Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:14

[1] Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан Исо Масиҳга содиқ бўлган Эфес шаҳридаги Худонинг азизларига салом!

[2] Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.

[3] Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин. У самодаги барча руҳий баракаларни Масиҳ орқали бизларга берди.

[4] Масиҳга тегишли бўлишимиз учун Худо бизни дунё яратилишидан олдин танлади. Энди биз Худонинг олдида муқаддас ва бенуқсон, бир–биримизга меҳр боғлаган инсонлар бўла оламиз.

[5] Худо бизни Исо Масиҳ орқали Ўзига фарзанд қилиб олишни азалданоқ қарор қилган эди. Худонинг хоҳиш–иродаси шу бўлиб, бундан У ҳузур–ҳаловат топди.

[6] Худо Ўзининг суюкли Ўғли орқали бизга буюк иноят кўрсатгани учун Унга ҳамду санолар бўлсин.

[7] Масиҳнинг тўкилган қони орқали Худо бизни кечириб, гуноҳларимиздан озод қилди. Шундай қилиб, Худо бизнинг ҳаётимизни тўлдирган инояти қанчалик бой эканлигини кўрсатди. У бизга донолигу ақл–идрок ато этди.

[9] Ўз иродасининг сирини маълум қилди. Бу иродаси Исо Масиҳ орқали бажо бўлишини Худо олдиндан режалаштирган эди ва бундан У ҳузур–ҳаловат топди.

[10] Худо бу режасини Ўзи белгилаган вақтда тўла амалга ошириб, еру осмондаги бор мавжудотни Масиҳнинг ҳокимияти остига бирлаштиради.

[11] Биз Масиҳ орқали Худонинг халқи бўлдик. Бу Худонинг азалдан белгилаган режаси бўйича амалга ошди. Ахир, Худо ҳар бир нарсани Ўз хоҳиш–иродаси бўйича амалга оширади.

[12] Шундай экан, биз ҳаммамиз — Масиҳга умид боғлаганлар Худога шон–шуҳрат келтириш учун яшашимиз лозим.

[13] Сизлар ҳақиқат каломи, яъни нажот келтирган Хушхабарни эшитган эдингиз. Шу туфайли Масиҳга имон келтирган эдингиз. Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳини сизларга бериб, Ўзига тегишли эканлигингизни тасдиқлади.

[14] Муқаддас Руҳ биз келажакда оладиган қут–баракаларга кафил сифатида берилди. Ҳа, вақти келиб, Худо Ўзига тегишли бўлганларни бутунлай озод қилади. Шуларнинг ҳаммаси Худога шон–шуҳрат келтиради.

[15] Раббимиз Исога бўлган имонингиз ва Худонинг азиз халқига бўлган меҳр–муҳаббатингиз ҳақида эшитганимдан бери,

[16] сизлар учун ибодат қилганимда, тинмай Худога шукурлар айтаман.

[17] Раббимиз Исо Масиҳнинг Худоси, улуғ Отамиз, Ўзини таниб–билишингиз учун Муқаддас Руҳ орқали сизга донолик ва ақл–идрок ато қилсин.

[18] Худо сизларнинг қалбингизни нурга тўлдирсин, токи Худо сизларни даъват қилиб, сизларга қандай умид берганлигини, Худонинг халқи У учун нақадар бой мулк эканлигини тушуниб олинглар.

[19] Худонинг биз — имонлиларга кўрсатган тенги йўқ қудрати нақадар буюклигини ҳам билиб олинг. Мана шу буюк қудрати билан

[20] Худо Масиҳни ўликдан тирилтирди ва самода Уни Ўзининг ўнг томонига ўтирғизди.

[21] Исони Худо у дунёю бу дунёдаги ҳар бир ҳокимият ва ҳукмронлик, ҳар қандай куч ва салтанат, ҳар бир мавжудотдан устун қилди.

[22] Бутун борлиқни Исонинг оёқлари остига тобе қилди. Уни бутун борлиқдан юқори қўйиб, имонлилар жамоатига бош қилди.

[23] Имонлилар жамоати Масиҳнинг танасидир. Борлиқни ҳар жиҳатдан бутун қиладиган Масиҳ жамоатни баркамол қилади.

Павлуснинг Эфесликларга мактуби — Chapters