ерга ўхшатса бўлади. Бундай ер деҳқонлар учун яхши ҳосил етиштириб, Худодан барака топади.

[8] Худодан қайтган одам эса янтоғу тикан босган ерга ўхшайди. Бундай ер фойдасиз бўлиб, лаънатга дучор бўлиш хавфи остида қолади. Охир–оқибатда эса оловга ем бўлади.

[9] Севимли биродарларим, қаттиқ гапирганимга қарамай, сизлардан кўнглим тўқ. Сизлар нажотга элтувчи тўғри йўлдан кетаётганингизга ишончим комил.

[10] Ахир, Худо адолатлидир. У сизнинг ишингизни унутмайди, Унга бўлган муҳаббатингиз туфайли азизларига қилган ва қилаётган хизматларингизни ёдида тутади.

[11] Хизматдаги бу шижоатингизни ҳар бирингиз охиригача асрашингизни чин дилдан хоҳлаймиз. Чунки шундагина Масиҳга бўлган умидингиз сўнмайди.

[12] Эринчоқ бўлманглар. Аксинча, имони ва сабр–тоқати туфайли Худонинг ваъдаларидан баҳраманд бўлган биродарлардан ўрнак олинглар.

[13] Худонинг Иброҳимга берган ваъдасини эсланглар. Ўшанда Худо Ўз номи ҳақи қасам ичганди. Зеро, қасам ичиш учун Ўзидан буюкроқ бирон зот йўқ эди.

[14] Ўшанда Худо қасам ичиб, шундай деганди: “Сенга албатта қут–барака бераман, Наслингни сон–саноқсиз қиламан.”

[15] Иброҳим сабр–тоқат қилиб, берилган ваъдага эришди.

[16] Одамлар қасам ичганларида ўзларидан буюкроқ бўлган кимсанинг исми ҳақи қасам ичадилар. Қасам айтилган гапнинг тасдиғи ҳисобланади ва ҳар қандай баҳсга хотима беради.

[17] Шунга ўхшаб, Худо ҳам Ўз ваъдасини қасам билан тасдиқлади. Чунки халқига барака беришни ваъда қилган Худо шу орқали Ўз иродасининг қатъий эканлигини аниқ кўрсатмоқчи эди.

[18] Худо ёлғон гапирмайди! Унинг берган ваъдаси ва ичган қасами ҳеч қачон ўзгармайди. Худонинг тасдиқлаган ваъдасидан энди биз кучли далда олиб, У берган умидни маҳкам тутайлик. Ахир, биз Худодан паноҳ топганмиз.

[19] Бу умид жонимиз учун тебранмас, мустаҳкам лангардайдир. Умидимиз бизни самовий Чодирдаги парданинг орқа тарафига, Худонинг ҳузурига олиб киради.

[20] Исо биздан олдин у ерга кириб, биз учун йўл очиб берди. У Маликсидиқ сингари то абад Олий руҳонийимиз бўлди.

Ибронийларга мактуб — Chapters