Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:47

[1] Эй биродарлар, дейлик, орангиздан бирортаси гуноҳ қилиб қўйганини билиб қолдингиз. Сизлар — Руҳнинг етакчилигида ҳаёт кечираётганлар уни мулойимлик билан тўғри йўлга солинглар. Ўзингизга эҳтиёт бўлинглар, тағин ўзингиз ҳам васвасага йўлиқиб қолманглар.

[2] Бошингизга ғам–ташвиш тушганда, бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар. Шундай қилсангизлар, Масиҳнинг амрларини бажарган бўласизлар.

[3] Ахир, бирор киши, гарчи ўзи ҳеч ким бўлмаса–ю, ўзини муҳим деб ҳисобласа, ўзини ўзи алдаган бўлади.

[4] Ҳар ким ўз ишини текшириб кўрсин. Шунда у фақат ўзидан фахрланса бўлади, ўзини бошқалар билан солиштиришга ҳожат бўлмайди.

[5] Зотан, ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим.

[6] Каломдан таълим олувчи эса бор–йўғини устози билан баҳам кўриши керак.

[7] Ўзларингизни алдаманглар! Худони лақиллатиб бўлмайди. Инсон нима экса, шуни ўриб олади.

[8] Худбин истакларини қондириш учун уруғ экканлар ўша худбин истаклари туфайли ҳалокатни ўриб оладилар. Руҳни мамнун қилиш учун уруғ экканлар эса Руҳдан абадий ҳаёт ўриб оладилар.

[9] Шундай экан, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Агар ҳолдан тойиб қолмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз.

[10] Демак, ҳали фурсат бор экан, ҳаммага, айниқса, Масиҳ хонадонига тегишли бўлганларга яхшилик қилаверайлик.

[11] Мана қаранглар, энди сизларга ўз қўлим билан, қандай йирик ҳарфлар билан ёзяпман!

[12] Сизларни суннат бўлишга мажбур қилаётганлар сиртдан яхши таассурот қолдирмоқчи бўляптилар. Масиҳнинг хочи учун қувғинга дучор бўлмайлик, дея шундай қиляптилар.

[13] Ҳолбуки, суннатни татбиқ қилаётганларнинг ўзлари ҳам қонунга риоя этмайдилар. Улар фақатгина сизларнинг суннат қилинганингиз билан мақтанишни истайдилар.

[14] Мен эса Раббимиз Исо Масиҳнинг хочидан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. Ўша хоч туфайли бу дунё мен учун ўлган, мен эса бу дунё учун ўлганман.

[15] Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Муҳими — янгидан яратилишдир.

[16] Бу қоидага кўра, яшаётганларнинг ҳаммасига, яъни Худонинг ҳақиқий халқига тинчлик ва марҳамат ёр бўлсин!

[17] Энди ҳеч ким менга азият келтирмасин. Ахир, танамдаги чандиқлар Исога тегишли эканлигимни кўрсатадиган тамғалар–ку!

[18] Эй биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин. Омин.

Павлуснинг Галатияликларга мактуби — Chapters