Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:18

[1] Худонинг севикли фарзандлари экансиз, энди Худодан ўрнак олинглар.

[2] Масиҳ бизни яхши кўриб, биз учун Ўзини фидо қилди ва шу йўсин Худога маъқул келадиган қурбонлик бўлди. Сизлар ҳам Исо Масиҳга ўхшаб, худди шундай меҳр–муҳаббат билан яшанглар.

[3] Сизларнинг орангизда фаҳш, зинокорлик, ифлослик ёки хасислигу очкўзлик ҳатто тилга ҳам олинмасин. Булар Худонинг азизларига муносиб эмас.

[4] Шунингдек, орангизда беадаблик, ножўя сўзлару қўпол ҳазиллар ҳам бўлмасин, чунки бундай қилиқлар сизларга тўғри келмайди. Яхшиси, Худога шукур қилинглар.

[5] Шуни билиб қўйингларки, ҳеч бир фаҳшбоз, ифлос ёки хасису очкўз инсон Масиҳнинг ва Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди, чунки айтиб ўтилганларнинг ҳаммаси бутпарастлик билан тенгдир.

[6] Ўшандай гуноҳларни қилишга баҳона излаганлар сизларни қуруқ гаплар билан алдамасин, чунки Худонинг қаҳр–ғазаби Унга итоатсиз бандаларнинг бошига тушади.

[7] Шунинг учун уларга шерик бўлманглар.

[8] Бир вақтлар сизлар зулматга тўла эдингиз, энди эса Раббимиз Исога тегишли бўлганингиз учун нурга тўлдингиз. Шундай экан, нурга тўла инсонлар каби яшанглар.

[9] Ахир, ҳар қандай эзгулик, солиҳлик ва ҳақиқат нурнинг самарасидир.

[10] Раббимизга нима мақбул эканлигини билишга тиришинглар.

[11] Зулматнинг бесамара ишларида иштирок этманглар, аксинча, уларни фош этинглар.

[12] Махфий равишда қилинадиган ўша ишлар ҳақида гапириш ҳам уятдир.

[13] Аммо нур порлаганда ҳамма нарса фош бўлиб, очиқ–ошкор кўринади. Ахир, нур ҳамма нарсани очиқ–ойдин намоён қилади–ку!

[14] Мана шу сабабдан шундай деймиз: “Эй ухлаётган, тур! Ўликдан тирил! Масиҳ сенга нур сочар.”

[15] Шундай қилиб, қай тарзда яшаётганингизга диққат қилинглар. Нодонлар каби эмас, балки донолардай ҳаёт кечиринглар.

[16] Фурсатни ғанимат билинглар, чунки биз яшаётган бу кунлар ёмонликка тўла.

[17] Шунинг учун беақл бўлманглар, балки Раббимиз Исонинг иродаси нима эканлигини англашга ҳаракат қилинглар.

[18] Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб–тошинглар.

[19] Бирга йиғилганингизда санолар, руҳий мадҳиялару қўшиқлар куйланглар. Мусиқа асбобларию хонишларингиз билан чин юракдан Раббимизга ҳамдлар айтинглар.

[20] Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Отамиз Худога шукур қилинглар.

[21] Исо Масиҳни иззат–ҳурмат қилганингиз учун бир–бирингизга бўйсунинглар.

[22] Эй хотинлар, сиз Раббимиз Исога қандай бўйсунсангиз, эрларингизга ҳам шундай бўйсунинг.

[23] Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эр ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз танаси бўлган жамоатнинг Нажоткоридир.

[24] Жамоат Масиҳга қандай тобе бўлса, хотинлар ҳам ҳар жиҳатдан ўз эрларига шундай тобе бўлишлари керак.

[25] Эй эрлар, Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай, сизлар ҳам хотинларингизни шундай яхши кўринглар.

[26] Масиҳ жамоатни сув ва Худонинг каломи орқали поклаб, муқаддас қилиш ниятида Ўзини фидо қилди.

[27] Жамоатни Ўз ҳузурига келтирганда, жамоат ҳар қандай ғубор, ажин ва доғдан холи бўлиб, улуғвор, муқаддас ва бенуқсон бўлиши учун Масиҳ Ўз жонини аямади.

[28] Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган эркак ўзини севган бўлади.

[29] Ҳеч ким ҳеч қачон ўз танасини ёмон кўрмайди. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз жамоатини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади.

[30] Биз Масиҳ танасининг аъзоларимиз.

[31] Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”

[32] Бу буюк сирдир, энди бу сир Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир.

[33] Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин.

Павлуснинг Эфесликларга мактуби — Chapters