Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:25

[1] Ёҳушафат отаси Осо ўрнига шоҳ бўлди, у Исроилдан ўзини ҳимоя қилиш учун мудофаани кучайтирди.

[2] У Яҳудодаги ҳамма мустаҳкам шаҳарларга ҳарбий қисмларни жойлаштирди. Яҳудо ерларида ҳамда отаси Осо қўлга киритган Эфрайим шаҳарларида кўплаб қўнолғалар ўрнаштирди.

[3] Ёҳушафат отаси Осодан ўрнак олиб, унинг илк ҳукмронлиги йилларига тақлид қилгани учун Эгамиз у билан бирга бўлди. Ёҳушафат Баалга сиғинмай,

[4] отасининг Худосига интилди, Исроил шоҳлари йўлларидан юрмасдан, Худонинг амрларига итоат этди.

[5] Шунинг учун Эгамиз унинг ҳокимиятини мустаҳкам қилди. Бутун Яҳудо халқи Ёҳушафатга ўлпон тўларди, у катта бойлик ва шуҳрат топди.

[6] Эгамизга итоат қилишдан у завқ олар эди. Шу боис, у Яҳудодаги саждагоҳларни йўқотди, Ашерага аталган устунларни чопиб ташлади.

[7] Ҳукмронлигининг учинчи йилида халққа таълим бериш учун ўз аъёнлари Банхайилни, Ободиёни, Закариёни, Натанилни ва Михиёни Яҳудо шаҳарларига жўнатди.

[8] Левилардан Шамаё, Натаниё, Забадиё, Осойил, Шамиромўт, Йўнатан, Одониё, Тўвиёху ва Тўдониё ҳамда руҳонийлар Элишама ва Ёҳурам уларга ҳамроҳ бўлдилар.

[9] Улар Эгамизнинг Таврот китобини олиб, Яҳудонинг ҳамма шаҳарларига боришди ва халққа таълим беришди.

[10] Яҳудо атрофларидаги халқларга Эгамиз қўрқув солди, шунинг учун ўша халқлар Ёҳушафатга қарши уруш қилмадилар.

[11] Баъзи Филистлар Ёҳушафатга катта миқдорда кумушни ўлпон қилиб олиб келдилар. Араблар ҳам 7700 та қўчқор ва 7700 та така олиб келдилар.

[12] Ёҳушафат тобора кучайиб бораверди. У Яҳудода қалъалар ва омбор шаҳарлар қурдирди.

[13] У ерга кўп миқдорда озиқ–овқат тўплади. Қуддусга тажрибали баҳодир жангчиларни жойлаштирди.

[14] Бу жангчилар хонадонлари бўйича сафарбар қилинган эдилар: Яҳудо қабиласининг сипоҳларига лашкарбоши Аднаҳ эди. Унинг қўли остида 300.000 нафар баҳодир жангчи бўлиб, улар 1000 нафар жангчидан ташкил топган бўлинмаларга бўлинган эдилар.

[15] Иккинчи лашкарбоши Ёҳуханон эди, унинг қўли остида 280.000 нафар сипоҳи бор эди.

[16] Учинчи лашкарбоши Зихри ўғли Амасиё эди, унинг қўли остида 200.000 нафар сипоҳи бор эди. Амасиё ўз хоҳиши билан Эгамизга хизмат қилаётган эди.

[17] Бенямин қабиласининг сипоҳларига лашкарбоши Элёдах эди. У баҳодир жангчи бўлиб, қўли остида ёй ва қалқон билан қуролланган 200.000 нафар сипоҳи бор эди.

[18] Элёдахнинг ўнг қўл ёрдамчиси Ёҳузабад эди, унинг қўли остида қуролланган 180.000 нафар сипоҳи бор эди.

[19] Бу жангчилар шоҳга Қуддусда хизмат қилар эдилар. Булардан ташқари, шоҳ мустаҳкам шаҳарларга бошқа ҳарбий қисмларни жойлаштирган эди.

Солномалар (иккинчи китоб) — Chapters