[1] Мен озод эмасманми?! Мен ҳаворий эмасманми?! Раббимиз Исони кўрмаганманми?! Раббимиз йўлида қилган меҳнатимнинг маҳсули сизлар эмасми?!
[2] Агар бошқалар учун ҳаворий бўлмасам ҳам, ҳеч бўлмаса сизлар учун ҳаворийдирман. Ахир, сизлар Раббимизга тегишли бўлганингиз учун ҳаворийлигимнинг муҳрисизлар.
[3] Мени танқид қилаётганлар олдида қуйидагилар билан ўзимни оқлайман.
[4] Наҳотки Раббимиз йўлида қилган хизматимиз учун текин еб–ичишга ҳуқуқимиз бўлмаса?!
[5] Нима, бошқа ҳаворийлар каби, Раббимиз Исонинг укалари ва Бутрусга ўхшаб, имонли бир аёлга уйланиб, уни ёнимизда олиб юришга ҳақимиз йўқми?!
[6] Ёки фақатгина мен билан Барнабо кун кечириш учун ўз қўлимиз билан меҳнат қилишимиз керакми?!
[7] Ким ўз ҳисобидан аскарлик қилади?! Ким ток ўтқазиб, унинг мевасини емайди?! Ким пода боқиб, поданинг сутини ичмайди?!
[8] Буларни фақатгина инсоний нуқтаи назардан айтаётганим йўқ! Мусонинг қонуни ҳам худди шундай буюради–ку!
[9] Унда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг”, деб ёзилган–ку. Нима, Худо ҳўкизлар ҳақида қайғуряптими?!
[10] Йўқ, Худо буни бизнинг манфаатимиз учун айтган. Ҳа, булар биз учун ёзилган. Шудгор қилувчи ҳам, ғалла янчувчи ҳам ўз ҳақини олиш умиди билан ишлайди–ку.
[11] Биз руҳий жиҳатдан сизларга хизмат кўрсатсак–да, моддий ёрдамингизни бизга кўп кўрасизми?
[12] Бошқалар сизларнинг ёрдамингиздан баҳраманд бўлаётган экан, бизнинг ҳақимиз уларникидан ҳам кўпроқ эмасми?! Лекин биз бу ҳуқуқимиздан фойдаланмадик. Аксинча, Масиҳнинг Хушхабарига тўсиқ бўлмайлик деб, ҳар нарсага чидаб юрибмиз.
[13] Билмайсизларми, Маъбадда хизмат қилувчи руҳонийлар Маъбаддан овқат олиб ейдилар. Қурбонгоҳда хизмат қилувчилар келтириладиган қурбонликлардан улуш оладилар.
[14] Шунингдек, Раббимиз Исонинг Ўзи буюргани бўйича, Хушхабар ёйиш вазифасини бўйнига олганлар бу иши орқали кун кечира олишлари керак.
[15] Аммо мен бу ҳуқуқларимдан фойдаланмадим ва бундан фахрланаман. Бу хатни ўша ҳуқуқимдан фойдаланай, деб ҳам ёзаётганим йўқ. Менга фахрланиш ҳуқуқини бераётган сабабни йўқотишдан кўра, ўлганим яхшироқдир.
[16] Мен Хушхабарни айтар эканман, бу билан мақтанишга ҳақим йўқ, чунки бу зиммамдаги вазифамдир. Аммо Хушхабарни ёймасам, менинг ҳолимга вой!
[17] Мен буни ўз ташаббусим билан қилаётган бўлсам, мукофотга лойиқ бўлардим. Лекин мукофотга лойиқ эмасман, чунки бор–йўғи зиммамдаги вазифани бажаряпман, бу ишни қилишдан бошқа иложим йўқ.
[18] У ҳолда менинг мукофотим нима? Мукофотим шундаки, мен Хушхабарни ёйганимда, ҳеч кимдан бирон нарса сўрамайман. Шунинг учун Хушхабарни ёйиш менга баъзи бир ҳуқуқларни берса–да, улардан фойдаланмайман.
[19] Мен қул эмас, эркин инсон бўлсам–да, ҳаммага қулдай хизмат қилдим. Янада кўпроқ одам Исонинг шогирди бўлсин деб, шундай қилдим.
[20] Ўша мақсадимни кўзда тутиб, яҳудийлар учун яҳудийдай бўлдим, Мусонинг қонунига тобе бўлмасам–да, бу қонунга тобе бўлганлар орасида худди улардай яшадим.
[21] Мусонинг қонунини билмаганлар орасида бўлганимда, улар ҳам Исонинг шогирдлари бўлсин деб, худди шулардай яшадим. Тўғри, мен Худонинг қонунидан озод эмасман, Масиҳнинг амрларига тобеман.
[22] Заиф инсонлар ҳам Исони танисинлар деб, уларнинг орасида бўлганимда заиф инсондай бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қай йўл билан бўлса–да, қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим.
[23] Мен буларнинг ҳаммасини Хушхабарни ёйиш ниятида қиляпман, токи Хушхабар келтирадиган қут–баракалардан баҳраманд бўлай.
[24] Биласизлар–ку, мусобақада кўпгина югурувчилар қатнашади, аммо фақат бир киши ғолиб келиб, мукофот олади. Сизлар ҳам шундай югурингки, мукофотни қўлга киритинглар.
[25] Ахир, мусобақада қатнашадиган одам ўз нафсини тийиб, тартиб–интизом билан машқ қилади–ку! Улар сўлиб қоладиган гул тож олиш учун, биз эса боқий тож олиш учун ҳаракат қиламиз.
[26] Шунинг учун мен мақсадсиз югурмайман, курашганимда зарбаларим аниқ бўлади.
[27] Танамни чиниқтириб, уни ўз ихтиёримга бўйсундираман, токи бошқаларга Хушхабарни ваъз қилиб туриб, ўзим мукофотга нолойиқ бўлиб қолмайин.