[1] Эй биродарлар, сизларга руҳан етук инсонларга гапиргандай эмас, балки бу дунёга тегишли одамларга гапиргандай гапирдим. Яна сизларга эндигина Масиҳга ишонган, имонда гўдакдай бўлган инсонларга сўзлагандай сўзладим.
[2] Сизларга берган таълимотим милкка ботадиган егуликдай эмас, балки чақалоқларга керак бўлган сутдай эди, чунки сизлар кучлироқ таълимотга тайёр эмас эдингиз. Ҳозир ҳам тайёр эмассиз,
[3] чунки бу дунё ҳали ҳам сизларга ўз таъсирини кўрсатяпти. Орангизда ҳасадгўйлик ва жанжалкашлик бор экан, бу сизларнинг ҳали ҳам башарий табиатингиз таъсирида эканингизни, инсоний фикрлаб яшаётганингизни кўрсатмайдими?!
[4] Ахир, баъзиларингиз: “Мен Павлуснинг шогирдиман”, бошқаларингиз эса: “Мен Аполлоснинг шогирдиман”, десангиз, сизлар инсоний фикрлаб яшаётган бўлмайсизми?
[5] Ахир, Павлус ким? Аполлос ким? Улар Худонинг хизматкорларидир, улар орқали сизлар имонга келгансизлар. Ҳар биримиз Эгамиз берган вазифани бажарамиз.
[6] Мен уруғ экдим, Аполлос суғорди, лекин Худо парваришлаб, ўстирди.
[7] Ким эккани ёки суғоргани муҳим эмас, энг муҳими ўстирадиган Худодир.
[8] Экувчининг ҳам, суғорувчининг ҳам мақсади бир ва уларнинг ҳар бири ўз меҳнатига яраша мукофот олади.
[9] Биз Худонинг хизматидаги ҳамкорлармиз, сизлар эса Худонинг даласисизлар. Айни пайтда сизлар Худонинг иморати ҳамсизлар.
[10] Худонинг марҳамати билан мен моҳир бир меъмордай иморатнинг пойдеворини қўйдим. Энди эса бошқалар унинг устида қурилиш қиляптилар. Ҳар ким қандай қилиб қураётганига диққат қилсин.
[11] Зеро, ҳеч ким мавжуд бўлган пойдевордан бошқа пойдевор қўя олмайди. Бу пойдевор Исо Масиҳдир.
[12] Бу пойдевор устига кимдир олтиндан, кимдир кумуш ёки қимматбаҳо тошлардан, яна кимдир эса ёғочу хашак ёки похолдан иморат қурмоқда.
[13] Ҳар кимнинг иши қандай эканлиги қиёмат кунида аён бўлади. Ўша куни ҳамманинг иши оловда синалади.
[14] Кимнинг қилган иши оловга бардош берса, ўша киши мукофот олади.
[15] Кимнинг иши ёниб кетса, у мукофотдан маҳрум бўлади. Ҳолбуки, у Исо Масиҳга тегишли бўлгани учун нажот топади, лекин у оловдан қутулиб чиққан одамга ўхшайди.
[16] Наҳотки билмасангиз?! Сизлар Худонинг маъбадисизлар, Худонинг Руҳи орангизда маскан қилган.
[17] Кимки Худонинг маъбадини бузса, Худо уни ҳалок қилади. Зеро, Худонинг маъбади муқаддасдир, бу маъбад эса сизларсиз.
[18] Ҳеч ким ўзини ўзи алдамасин. Орангизда кимдир ўзини бу дунёда доно деб билса, ўзининг ақлсиз эканлигини тан олсин, шундагина у ҳақиқатан ҳам доно бўлади.
[19] Чунки бу дунёнинг донолиги Худонинг назарида ақлсизликдир. Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган–ку: “У доноларни ўзларининг айёрликлари орқали тутиб олади.”
[20] Яна шундай ёзилган: “Эгамиз доноларнинг ниятини англайди, Ниятларининг беҳудалигини У билади.”
[21] Шунинг учун орангизда ҳеч ким бошқа бир инсоннинг таълимотига риоя қилаётгани билан мақтанмасин. Ахир, ҳаммаси сизларга тегишли–ку:
[22] Павлус, Аполлос ва Бутрус, дунё ҳам, ҳаёт ва ўлим ҳам, ҳозир ва келажак ҳам — буларнинг ҳаммаси сизники.
[23] Сизлар эса Масиҳники, Масиҳ эса Худоникидир.