Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:24

[1] Энди Худойимизнинг Қуддусдаги азизларига моддий маблағ тўплаш масаласига келсак, сизлар ҳам Галатия ҳудудидаги жамоатларга берган йўл–йўриқларимга амал қилинглар.

[2] Ҳар якшанба куни ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин.

[3] Борганимдан кейин, эҳсонларингизни имонлиларга топширсин деб, ўзингиз муносиб кўрган кишиларни Қуддусга жўнатаман. Уларнинг ҳар бирини таништириб, мактуб ёзиб бераман.

[4] Агар боришга имкон бўлса, ўзим ҳам улар билан бирга бораман.

[5] Македониядан ўтиш ниятим бор. Шундан кейин сизларнинг олдингизга бораман.

[6] Сизлар билан бирмунча вақт бўламан, деб ўйлайман, балки ҳатто қишни ҳам сизлар билан ўтказарман. Ундан кейин қаерга бормоқчи бўлсам ҳам, сизларнинг ёрдамингиз билан сафаримни яна давом эттираман.

[7] Ахир, сизларни фақатгина йўл–йўлакай кўришни истамайман, Раббимиз Исо хоҳласа, сизлар билан кўпроқ вақт ўтказаман, деб умид қиламан.

[8] Лекин Ҳосил байрамига қадар Эфес шаҳрида қоламан.

[9] Чунки бу ерда менга қарши чиққанлар кўп бўлишига қарамай, таъсирчан фаолият кўрсатишим учун йўл очилди.

[10] Тимўтий олдингизга борганда унга ғамхўрлик қилинглар, у орангизда хотиржам юрсин, чунки у ҳам менга ўхшаб Раббимиз Исо хизмати билан машғул.

[11] Ҳеч ким унга паст назар билан қарамасин. Тимўтий менинг олдимга қайтиб келаётганда, уни эсон–омон кузатиб юборинглар. Унинг биродарлар билан бирга келишини кутиб турибман.

[12] Биродаримиз Аполлосга келсак, уни биродарларга қўшилиб сизларнинг олдингизга боришга кўп ундадим, лекин унинг ҳозир ҳеч боргиси йўқ. Имкони бўлса кейинроқ борар экан.

[13] Ҳушёр бўлинглар, имонда маҳкам туриб, жасоратли ва кучли бўлинглар.

[14] Ҳамма нарсани меҳр–муҳаббат билан қилинглар.

[15] Биродарлар, Стефанаснинг хонадонини биласизлар. Улар Ахая вилоятида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирган ва ўзларини Худонинг азиз халқига хизмат қилишга бағишлаганлар. Сизлардан бир илтимосим бор:

[16] бундай инсонларни ва улар билан бирга берилиб хизмат қилаётганларни ҳурмат қилиб, уларнинг айтганларини қилинглар.

[17] Стефанас, Фортунатус ва Ахайкуснинг келганидан хурсанд бўлдим, улар сизларнинг йўқлигингизни билдирмади.

[18] Улар сизларнинг руҳингизни кўтаргандек, менинг ҳам руҳимни кўтардилар. Бундай инсонларни қадрланглар.

[19] Асия вилоятидаги жамоатлар сизларга салом йўллаяптилар. Акил билан Прискилла ва уларнинг уйида йиғиладиган жамоат ҳам сизларга — Раббимиз Исонинг йўлидаги ҳамкорларига оташин салом айтяпти.

[20] Ҳамма биродарларимиз салом айтяптилар. Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар.

[21] Мен, Павлус, мана шу мактубнинг якунини ўз қўлим билан ёзяпман.

[22] Кимки Раббимиз Исони яхши кўрмаса, у лаънати бўлсин! Эй Раббимиз, келгин!

[23] Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

[24] Сизларни яхши кўраман, чунки ҳаммамиз Исо Масиҳга тегишлимиз.

Павлуснинг Коринфликларга биринчи мактуби — Chapters