[1] Ёҳушафат ниҳоятда бой бўлиб, обрўси ошиб кетди. У ўғлига Исроил шоҳи Ахабнинг қизини олиб бериб, Ахаб билан алоқасини мустаҳкамлади.
[2] Орадан бир неча йил ўтгач, Ёҳушафат Ахабни кўргани Самария шаҳрига борди. Ахаб Ёҳушафат ва унинг ҳамроҳлари шарафига кўплаб мол–қўй сўйди. У Ёҳушафатни Гиладдаги Рамўт шаҳрига ҳужум қилишга кўндирмоқчи бўлиб:
[3] — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради. — Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб бил. Биз сен билан бирга урушга борамиз, — деди унга Яҳудо шоҳи Ёҳушафат.
[4] Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди: — Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан.
[5] Исроил шоҳи тўрт юз пайғамбарни тўплаб улардан сўради: — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми? — Бораверсинлар, Худо у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради.
[6] — Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат.
[7] — Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, ҳар доим хунук гап айтади. — Эй шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат.
[8] Исроил шоҳи мулозимини чақириб: — Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди.
[9] Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнида ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди.
[10] Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди: — Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, уларни шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда.
[11] Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга: — Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар.
[12] Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига бориб, унга деди: — Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил.
[13] — Худо ҳақи! Худойим менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё.
[14] Михиё шоҳ ҳузурига келди. — Эй Михиё, мен Гиладдаги Рамўт шаҳрини қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Рамўтга ҳужум қилайми ёки йўқми? — деб сўради шоҳ ундан. — Ҳужум қилаверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Ўша шаҳар шоҳ ҳазратларининг қўлига берилади.
[15] — Фақат ҳақиқатни айтишинг учун Эгамиз номини ўртага қўйиб, сенга неча марта онт ичдирайин? — деб шоҳ ундан яна сўради.
[16] Михиё унга шундай жавоб берди: — Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди. Эгамиз менга деди: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин.”
[17] — У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга.
[18] — Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган эди.
[19] Эгамиз улардан сўради: “Исроил шоҳи Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин дея, ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди.
[20] Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди. “Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз.
[21] “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз.
[22] Мана кўрдингизми, Эгамиз пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришга қарор қилган.
[23] Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди: — Наҳотки Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё.
[24] — Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга.
[25] — Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шаҳзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар.
[26] Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос.
[27] — Эй халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё.
[28] Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди.
[29] — Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга. Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди.
[30] Орам шоҳи жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди.
[31] Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Ёҳушафат лашкарини жангга даъват қилиб бақирганда, Эгамиз унга ёрдам бериб, ҳужумни қайтарди.
[32] Араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар.
[33] Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди. — Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкар орасидан мени олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига.
[34] Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ Ахаб эса араваси устида суяниб, Орам лашкарини кузатиб турди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди.