Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:50

[1] Исо Масиҳга қилган хизматим туфайли қамоқда бўлган мен — Павлусдан ҳамда биродаримиз Тимўтийдан севикли ҳамкоримиз Филимўнга салом!

[2] Синглимиз Аффия билан сафдошимиз Архиппусга, шунингдек, хонадонингда йиғилиб турадиган имонлилар жамоатига ҳам салом йўллаймиз.

[3] Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.

[4] Эй Филимўн, мен ибодат қилганимда сени эслаб, ҳар доим Худойимга шукур айтаман.

[5] Чунки сенинг Раббимиз Исога бўлган имонинг ва барча азиз биродарларга бўлган муҳаббатинг ҳақида эшитиб турибман.

[6] Ибодатим шуки, биргаликда баҳам кўраётган имонимиз сенинг ҳаётингда самара берсин. Исо Масиҳ учун қилишимиз керак бўлган яхшиликларни чуқурроқ тушунишингга олиб келсин.

[7] Биродарим, сен туфайли биродарларнинг кўнгли тинч. Сенинг меҳр–муҳаббатинг менга катта севинч ва тасалли берди.

[8] Филимўн, сен ҳам, мен ҳам Масиҳга ишонамиз. Шунинг учун мен сенга, ўз бурчингни бажаргин, деб буюришга ҳаддим сиғади.

[9] Аммо сен мени яхши кўрганинг учун илтимос қилишни афзал кўрдим. Исо Масиҳ туфайли қамоқда бўлган, ёши ўтиб қолган мен, Павлус,

[10] маҳбуслигимда имон орқали менга ўғил бўлиб қолган Ўнисимус учун сендан илтимос қиляпман.

[11] Ўнисимус бир вақтлар сенга фойдасиз эди. Энди эса у сенга ҳам, менга ҳам фойдалидир. Кўзимнинг оқу қорасидай бўлиб қолган Ўнисимусни сенинг олдингга қайтариб юбордим.

[13] Мен Хушхабарни тарғиб қилганим учун қамоқда ётибман. Ўнисимуснинг ёнимда қолишини, сенинг ўрнингга менга хизмат қилишини хоҳлар эдим.

[14] Аммо сенинг розилигингсиз ҳеч бир иш қилишни хоҳламадим, чунки сенинг илтифотингни мажбурий эмас, балки ихтиёрий бўлишини истадим.

[15] Балки, сен Ўнисимусни абадий қайтариб олишинг учун у сендан вақтинчалик ажралгандир.

[16] Энди у сенга фақатгина қул эмас, балки қулдан юқори, севикли биродарингдир. Мен уни жуда қадрлайман. Ишончим комилки, у сенга қул сифатида ҳам, Раббимиз Исо орқали биродаринг сифатида ҳам янада қадрлироқдир.

[17] Агар сен мени Раббимиз хизматидаги сафдошинг деб билсанг, Ўнисимусни мени қабул қилгандай қабул қилгин.

[18] Мабодо, у сенга зарар келтирган бўлса ёки сендан қарздор бўлса, буни менинг зиммамга юкла.

[19] Мен, Павлус, қуйидагини ўз қўлим билан ёзяпман: мен қарзингни тўлайман. Сен ўз ҳаётинг учун мендан қарздор эканлигингни айтишимнинг эса ҳожати йўқ.

[20] Ҳа, биродарим, Раббимиз Исо туфайли мендан бу илтифотингни аяма! Масиҳ ҳақи–ҳурмати жонимга оро киргин!

[21] Сен менинг сўзларимга қулоқ солиб, айтганларимни қиласан, ҳа, бундан ҳам кўпроғини бажарасан, деб ишонганим учун буларни ёздим.

[22] Бундан ташқари, менга бирор турар жой ҳам тайёрлаб қўйгин. Чунки Худо ибодатларингизни эшитиб, мени яна сизларнинг олдингизга қайтаришига ишонаман.

[23] Мен билан бирга Исо Масиҳ номи учун маҳбус бўлган Эпафрас, ҳамкорларим Марк, Аристархус, Димас, Луқо сенга салом йўллаяптилар.

[25] Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.