[1] Орадан бир оз вақт ўтгач, Мўабликлар билан Оммонликлар ҳамда Мавун халқининг бир қисми Ёҳушафатга қарши уришгани отландилар.
[2] Хабарчилар келиб, Ёҳушафатга: “Сон–саноқсиз лашкар Эдомдан — Ўлик денгизнинг нариги қирғоғидан сизга қарши келмоқда. Улар Хазазон–Тамарни қўлга киритиб бўлишган”, деб айтдилар. (Хазазон–Тамарнинг бошқа номи Эн–Геди эди.)
[3] Ёҳушафат қўрқиб кетди. У Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билмоқчи бўлиб, бутун Яҳудо бўйлаб рўза эълон қилди.
[4] Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан халқ Қуддусга йиғилиб, Эгамиздан мадад тилади.
[5] Ёҳушафат Яҳудо ва Қуддус жамоаси қаршисида — Эгамизнинг уйи олдидаги янги ҳовлида туриб,
[6] илтижо қилди: “Эй ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамиз! Самодаги ягона Худо Сенсан. Сен ер юзидаги барча халқларга ҳукмронлик қиласан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Ким Сенга бас кела олади?!
[7] Эй Худойимиз! Халқинг Исроил бу юртга келганда, Сен уларнинг олдидан маҳаллий халқни ҳайдаб юбординг, бу юртни дўстинг Иброҳимнинг наслига то абад бердинг.
[8] Ота–боболаримиз бу ерда яшаб, Сенга атаб бир Маъбад барпо қилдилар. Улар шундай деган эдилар:
[9] «Бошимизга уруш, ўлат ва очарчилик каби кулфатлар тушганда, биз шу уйинг олдига — Сенинг ҳузурингга келамиз. Зеро, Сен шу ердасан. Кулфат ичра Сенга ёлворамиз, шунда Сен илтижоларимизни эшитиб, бизга нажот берасан.»
[10] Мана қара, Оммон, Мўаб ва Эдом юртининг халқлари бизга ҳужум қиляптилар. Бизнинг ота–боболаримиз Мисрдан чиққанларида, Сен уларга бу юртларга киришга ижозат бермаган эдинг. Улар ўша юртларни айланиб ўтиб кетган ва у халқларни қириб юбормаган эдилар.
[11] Энди эса бу халқларнинг бизга қайтарган мукофотини кўриб қўй! Сен бизга мулк қилиб берган юртдан улар бизни ҳайдаб юбормоқчилар.
[12] Эй Худойимиз! Сен Ўзинг уларни жазола, чунки бизга ҳужум қилган бу улкан лашкарга биз қаршилик қилишга ожизмиз. Нима қилишни биз билмаймиз, Сендан келадиган ёрдамга кўз тутиб турибмиз.”
[13] Шу пайтда жамики Яҳудо эркаклари хотин, бола–чақалари билан Эгамизнинг олдида — Маъбадда турган эдилар.
[14] Шу он Эгамизнинг Руҳи жамоа орасида турган леви Закариё ўғли Яхазиёлни қамраб олди. Яхазиёл Осиф уруғидан бўлиб, Бинаёнинг невараси, Явиёлнинг эвараси ва Маттаниёнинг чевараси эди.
[15] Яхазиёл деди: — Эшитинглар, эй Ёҳушафат ҳазратлари, бутун Яҳудо ва Қуддус аҳли! Эгамиз сизларга шундай демоқда: бу сон–саноқсиз лашкардан қўрқманглар, ваҳимага тушманглар! Бу жанг сизники эмас, Худоникидир.
[16] Эртага уларга ҳужум қилинглар. Улар Зиз довонидан ошиб келадилар. Сизлар уларни Ярубол адирларининг этагидаги сойлик бошида топасизлар.
[17] Бу урушда сизлар жанг қилмайсизлар. Сизлар жойингизни эгаллаб, кутинглар. Эгамиз сизларни ғалабага эриштирганини кўрасизлар. Эй Яҳудо ва Қуддус аҳли! Қўрқманглар, ваҳимага тушманглар. Эртага уларга ҳужум қилинглар, Эгамиз сизлар билан бирга бўлади.
[18] Шундан кейин Ёҳушафат ер ўпиб таъзим қилди. Бутун Яҳудо ва Қуддус аҳли ҳам таъзим қилиб, Эгамизга сажда қилди.
