Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:16

[1] Эй фарзандлар, Раббимиз Исога тегишли бўлганингиз учун ота–онангизга итоат қилинглар, чунки шундай қилиш тўғридир.

[2] Ахир, Худо шундай амр қилган: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Ўшанда ер юзида умрингиз узоқ бўлиб, бахтиёр яшайсиз.” Ваъда қўшиб берилган биринчи амр ўша амрдир.

[4] Эй оталар, фарзандларингизнинг ғашига тегманг. Уларни Раббимизнинг таълим–тарбияси билан ўстиринг.

[5] Эй қуллар, Масиҳга чуқур иззат–эҳтиром билан, чин юракдан итоат қилганингиз каби, хўжайинларингизга ҳам шундай итоат қилинглар.

[6] Фақатгина инсонларни мамнун қилиб, хўжа кўрсинга хизмат қиладиган одамларга ўхшамасдан, Масиҳнинг қуллари каби, чин кўнгилдан Худонинг иродасини бажаринглар.

[7] Инсонларга эмас, балки Раббимиз Исога хизмат қилаётгандек, бажону дил хизмат қилинглар.

[8] Эсингизда тутинг: хоҳ қул, хоҳ эркин бўлсин, ҳар бир киши қилган яхшилигига яраша мукофотни Раббимиздан олади.

[9] Эй хўжайинлар, сизлар ҳам қулларингизга яхши муомалада бўлинглар. Уларга дўқ–пўписа қилишни бас қилинглар, чунки биласизлар–ку, уларнинг ҳам, сизларнинг ҳам Хўжайинингиз самода, У тарафкашлик қилмайди.

[10] Ва ниҳоят, Раббимиз Исо сизнинг қудрат манбаингиз бўлсин, Унинг буюк қудрати сизларни бақувват қилсин.

[11] Иблиснинг ҳийлаларига қарши тура олишингиз учун Худо берган барча қурол–аслаҳалар билан қуролланинг.

[12] Ахир, бизнинг курашимиз инсонларга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, руҳий ҳокимият ва ҳукмронликка ҳамда бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир.

[13] Шу сабабдан, Худонинг қурол–аслаҳалари билан қуролланинг, деб айтяпман. Шунда ёвузликка тўла кунларда маҳкам тура оласиз, қуролланиб тайёр турган бўласиз.

[14] Ҳушёр туринглар! Белингизга ҳақиқат камарини тақинглар, кўксингизга солиҳлик совутини кийинглар,

[15] тинчлик Хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар.

[16] Буларга қўшиб, имон қалқонини қўлга олинглар. Шу қалқон билан ёвуз шайтоннинг ҳамма алангали ўқларини кучдан қолдирасизлар.

[17] Шунингдек, бошингизга нажот дубулғасини кийинглар, Руҳ берадиган, Худонинг каломи бўлган қилични кўтаринглар.

[18] Ҳар қандай шароитда Муқаддас Руҳга таяниб дуо–ибодат қилинглар. Ибодатда ҳушёр ва саботли бўлиб, Худонинг барча азизлари учун илтижо қилинглар.

[19] Мен учун ҳам ибодат қилинглар. Мен оғзимни очганимда, зарур бўлган сўз менга берилсин, токи қўрқмасдан Хушхабар сирини баён эта олайин.

[20] Шу Хушхабарнинг элчиси бўлганим учун ҳибсдаман. Элчига лойиқ равишда мен Хушхабарни жасурлик билан эълон қилишим учун ибодат қилинглар.

[21] Тихикус сизларга менинг ҳол–аҳволимни, нималар қилаётганимни айтиб беради. У суюкли биродаримиз, Раббимиз Исонинг содиқ хизматкоридир.

[22] Мана шу мақсадда, бизнинг аҳволимизни сизларга билдирсин, сизларга далда берсин деб, уни сизларнинг олдингизга юборяпман.

[23] Биродарларим, Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга тинчлик, меҳр–муҳаббат ва имон ато қилсин.

[24] Раббимиз Исо Масиҳни яхши кўрганларнинг ҳаммасига то абад Худонинг инояти ёр бўлсин.

Павлуснинг Эфесликларга мактуби — Chapters