[1] Ҳар бир олий руҳоний инсонлар орасидан танлаб олинади. У Худога гуноҳлар учун назрлар ва қурбонликлар келтириб, халқ вакили бўлиб хизмат қилади.
[2] Ғафлатда гуноҳ қилиб қўйган одамларни олий руҳоний тушунади, чунки у ўзи ҳам инсон, камчиликлари бор.
[3] Шу сабабдан у нафақат халқнинг гуноҳлари учун, балки ўзининг гуноҳлари учун ҳам қурбонликлар келтириши зарур.
[4] Ҳеч ким ўз хоҳиши билан олий руҳоний бўла олмайди, балки Ҳорунга ўхшаб Худо томонидан тайинланади.
[5] Шу тариқа, Масиҳ ҳам олий руҳонийлик шарафига интилмади, бундай мартабага У даъвогарлик қилмади. Аксинча, Унга: “Сен Менинг Ўғлимсан, Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”, — деб айтган Худо Уни Олий руҳоний қилиб тайинлади.
[6] Зеро, бошқа бир жойда Худо Унга шундай деган: “Сен Маликсидиқ сингари, То абад руҳонийсан.”
[7] Масиҳ бу дунёда яшаган пайтда кўз ёш тўкиб, Худога фарёд қилди, Унга илтижо қилиб ёлворди. Чунки Худо Уни ўлимдан қутқаришга қодир эканлигини Масиҳ билар эди. У Худони юксак даражада эъзозлагани учун Унинг илтижоси ижобат бўлди.
[8] Гарчи У Худонинг Ўғли бўлса ҳам, азоб–уқубат чекиб, итоаткорликнинг асл маъносини англади.
[9] Худо азоблар орқали Масиҳни баркамол қилди. Шундай қилиб, Унга итоат қилганларнинг ҳаммаси учун Масиҳ абадий нажот манбаи бўлди.
[10] Худо Масиҳни “Маликсидиқ сингари Олий руҳоний” деб эълон қилди.
[11] Олий руҳонийимиз ҳақида сизларга яна кўп гапирган бўлардим–у, аммо қандай қилиб сизларга тушунтиришни билмайман, чунки сизнинг ақлингиз ўтмас бўлиб қолган.
[12] Сизлар ўзларингиз аллақачон устозлик қилишингиз керак эди! Аммо сиз бошқаларга эмас, бошқалар сизларга Худо каломининг илк асосларини ўргатишлари керак. Сизлар ҳали ҳам сутга муҳтожсиз! Қуюқ овқатни ҳазм қила олмайсиз.
[13] Сут билан озиқланадиган ҳар бир киши ҳали чақалоқ. У тўғри билан нотўғрининг фарқига бормайди.
[14] Қуюқ овқат эса улғайганлар учундир. Улар тажриба орттириб, яхшини ёмондан фарқлай оладилар.