[19] Қоҳот ва Кўрах наслларидан бўлган левилар тик туриб, Исроил халқининг Худоси — Эгамизга баланд овоз билан ҳамду сано ўқидилар.
[20] Яҳудо лашкари тонг саҳарда туриб, Тахува адирларига йўл олди. Улар йўлга чиққанларида, Ёҳушафат туриб деди: — Эшитинг, эй Яҳудо ва Қуддус аҳли! Эгангиз Худога ишонинг, шунда бехатар бўласиз! Эгамизнинг пайғамбарлари айтган гапларига ишонинг, шунда муваффақиятга эришасиз!
[21] Ёҳушафат халқ билан маслаҳатлашиб бўлгандан кейин, Эгамизни тараннум этадиган, муқаддаслигининг гўзаллигига ҳамду сано ўқийдиган қўшиқчиларни тайинлади. Улар лашкар олдида: “Эгамизга шукроналар айтинг, Унинг содиқ севгиси абадийдир”, деб қўшиқ айтишлари керак эди.
[22] Улар қўшиқ ва ҳамду сано айтишни бошлашлари биланоқ, Яҳудога қарши келган Оммон, Мўаб ва Эдом халқларига Эгамиз ғойибдан ҳужум қилди, уларни тор–мор этди.
[23] Оммон ва Мўаб халқлари Эдом халқига ҳужум қилиб, уларни битта қолдирмай қириб ташлашди. Уларни йўқ қилганларидан кейин эса бир–бирларини қиришди.
[24] Яҳудо халқи адирларнинг бутун манзарасини кўрса бўладиган баландликка етиб келганларида, ғанимлар томонга қараб, фақат ерда чўзилиб ётган мурдаларни кўрдилар. Биронтаси ҳам қочиб қутулмаган эди.
[25] Ёҳушафат ўлжа олиш учун лашкарини бошлаб борганда, улар кўп миқдорда юк ҳайвонларини, мол–ҳолни, кийим–кечакларни ва қимматбаҳо буюмларни топдилар. Кўтара олгунларича нарса олиб кетдилар. Ўлжанинг кўплигидан, улар уч кун нарса ташидилар.
[26] Тўртинчи куни улар Барака водийсида йиғилишиб, Эгамизга ҳамду сано айтдилар. Шу сабабдан бу водийнинг номи бугунги кунда ҳам Барака водийси деб юритилади.
[27] Кейин бутун Яҳудо ва Қуддус халқи Ёҳушафат бошчилигида хурсандчилик билан Қуддусга қайтдилар, чунки Эгамиз уларга душманлари устидан тантана қилишга имкон берган эди.
[28] Улар арфа, лира ва карнай чалиб, Қуддусга — Эгамизнинг уйига келдилар.
[29] Эгамиз халқи Исроилнинг душманларини мағлуб қилганини эшитган барча халқлар Худодан қўрқиб қолишди.
[30] Ёҳушафатнинг шоҳлиги тинчликдан баҳра топди, Худо уларга ҳар тарафдан осойишталик ато қилди.
[31] Шундай қилиб, Ёҳушафат Яҳудода ҳукмронлик қилди. У тахтга ўтирган пайтда ўттиз беш ёшда бўлиб, Қуддусда йигирма беш йил шоҳлик қилди. Онаси Озиба Шилхининг қизи эди.
[32] Ёҳушафат отаси Осонинг йўлидан юрди, йўлдан озмай, Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди.
[33] Аммо саждагоҳларни йўқ қилиб ташламади. Халқ ҳануз ота–боболарининг Худосига чин юракдан боғланмаган эди.
[34] Ёҳушафатнинг бошқа ишлари бошдан охиригача Хонин ўғли Ёҳунинг қўлёзмаларида баён этилган бўлиб, “Исроил шоҳлари китоби” таркибига киритилган.
[35] Кейинчалик Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Исроил шоҳи Охозиё билан иттифоқ тузди. Охозиё кўп қабиҳ ишлар қилган эди.
[36] Улар биргаликда Эзйўн–Геберда денгиз савдо кемаларини ясадилар.
[37] Шунда Моришолик Дўдаваҳу ўғли Элиазар Ёҳушафатга қарши башорат қилиб: “Сен Охозиё билан иттифоқ тузганинг учун, Эгамиз бу кемаларингни бузиб ташлайди”, деб огоҳлантирди. Кемалар парчаланиб, улар денгизга чиқишга муваффақ бўла олмадилар.