[1] Эй биродарларим, сизлар Худонинг азиз халқисизлар. Худо сизларни Ўз ҳузурига киришга даъват этган. Келинглар, Худонинг Элчиси ва биз эътироф этган эътиқодимизнинг Олий руҳонийси Исо ҳақида мулоҳаза қилайлик.
[2] Худо Исони Олий руҳоний қилиб тайинлади. Мусо Худонинг хонадонида содиқ хизматкор бўлгани каби, Исо ҳам Худога содиқ бўлди.
[3] Бироқ Исо Мусодан кўра, кўпроқ улуғворликка лойиқ бўлди. Ахир, уйнинг ўзи эмас, уни қурган одам кўпроқ эътиборга сазовор–ку!
[4] Албатта, ҳар бир уйнинг қурувчиси бор, аммо аслида бутун борлиқнинг бинокори — Худо.
[5] Мусо содиқ қул эди. У Худонинг бутун халқи орасида энг ишончлиси бўлиб, унинг хизмати келажакда ошкор бўладиган илоҳий ҳақиқатнинг шарпаси эди, холос.
[6] Масиҳ эса содиқ Ўғил эди. Унга Худонинг хонадонини бошқариш топширилди. Худонинг хонадони эса бизмиз. Биз фақат жасур бўлиб, умидимизни маҳкам тутишимиз керак. Ахир, биз бу умидимиз билан фахрланамиз.
[7] Шундай экан, Муқаддас Руҳнинг айтган ушбу гапларини ёдингизда тутинг: “Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз!
[8] Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар, Мени саҳрода синаган ўша аждодларингиздай бўлманглар.
[9] Оталарингиз қирқ йил қилган ишларимни кўрса ҳам, У ерда Мени синаб кўрдилар.
[10] Шу боис Мен бу наслдан ғазабланиб, дедим: «Улар доим Мендан юз ўгиришади, Амрларимга бўйсунишдан бош тортишади.»
[11] Шунинг учун ғазабланиб, онт ичдим: «Улар фароғат диёримга кирмайди», дедим.”
[12] Эй биродарларим, эҳтиёт бўлинглар! Ёмон ниятга қалбингиздан ўрин берманглар, Худога бўлган ишончингизни йўқотманглар. Акс ҳолда, бу иллатлар сизларни барҳаёт Худодан қайтаради.
[13] Ҳар кунни Муқаддас битиклардаги “бугун” деб билиб, бир–бирингизга насиҳат қилинглар. Тағин бирортангиз гуноҳга алданиб, юрагингизни тош қилманглар.
[14] Ахир, биз Масиҳга шерик бўлдик. Фақат бошида эга бўлган имонимизни охиригача маҳкам тутишимиз лозим.
[15] Бир–бирингизга Забурдаги шу сўзларни эслатиб туринглар: “Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз! Менга қарши исён қилган оталарингиздай тош юрак бўлманглар!”
[16] Ўшанда Худонинг овозини эшитиб туриб, исён қилган ким эди? Мусо Мисрдан олиб чиққанларнинг ҳаммаси!
[17] Қирқ йил давомида Худо кимдан ғазабланганди? Гуноҳ қилган одамлардан! Улар ҳаммаси ўлди, саҳро уларга қабр бўлди.
[18] Худо онт ичиб: “Улар фароғат диёримга кирмайди”, дея ким ҳақида айтган эди? Албатта итоатсиз одамлар ҳақида!
[19] Демак, улар Худога ишонмаганлари учун фароғат диёрига кира олмадилар.