Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:37

[1] Раббимиз Исо ҳақи маҳбус бўлган мен — Павлус сизлардан ўтиниб сўрайман: Худо сизларни Ўзига даъват қилганини ёддан чиқармай, шу даъватга муносиб тарзда яшанглар.

[2] Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр–муҳаббат билан бир–бирингизга нисбатан сабр–тоқатли бўлинглар.

[3] Ўзаро тинч–тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар.

[4] Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз, қалбимиздаги Муқаддас Руҳ ҳам бирдир. Шунингдек, Худо бизни даъват қилиб, ҳаммамизга берган умид ҳам бирдир.

[5] Раббимиз бир, имонимиз ҳам бирдир, бир мақсадда сувга чўмдирилганмиз.

[6] Барчамизнинг Отамиз Худо бирдир. У ҳаммамиздан устун бўлиб, ҳаммамиз орқали Ўз иродасини бажо қилади. У ҳаммамизнинг орамиздадир.

[7] Масиҳ Ўз иноятига кўра, ҳар биримизга турли хил инъомлар берган.

[8] Мана, Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган: “Юксакларга чиқди У, Асирларни ортидан эргаштирди. Инсонларга ҳадялар берди.”

[9] У юксакларга чиқди деган сўзлар нимани билдиради? У олдин пастга — ер юзига тушгандан бошқа нимани билдириши мумкин?!

[10] Пастга тушган Зот, коинотни ҳар жиҳатдан бутун қилай деб, фалак тоқидан ҳам юқорироққа чиқди.

[11] Масиҳ баъзиларни ҳаворий, баъзиларни эса пайғамбар, баъзиларни Хушхабар воизи, яна бошқаларни жамоатларнинг чўпонларию устозлари қилиб тайинлади,

[12] токи улар Худонинг азиз халқини хизмат қилишга тайёрласинлар. Шунда Масиҳнинг танаси, яъни жамоат имонда мустаҳкам туради.

[13] Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худонинг Ўғли Масиҳни таниб–биладиган, Унинг камолига эришган етук одамлар бўламиз.

[14] Шунда биз норасида гўдакларга ўхшамаймиз, шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлмаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз.

[15] Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик.

[16] Унинг бошчилигида бутун бадан паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарар экан, бутун бадан ўсиб боради ва меҳр–муҳаббат туфайли бақувват бўлади.

[17] Шундай экан, Раббимиз Исонинг номидан қатъий тайинлаб, сизларга айтаман: энди худосиз одамлардай яшаманглар, улар сингари беҳуда ўй–хаёлларга берилманглар.

[18] Уларнинг онгларини зулмат қоплаган, улар Худо берадиган янги ҳаётга бегонадирлар, чунки улар бағри тош бўлиб, жаҳолатда қолганлар.

[19] Улар ҳар қандай ор–номус туйғусини йўқотиб, фисқу фужурга берилганлар, ҳар хил ифлос ишларни иштиёқ билан қиладилар.

[20] Аммо сизлар Масиҳдан бундай ишларни ўрганмагансиз.

[21] Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, Унинг таълимотини олгансизлар, чунки ҳақиқат Масиҳда жамдир.

[22] Олдинги яшаш тарзингизга тобе бўлманг, эски ўзлигингиздан воз кечинг, чунки у алдовчи эҳтирослар туфайли бузилиб кетган.

[23] Янгичасига фикр–зикр қиладиган бўлинглар.

[24] Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар.

[25] Энди ёлғон гапиришни бас қилиб, ҳар бирингиз ўз яқинингизга ҳақиқатни айтинглар, ахир, ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз–ку.

[26] Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар.

[27] Иблисга фурсат берманглар.

[28] Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин. Шунда муҳтожларга ҳам топган–тутганидан ёрдам бера олади.

[29] Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра, керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.

[30] Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб, бутунлай озод бўлишингизнинг далилидир.

[31] Ҳар қандай гина–кудурат, қаҳру ғазаб, жанжалкашлик, ғийбатчиликни ҳамда бошқа ҳар хил ёмонликларни ўзингиздан соқит қилинглар.

[32] Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечиргандай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар.

Павлуснинг Эфесликларга мактуби — Chapters