Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:13

[1] Рахабом Қуддусга келиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан 180.000 одамни сипоҳликка танлаб олди. “Шоҳликни қайтариб оламан” деган мақсадда уларни Исроил халқига қарши жанг қилиш учун тайёрлади.

[2] Лекин ўшанда Шамаё пайғамбарга Эгамизнинг қуйидаги сўзлари аён бўлди:

[3] — Яҳудо шоҳи Сулаймон ўғли Рахабомга ҳамда Яҳудо ва Бенямин ҳудудларида истиқомат қилаётган бутун Исроил халқига шу гапларни етказ:

[4] “Эгамиз шундай деб айтмоқда: қариндошларингизга қарши уруш бошламанглар! Ҳар ким ўз уйига қайтсин! Чунки бу ишлар ҳаммаси Мендан бўлди.” Улар Эгамизнинг амрига итоат этиб, Ерибомга қарши уруш қилмадилар.

[5] Рахабом Қуддусда яшади, у мудофаа учун Яҳудодаги қуйидаги шаҳарларни мустаҳкамлади:

[6] Байтлаҳм, Этом, Тахува,

[7] Байт–Зур, Сўху, Адуллам,

[8] Гат, Моришо, Зиф,

[9] Одорайим, Лахиш, Озикаҳ,

[10] Зорох, Ойжавлон ва Хеврон. Бу шаҳарлар Яҳудо ва Бенямин ҳудудларидаги мустаҳкам шаҳарлар бўлди.

[11] Рахабом қалъаларни мустаҳкамлади. У ерга қўмондонлар тайин қилиб, озиқ–овқат, зайтун мойи ва шароб ғамлади.

[12] Ҳар бир шаҳарни қалқон ва найзалар билан таъминлаб, мудофаани ғоят кучайтирди. Шу тариқа у Яҳудо ва Бенямин қабилаларини қўли остида сақлади.

[13] Исроилнинг барча ҳудудларидаги руҳонийлар ва левилар Рахабомнинг тарафдорлари эдилар.

[14] Левилар ҳатто ўз яйловларини ва мулкларини ташлаб, Яҳудо ва Қуддусга келган эдилар. Чунки Исроил шоҳи Ерибом ва унинг ўғиллари левиларга Эгамизнинг руҳонийлари сифатида хизмат қилишга йўл қўймаган эдилар.

[15] Ерибом саждагоҳларда хизмат қилиш учун ўз руҳонийларини тайинлади. Улар Ерибом ясаттирган олтин бузоқларга ва эчки жинларга топинар эдилар.

[16] Исроилнинг ҳамма қабилаларидан Эгамизга чин юракдан интилганлар эса левилар ва руҳонийларга эргашиб, Қуддусга келдилар. Улар Қуддусда ота–боболарининг Худоси — Эгамизга қурбонлик қилишарди.

[17] Бунинг натижасида Яҳудо шоҳлиги мустаҳкам бўлди. Улар Довуд билан Сулаймонга қандай хизмат қилган бўлсалар, Рахабомга ҳам уч йил давомида садоқат билан хизмат қилдилар.

[18] Рахабом Довуд ўғли Яримўтнинг қизи Махалатга уйланди. Махалатнинг онаси Абуҳайил, Эссай ўғли Элиёбнинг қизи эди.

[19] Махалат Рахабомга Ёуш, Шамариё ва Заҳам деган ўғиллар туғиб берди.

[20] Кейинчалик Рахабом Абсаломнинг қизи Махони ўзига хотин қилиб олди. Махо унга Абиё, Аттай, Зизо ва Шалумит деган ўғиллар туғиб берди.

[21] Рахабом бошқа хотинлари ва канизакларига қараганда, Абсаломнинг қизи Махони яхши кўрарди. Рахабомнинг ўн саккизта хотини ва олтмишта канизаги бўлиб, у йигирма саккиз ўғил ва олтмиш қиз кўрди.

[22] Рахабом хотини Махо туққан ўғли Абиёни тахт вориси қилиш ниятида, ҳамма ака–укалари орасида бош шаҳзода қилиб тайинлади.

[23] Рахабом доноларча иш тутиб, қолган ўғилларига масъулиятни тақсимлаб берди, уларни Яҳудо ва Бенямин ҳудудидаги мустаҳкам шаҳарларга ўрнаштирди. Уларга ҳамма нарсани мўл қилиб етказди, уларни кўп хотинларга уйлантирди.

Солномалар (иккинчи китоб) — Chapters